Ҳар бир банда ҳазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири мунофиқликдир. Араб тилида мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш «нифоқ» сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача нарсага ишлатилади. Мисол учун, юмронқозиқ ёки тулкининг уясига ҳам «нифоқ» сўзи ишлатилади.
Чунки, улар устидан оддий ерга ўхшайди, бир тарафдан кирса, иккинчи тарафдан чиқиб кетаверади. Ҳозирги кунда ажнабий тилларда «тоннель» деб номланаётган иншоотлар ҳам арабчада «нафақ» дейилади. Агар бу маънони диний-ақидавий истилоҳда ишлатмоқчи бўлсак, сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка «мунофиқлик» деб айтилади. Одамлар кўз ўнгида Ислом динига мансублигини эълон қилиб, ҳатто баъзи амалларни ҳам қилиб юрадиган, аслида, эътиқоди бузуқ бўлган кишилар «мунофиқ» дейилади. Журжоний нифоқни «Таърифот»да: «Нифоқ тил билан иймонни изҳор қилиб, дилдаги куфрни беркитишдир», деб таъриф қилган. Бу «катта нифоқ» деб аталади. Кўпгина ҳадиси шарифларда мунофиқларнинг аломатлари ҳақида сўз юритилган.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Уч нарса қай кишида бўлса, мунофиқ бўлур: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонат ишонилса, хиёнат қилади. Кимда шу хислатлардан биттаси бўлса, уни тарк қилгунича нифоқдан битта хислати бўлади» – Аҳмад ривоят қилган.
Бундай нифоқ амалий – «кичик нифоқ» деб аталади. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчини топа олмассан», деган (145-оят).
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Аллоҳ мунофиқ эркакларга, мунофиқ аёлларга ва кофирларга жаҳаннам оташини ваъда қилди. Унда абадий қолурлар. Ўша улар учун етарлидир. Ҳамда Аллоҳ уларни лаънатлади. Уларга доимий азоб бордир», деган (68-оят).
Имом Бухорий қилган ривоятда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Бугунги мунофиқлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидагидан ёмондир. Чунки, улар мунофиқликни махфий қилардилар, булар эса, ошкора қилмоқдалар», деган эканлар.
Бир киши айтган экан: Кунларнинг бирида йўлда кетаётиб, жанжалнинг устидан чиқиб қолдим. Икки киши муштлашгудай бўлиб, баралла нималарнидир муҳокама қилишарди. Қизиқувчанлигим устунлик қилиб, бир тўда одамлар ичидаги қариядан воқеанинг сабабини сўрадим. Отахон бош чайқаганча, “Омонатга хиёнат – бу жуда катта гуноҳ”, деди-ю бошқа бирор сўз айтмади. Воқеанинг асл моҳиятини тушунмаган бўлсам-да, сабабини англаб етдим. Уларнинг қайсидир бири унга ишонган инсон омонатига хиёнат қилган кўринади.
Шу ўринда бир ҳикоят эсимга тушди. Ўғирлик билан ном таратган ўғрибошининг йўлида бир мўйсафид дуч келиб, бир халта тилло танга берибди-да, бу омонатимни масжиддан чиқгунимча ушлаб турсанг, деб илтимос қилибди. Ўғри ҳам иккиланмай халтани олибди. Чол эса бемалол намозини ўқиб чиқиб, ўғрибошидан тиллоларни олиб йўлида давом этибди. Бу ҳолатни кўрган ўғрилардан бири нега тиллоларни қайтариб берганини, ўғирлик қилиш учун туғилган қулай имкониятни қўлдан бой берганининг сабабини сўрабди. Шунда ўғрибоши, у менга омонат деб айтди. Қилаётган ишимдан кўра омонатга хиёнат оғир гуноҳ, деб жавоб берибди.
Баъзан шундай ҳикояларни ўқиб ўйланиб қоламиз. “Биз ҳам омонатларга хиёнат қилмаяпмизми?” деган савол хаёлимизга келади. Ўз-ўзимизда содир бўлган шундай воқеаларни таҳлил қиламиз. Ўзимизча хулоса ясаймиз. Зеро, энг катта омонатларга хиёнат қилаётганимизни биламизми?!
Аллоҳ томонидан бизга берилган бу азиз жон, умримиз ҳам омонат. Ўтиб бораётган ҳар бир дақиқамиз орқали оғир гуноҳ қилмаяпмизми? Умримизни бекорчи нарсаларга сарфлаб, вақтимизни ютқазиб, бировларнинг қалбига озор бериб, омонатларга хиёнат қилмаяпмизми?
Хулоса қилиб адолат тамойиллари асосида ўйлаб кўриш керак эмасмикин!
Жаъфархон Суфиев,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби
Савол: Биз томонларда ўғил фарзанд учун қилинадиган суннат (хатна) тўйига келиннинг отаси ёки ака-укалари сўқим (сўйиладиган қорамол) олиб боришлари шартдек бўлиб қолган. Ҳатто бу нарса келин тарафдагиларнинг бурчи деган тушунча ҳам бор. Шунинг учун айрим ҳолларда баъзи оталар неварасини суннат тўйига ерини сотиш ёки катта қарзларни олишгача мажбур бўлаяпти. Шу ишлар динимизда борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хатнани бор эканлиги барчага маълум ва бу учун зиёфат қилиб бериш ҳам бор. Аммо бу нарса фарз ёки вожиб, ҳатто суннат ҳам эмас, балки у айрим саҳобийларнинг шунчаки одати бўлган. Лекин у ҳозирги кунда авж олгандек бемаъни дабдабозлик билан эмас, балки тор доирада камтарона дастурхон ёзиб ўтказилган.
Демак, аслида суннат ҳам бўлмаган ушбу “тўй”га сўқим олиб келиш қиз томоннинг бурчи дейиш мантиқсиз экани кўриниб турибди. Буни жоҳилона ҳою ҳавас ортидан пайдо бўлган хурофот десак, тўғрироқ бўлади. Айнан мана шунақа тайини йўқ “мажбурият”лар туфайли қанчадан-қанча оилалар жабр кўряпти ва ҳатто айрим оилалар “сўқим қилинмагани ёки олиб келинган сўқимнинг кичкиналиги” сабабидан бузилиб кетишгача ҳам бормоқда.
Динимизда ҳадя улашишга тарғиб қилинган. Аммо бу чин юракдан ҳамда берувчига малол келмасдан амалга оширилиши керак.
Шундай экан, куёв томонга юбориладиган новвосларни ҳадя деб бўлмайди. Чунки бу нарса ошкора ёки зимдан қилинган талаб ёки келин томоннинг одамлардан уялиб ёхуд “қизим хижолат бўлмасин”, деб қиладиган “совғаси” бўлади. Куёв томоннинг келин томонга бундай талаблар қўйиши катта хато ва гуноҳ саналади. Қолаверса, чин кўнгилдан берилмаган нарсани ейиш ҳам шубҳали ҳисобланади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لا يحل مال امرئ مسلم الا عن طيب نفسه رواه احمد
“Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Шундай экан, бундай ишга чек қўйиш лозим. Агар қилмоқчи бўлсалар, куёв томон имкони даражасида ўзлари қилсинлар. Агар имконлари бўлмаса, қайнотани зиммасига юкламасликлари лозим. Имкон бўлмагани учун бу каби эҳсонни қила олмаса, гуноҳкор бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.