«Маълум бўлишича, менга қарз бериб ололмай юрганлардан икки нафари уйимизга борган. Улар отамга мени қарзни қайтармай қочиб юрганим ҳақида гапиришган. Отам бундан қаттиқ таъсирланган ва йигитлар кетгандан сўнг мазаси бўлмай, миясига қон қуйилибди. Сўнг комага тушиб қолибди».
“Ҳаётий ҳикоялар” рукнидан берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони кўзи ожиз отасидан орланиб охирида афсусланиб қолган йигит.
У мактубида отасининг ўлимига айбдорлигини, унинг дуосини олмаганидан афсусдалигини ҳикоя қилади.
«Эсимни таниганимда онам соғлом, отамнинг эса кўзи ожизлигини билганман. Аввалига ҳеч нарсани ўйламаганман.
Мактабга борганда эса... Ёш бола эдик, гоҳида айрим синфдошлар билан ниманидир деб талашардик, жанжаллашардик. Бундай рақобатда кўпинча мен ғолиб чиқардим.
Ана шунда илк бор «кўрнинг боласи» деган ҳақоратни эшитганман ва бу менга ёмон таъсир қилган.
«Кўрнинг боласи» деганларнинг бир-иккитасини боплаб дўппослаганимдан сўнг бу ҳақоратни олдимда айтмайдиган бўлишди. Бироқ билардим, орқаворатдан айтишарди.
Ўшанда нафақат шу сўзларни айтган синфдошимдан, балки отамдан ҳам хафа бўлганман.
Энди ўйлаб кўрсам, инсон қай ҳолатда, ким бўлиб туғилишни ўзи ҳал қилмайди, бу илоҳий тақдир. Лекин ўша пайтда менга буни ҳеч ким, ҳатто ота-онам ҳам тушунтирмаган эди. Балки тушунтиришганда ҳам тушунмасдим.
Ҳар гал кўчадан уйга кириб отамга кўзим тушганда «Кўрнинг боласи» деган ҳақоратли сўз миямда айланарди ва отамни ёмон кўриб қолгандим.
Отам уйланиш учун совчи юборганда онамнинг ота-ота онаси «Болам, сени унга узатиш ҳеч нарсамас, ҳеч ким ўзи хоҳлаб кўзи ожиз бўлиб туғилмайди. Бироқ бошқа масала бизни ўйлантиряпти. Мабодо боланг ҳам кўзи ожиз туғилса нима бўлади? Бир умр иккита ногиронни ўзинг оқ ювиб оқ тараб, боқишга мажбур бўласан», дейишган экан.
Шунда онам «пешонамдан кўраман» деб жавоб берган ва отамга турмушга чиққан экан. Чунки отам, кўзи ожиз бўлса ҳам ўзини ўзи эплай оларди. Бунинг устига кўзи ожизлар мактабида ўқиган, саводи бор эди.
Ўзи ўқиган мактабда ҳунар ўрганган ва ўшанинг орқасидан бир-икки сўм даромад ҳам қилиб, рўзғор тебратган.
Мен соғлом туғилганимдан сўнг отам ва онам хурсанд бўлган ва мени жуда эрка қилиб ўстирган. Ана шу нарса менинг тарбиям бузилишига ва кейинчалик отамни ёмон кўриб қолишимга сабабчи бўлди.
Йўқ, бу билан ўзимни оқламоқчи эмасман. Отам тилла одам эди. Бироқ мен тарбиянинг жилла қурса бир қисмини уйда, ота-онамдан олган эдим.
«Болам, нима егинг келяпти?» «Қорнинг оч қолмадими?» «Болам, мана сенга ўйинчоқлар». Қисқаси онам оғзимдан номи чиққан нарсани муҳайё қилишга ҳаракат қиларди.
Мактабнинг юқори синфларига ўтганимдан сўнг отамдан жирканиш ҳисси кучайди. Уйда кўп турмайдиган бўлдим. Эрталаб мактабга деб чиқиб кетардим ва ярим кечада келиб ухлардим.
Кўп ўтмай сигарет чекишни ўргандим. Қўли эгрига айландим ва қўни-қўшниларнинг нарсаларини ўғирлай бошладим.
Мендан гумон қилишди, лекин «ушлаб олмагунча ўғри ўғри эмас», дейилгандай йўқолган нарсаларни гарданимга қўя олишмади.
Ўшанда чекишни бошлаганим ва ўғрилик қилаётганимни онам билиб қолганди. Лекин хафа қилиб қўймасин деб отамга айтмас, ўзимга ҳам индамасди.
Шу алфозда мактабни битирдим ва яна бир-икки йил бекорчи бўлиб, отам ишлаб топган пул ва нафақа ҳисобидан яшаб юрдим. Сўнг маҳалладошларга қўшилиб Россияга бориб ишлаб келдим.
Шунда ота-онам оилали бўлса эси кириб қолар дейишдими, мени уйлантириш учун қиз қидира бошлашди. Отамнинг кўзи ожиз бўлса ҳам маҳалладагилар уни ҳурмат қиларди.
Бироқ гап унинг ноқобил ўғли, яъни мен ҳақимда кетганда бундай деб бўлмасди. Маҳаллада номим ёмонга чиқиб бўлганди.
Онам қидириб-қидириб қўшни маҳалладан бир қиз топди, тез орада тўйимиз бўлди. Шундан сўнг саёқ юришларимни бироз камайтирдим. Бу орада фарзандларим туғилди.
Бир неча йил баҳордан кузгача Россияда ишладим, қишда уйда бўлардим. Аммо Россияда ҳам тузук ишлаганим йўқ.
Бир жойда ишладик, ойлигимизни беришмади. Бошқасидан олган пулларни ўша ёқда рус қизлари билан кайф-сафо қилишга сарфлаб юбордим. Қисқаси, уйга пул жўнатмадим. Баъзи йилларда қайтишга йўлкира учун қарз олишга тўғри келди.
Ўша пайтларда бир-икки сўм ишлай, оиламга ёрдам бўлсин деб умуман ўйламасдим. Отам ногиронлик нафақасини оларди. Камига уйда у-бу нарса ясаб сотарди ва рўзғорни амаллаб ўтказарди.
Мен эса рўзғорни отам эплаяпти-ку деб тараллабедод қилиб юрардим. Россияда пул ишлай олмагач ўзимизда бир устага шогирд тушдим. Уста оилавий аҳволимизни биларди ва менга ёрдам бўлсин деб яхши ҳақ тўларди.
Бироқ менинг эрка ўсганим, дангасалигим ва ҳаётда аниқ мақсадим йўқлиги туфайли ишга кечикиб борардим. Айтилган вазифани вақтида бажармасдим. Ахири устанинг жонига тегди ва мени қувиб юборди.
Шундан сўнг кўнглим Тошкентга ишга боришни тусаб қолди. Кетишдан аввал бир нечта маҳалладошимиздан қарз олдим. Бироқ бирортасини қайтармадим.
Тошкентда ҳам тайинли бир ишнинг бошини тутмадим. Уйга қуруқ қўл билан қайтганим етмагандай, пойтахтга қайтишда танишларни алдаб, улардан қарзга деб пул олардим.
Ўша пуллар ҳисобидан пойтахтга бориб бир муддат яшайман ва қайтиб келаман. Сўнг кетишда яна бошқаларни аврайман.
Пойтахтда юришнинг ўзи бўлмайди, гоҳида машина ювадиган жойда ишлайман. Баъзида мардикорчиликка чиқиб, енгилроқ иш бўлса борардим. Бироқ ишлаган пулларим ўзимдан ортмасди.
Бу орада Тошкентда ёши каттароқ аёл билан танишиб қолдим. У бирга яшашни таклиф қилганди, жон деб рози бўлдим. Чунки тунаб қоладиган тайинли жойим йўқ эди.
Шу тариқа оиламни, ота-онамни унутиб Тошкентда яшай бошладим. Гоҳ-гоҳида хотиним ёки онам қўнғироқ қилиб турарди.
Кунларнинг бирида онам тунда қўнғироқ қилиб қолди. Кўтарсам йиғлаяпти. «Отанг комага тушиб қолди, шифохонада...» Бу гапдан ҳайрон бўлдим, отамнинг соғлиги яхши эди-ку.
Ўша заҳоти Тошкентдан йўлга чиқдим, тўғри шифохонага бордим. Отам уч кун комада ётиб, ўзига келмасдан вафот этди.
Маълум бўлишича, менга қарз бериб ололмай юрганлардан икки нафари уйимизга борган. Улар отамга мени қарзни қайтармай қочиб юрганим ҳақида гапиришган.
Отам бундан қаттиқ таъсирланган ва йигитлар кетгандан сўнг мазаси бўлмай, миясига қон қуйилибди. Сўнг комага тушиб қолибди.
Отамни қабрга қўйиб келгандан сўнг мени суяб турган тоғ қулаганини тушуниб етдим, аммо энди кеч эди. Отам 50 ёшида дунёдан ўтди.
Отамга етказган озорларимдан афсусдаман, аммо энди уни ортга қайтариб бўлмайди. У айни болаларининг ҳузурини кўрадиган, набиралари билан овунадиган ёшида рўшнолик кўрмай кетди.
Ғайрат Йўлдош
тайёрлади.
Зулҳижжа ойининг 8 куни “Тарвия куни” дейилади.
“Тарвия” дейилишига сабаб ўша куни ҳожилар зам-зам сувидан қониб-қониб ичадилар.
“Тарвия” – “тафаккур” маъносида ҳам қўлланилади. Чунки зулҳижжанинг саккизинчи кечасида Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини кўрадилар ва бу туш шайтонийми ёки раҳмоний дея ўша кунни тафаккур билан ўтказадилар. Шунга кўра, бу кун “Тарвия – тафаккур куни” дейилади.
Мино луғатда – “орзу, истак” деган маъноларни билдиради. Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи. Араблар одамлар тўпланган жойни “мино” деб аташади. Мино Масжидул-ҳаром шимолидан 7 км. узоқликда жойлашган.
Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом шайтонга тош отганлар, қурбонлик қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айнан шу жойда тош отиб, қурбонликларини адо этганлар. Бу муқаддас маконда Наср ва Мурсалот суралари нозил бўлган.
Ҳожилар зулҳижжанинг саккизинчи куни бомдод намозидан сўнг Минога қараб йўл олишади. Минода тарвия кунининг пешин, аср, шом, хуфтон ҳамда арафа кунининг бомдод намозлари ўқилади. Кейин арафотга жўнаб, ўнинчи куни яна Минога қайтишади ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттиришади.
Минода бажарилиши зарур бўлган амаллар ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам едиринглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва “Қадимги уй”ни тавоф қилсинлар”, деганимизни эсла» (Ҳаж сураси, 28-29-оятлар).
Ушбу оятда Мино кунлари жамаротда тош отиш, қурбонлик қилиш ва соч олдириб эҳромдан чиқиш каби амалларни адо этиш таъкидланмоқда. Мино кунлари ушбу учта амални мукаммал тарзда бажариш вожибдир.
Аллоҳ таоло қилаётган ва қиладиган барча солиҳ амалларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин. Ўзи куч-қувват берсин..
Даврон НУРМУҲАММАД