frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Омонатга хиёнат қилмаяпсизми?

13.12.2024   8349   4 min.
Омонатга хиёнат қилмаяпсизми?

Ҳар бир банда ҳазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири мунофиқликдир. Араб тилида мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш «нифоқ» сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача нарсага ишлатилади. Мисол учун, юмронқозиқ ёки тулкининг уясига ҳам «нифоқ» сўзи ишлатилади.

Чунки, улар устидан оддий ерга ўхшайди, бир тарафдан кирса, иккинчи тарафдан чиқиб кетаверади. Ҳозирги кунда ажнабий тилларда «тоннель» деб номланаётган иншоотлар ҳам арабчада «нафақ» дейилади. Агар бу маънони диний-ақидавий истилоҳда ишлатмоқчи бўлсак, сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка «мунофиқлик» деб айтилади. Одамлар кўз ўнгида Ислом динига мансублигини эълон қилиб, ҳатто баъзи амалларни ҳам қилиб юрадиган, аслида, эътиқоди бузуқ бўлган кишилар «мунофиқ» дейилади. Журжоний нифоқни «Таърифот»да: «Нифоқ тил билан иймонни изҳор қилиб, дилдаги куфрни беркитишдир», деб таъриф қилган. Бу «катта нифоқ» деб аталади. Кўпгина ҳадиси шарифларда мунофиқларнинг аломатлари ҳақида сўз юритилган.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Уч нарса қай кишида бўлса, мунофиқ бўлур: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонат ишонилса, хиёнат қилади. Кимда шу хислатлардан биттаси бўлса, уни тарк қилгунича нифоқдан битта хислати бўлади» – Аҳмад ривоят қилган.

Бундай нифоқ амалий – «кичик нифоқ» деб аталади. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчини топа олмассан», деган (145-оят).

Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Аллоҳ мунофиқ эркакларга, мунофиқ аёлларга ва кофирларга жаҳаннам оташини ваъда қилди. Унда абадий қолурлар. Ўша улар учун етарлидир. Ҳамда Аллоҳ уларни лаънатлади. Уларга доимий азоб бордир», деган (68-оят).

Имом Бухорий қилган ривоятда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Бугунги мунофиқлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидагидан ёмондир. Чунки, улар мунофиқликни махфий қилардилар, булар эса, ошкора қилмоқдалар», деган эканлар.

Бир киши айтган экан: Кунларнинг бирида йўлда кетаётиб, жанжалнинг устидан чиқиб қолдим. Икки киши муштлашгудай бўлиб, баралла нималарнидир муҳокама қилишарди. Қизиқувчанлигим устунлик қилиб, бир тўда одамлар ичидаги қариядан воқеанинг сабабини сўрадим. Отахон бош чайқаганча, “Омонатга хиёнат – бу жуда катта гуноҳ”, деди-ю бошқа бирор сўз айтмади. Воқеанинг асл моҳиятини тушунмаган бўлсам-да, сабабини англаб етдим. Уларнинг қайсидир бири унга ишонган инсон омонатига хиёнат қилган кўринади.

Шу ўринда бир ҳикоят эсимга тушди. Ўғирлик билан ном таратган ўғрибошининг йўлида бир мўйсафид дуч келиб, бир халта тилло танга берибди-да, бу омонатимни масжиддан чиқгунимча ушлаб турсанг, деб илтимос қилибди. Ўғри ҳам иккиланмай халтани олибди. Чол эса бемалол намозини ўқиб чиқиб, ўғрибошидан тиллоларни олиб йўлида давом этибди. Бу ҳолатни кўрган ўғрилардан бири нега тиллоларни қайтариб берганини, ўғирлик қилиш учун туғилган қулай имкониятни қўлдан бой берганининг сабабини сўрабди. Шунда ўғрибоши, у менга омонат деб айтди. Қилаётган ишимдан кўра омонатга хиёнат оғир гуноҳ, деб жавоб берибди.

Баъзан шундай ҳикояларни ўқиб ўйланиб қоламиз. “Биз ҳам омонатларга хиёнат қилмаяпмизми?” деган савол хаёлимизга келади. Ўз-ўзимизда содир бўлган шундай воқеаларни таҳлил қиламиз. Ўзимизча хулоса ясаймиз. Зеро, энг катта омонатларга хиёнат қилаётганимизни биламизми?!

Аллоҳ томонидан бизга берилган бу азиз жон, умримиз ҳам омонат. Ўтиб бораётган ҳар бир дақиқамиз орқали оғир гуноҳ қилмаяпмизми? Умримизни бекорчи нарсаларга сарфлаб, вақтимизни ютқазиб, бировларнинг қалбига озор бериб, омонатларга хиёнат қилмаяпмизми?

Хулоса қилиб адолат тамойиллари асосида ўйлаб кўриш керак эмасмикин!

Жаъфархон Суфиев,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда Малайзия халқаро ҳалол кўргазмаси ўказилиши режалаштирилмоқда

10.08.2026   14648   2 min.
Тошкентда Малайзия халқаро ҳалол кўргазмаси ўказилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳалол саноати йўналишидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат вакиллари Тошкент шаҳрида «Malaysia–Uzbekistan International Halal Fest 2027» халқаро форуми ва кўргазмасини ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
 

Малайзиянинг «TWOJ CREATIVE SDN BHD» компанияси делегацияси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳалол саноати экотизимини ривожлантириш, халқаро бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.


Режалаштирилаётган фестиваль доирасида:

  • Халқаро кўргазма, бизнес-форум ва B2B учрашувлари;

  • Ҳалол озиқ-овқат, туризм, молия ҳамда ишлаб чиқариш йўналишларига бағишланган махсус экспозициялар;

  • Инвестиция сессиялари, маданий дастурлар ва маҳсулотлар тақдимотларини ташкил этиш кўзда тутилган.


Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ҳалол маҳсулотлар бозоридаги салоҳиятини намойиш этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт имкониятларини яратишга хизмат қилади.


Музокаралар давомида Малайзиянинг JAKIM стандартлари асосида ҳалол сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, фермер ва тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ҳамда малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.


Томонлар фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, бизнес ҳамжамияти ҳамда тармоқ уюшмаларини жалб этган ҳолда қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу форум савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, ҳалол саноати инфратузилмасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим халқаро майдонга айланади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари