Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Асарларда келишича, Мусо алайҳиссаломнинг даврларида Бани Исроилда қаҳатчилик ва қурғоқчилик юз берган экан. Шунда Мусо алайҳиссалом кишиларни тавба ва истиғфорга тарғиб қилдилар. Сўнг улар билан истисқо намози ўқигани чиқдилар. Намозга фақат тавба қилганлар чиқсин деб талаб қўйдилар.
Мусо алайҳиссалом улар билан намоз ўқидилар. Аммо ёмғир ёғмади. Бу ҳақда Аллоҳдан сўраганларида У зот ичларида гуноҳдан тавба қилмаган инсон борлигини айтди. Мусо алайҳиссалом ёмғирдан маҳрум бўлмаслик учун Бани Исроилдан ёмғир ёғмаслигига сабаб бўлган гуноҳкор кишининг ораларидан чиқиб кетишини сўрадилар. Ҳеч ким чиқмади. Аммо ёмғир ёға бошлади.
Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан осий киши ораларида бўлса ҳам, нега ёмғир ёғдиргани сабабини сўрадилар. Аллоҳ таоло ҳалиги гуноҳкор инсон тавба қилганини айтди. Мусо алайҳиссалом унинг исмини сўрадилар. Аллоҳ таоло: «Гуноҳ қилганида уни яширган эдим. Тавба қилганида ошкор қиламанми?» деди.
Саҳобалардан Моиз розияллоҳу анҳу зино қилиб қўйди. У қилган ишини дўсти Ҳузол Асламийга айтди. Ҳузол розияллоҳу анҳу насиҳат қилмади, тавбага чақирмади, балки гуноҳини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишни маслаҳат берди.
Моиз розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, воқеани айтиб, гуноҳига иқрор бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом уни тошбўрон қилишга амр этдилар. Чунки иш давлат раҳбарига етиб борар экан, авф соқит бўлади. У шаръий ҳад-жазони қоим қилиши лозим.
Ҳа, Ислом маълум жазоларни белгилаган. Инсониятга оид барча қонунларда ҳам жиноятга оид кодекслар бор.
Аммо ислом, модомики, Аллоҳ сатр қилган экан, гуноҳни ошкор этмасликка, ундан тавба қилишга чақиради. Яхшиси, гуноҳ ва жиноят қилган киши давлат раҳбари олдига бормасин, жазо беришини сўрамасин. Аксинча, Аллоҳ яширганни ошкор этмасин, тавба қилсин, қайтиб у гуноҳга қўл урмасин.
Сатр шариатимиз асосларидан биридир. Ҳар бир мусулмондан ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам айб-гуноҳларини бекитиш талаб қилинган. Башариятнинг нафси эса ўзининг айбларини яшириб, бошқаларнинг айбини ошкор қилишга мойилдир. Ким бошқалар айбининг ортидан тушса, Аллоҳ унинг айби ортидан тушади. Ким бошқаларни сатр қилса, Аллоҳ ҳам уни сатр қилади. Зеро, жазо амалнинг жинсидан бўлади.
Ҳаммамизнинг айбимиз бор. Агар Аллоҳ бизнинг устимизга Сатрини ташламаганда шарманда бўлар эдик. Кишилар бизни заррача эҳтиром қилмасди.
Банда амал қиладиган энг гўзал ҳулқ кишиларга Аллоҳ таоло сингари муомалада бўлмоқдир. Яъни, Аллоҳ айбларни яширувчидир. Яширишни яхши кўради.
Инсонларнинг айбини эшитсак, уни ичимизда қолдирайлик. Бизнинг ҳам айбларимиз бор. Инсонларнинг устига сатр ташлайлик. Шунда ўзимизнинг айбларимизга сатр ташлаган бўламиз.
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
وحدثنا إسحاق بن إبراهيم بن جبلة نا عبيد الله بن موسى أنا إسرائيل، عن سماك أنه سمع موسى بن طلحة يحدث عن أبيه قال: مررت مع النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم في نخل فرأى قوما في رءوس النخل يلقحون النخل فقال: ما يصنع هؤلاء؟ قالوا: يجعلون الذكر في الأنثى قال: ما أظن ذلك يغني شيئا فبلغهم ذلك فتركوه فنزلوا عنها فبلغ ذلك النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال: إنما هو ظن ظننته، إن كان يغني شيئا فاصنعوه، فإنما أنا بشر مثلكم وإن الظن يخطئ ولكن ما قلت لكم: قال الله تعالى فلن أكذب على الله عز وجل.
Мусо ибн Талҳа отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам билан бирга (Мадина) хурмозорлари орасидан ўтдим. У зот хурмолар устига чиқиб олиб, чанглатаётган одамларни кўриб: “Анавилар нима қилишмоқда?” дедилар.
Одамлар: “(Хурмонинг) эркагини урғочисига қўшмоқда”, деди.
У зот: “Менимча, ундоқ қилиш бирор фойда бермас, деб гумон қиламан”, дедилар.
Ҳалиги одамларга бунинг хабари етиб борганда, улар у(чанглатиш)ни тарк қилди ва хурмолардан тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга бу ҳақда хабар берилганда: “У менинг бир гумоним, агар ўша нарса уларга манфаат берса, уни қилаверсин! Албатта, мен ҳам сизлар каби башарман. Албатта, гумон хато қилади. Лекин сизларга “Аллоҳ таоло бундай деди”, деб бирор нарса айтсам, зинҳор Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан ёлғон сўзламайман”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД