Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Апрел, 2025   |   22 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:11
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:09
Шом
19:12
Хуфтон
20:31
Bismillah
20 Апрел, 2025, 22 Шаввол, 1446
Мақолалар

Қабр имтиҳони ва қабр азоби ҳақлиги ҳақида эътиқодимиз

13.12.2024   15315   14 min.
Қабр имтиҳони ва қабр азоби ҳақлиги ҳақида эътиқодимиз

52 - وَفِي الأَجْدَاثِ عَنْ تَوْحِيدِ رَبِّى سَيُبْلَى كُلُّ شَخْصٍ بِالسُّؤَالِ

Маънолар таржимаси: Роббимнинг тавҳидидан қабрларда ҳар бир шахс савол билан имтиҳон қилинади.

Назмий баёни:

Ҳар бир шахс қабрга қўйилган замон,
Роббим тавҳидидан бўлар имтиҳон.

Луғатлар изоҳи:

فِي – зарфият маъносида келган жор ҳарфи.

الأَجْدَاثِ – “қабрлар” маъносини англатади. Жор мажрур кейин келадиган سَيُبْلَى феълига мутааллиқдир.

تَوْحِيدِ عَنْ – жор мажрур السُّؤَالِ га мутааллиқ.

رَبِّى – музофун илайҳ.

سَيُبْلَى – аввалидаги ҳарф музориъ феълининг ҳукмини ҳозирги замондан келаси замонга ўзгартирадиган истиқбол ҳарфи. بَلاَءٌ масдари имтиҳон қилиш маъносини англатади.

كُلُّ – ноиб фоилликка кўра раф бўлиб турибди. Накра исмга изофа бўлиб келгани учун “истиғроқул жинс”ни ифодалайди.

شَخْصٍ – шахс калимаси аслида бирор нарсанинг узоқдан кўринган қорасига нисбатан ишлатилади. Шунингдек бу исм эркак ё аёллигидан қатъи назар барча инсонларга нисбатан тенг ишлатилади.

بِ – “табъийз” (бўлакларга ажратиш) маъносида келган жор ҳарфи.

السُّؤَالِ – жор мажрур سَيُبْلَى феълига мутааллиқ.

Матн шарҳи:

Ҳар бир шахс вафот этиб қабрига қўйилганидан сўнг қабрида ё бирор офат туфайли қабрга кўмилмасдан қолиб кетса, ўша жойда “Роббинг ким?”, “дининг нима?”, “пайғамбаринг ким?” деган фақат эътиқодга тааллуқли саволлар билан имтиҳон қилинади. Сўфи Оллоҳёр бобомиз айтганидек:

Агар чандики гўрсиз ўлса инсон,
Сўралур, албатта, бешаку нуқсон.

* * *

Агар дарёда ўлсун ё осилсун
Ғазаб этса бани одам на билсун.

* * *

Нечук қилса эрур қодир ва носир
Бу ерда бандасининг ақли қосир.

Яъни инсон денгизда чўкиб кетган ёки ёниб кулга айланган бўлса ҳам, албатта, сўроқ қилинади. Мазкур сўроқ-саволларни Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаганидек амалга оширишига иймон келтириш лозим. Зеро, бунинг қандай содир бўлишини идрок этишга бандаларнинг ақл қуввати етмайди. Шунга кўра жумҳур уламолар қабрдаги саволга жавоб бериш ҳақида умумий қуйидагича эътиқод қилишни айтганлар: сўроқ пайтида маййитнинг руҳи танасига қайтарилади, у саволни тушунади ва унга ўз ақли билан тириклик пайтида қилган амалларига кўра жавоб беради.

Маййитнинг ёнига Мункар ва Накир исмли икки фаришта келиб савол бериши, маййит эса мўмин ё кофирлигидан келиб чиқиб жавоб бериши жуда кўплаб ҳадисларда баён қилинган:

عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ العَبْدَ إِذَا وُضِعَ فِي قَبْرِهِ وَتَوَلَّى عَنْهُ أَصْحَابُهُ وَإِنَّهُ لَيَسْمَعُ قَرْعَ نِعَالِهِمْ أَتَاهُ مَلَكَانِ فَيُقْعِدَانِهِ فَيَقُولاَنِ مَا كُنتَ تَقُولُ فِي هَذَا الرَّجُلِ لِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَمَّا الْمُؤْمِنُ فَيَقُولُ أَشْهَدُ أَنَّهُ عَبْدُ اللهِ وَرَسُولُهُ فَيُقَالُ لَهُ اُنْظُرْ إِلَى مَقْعَدِكَ مِنَ النَّارِ قَدْ أَبَدَّلَكَ اللهُ بِهِ مَقْعَدًا مِنَ الجَنَّةِ ، فَيُرَاهُمَا جَمِيعًا وَأَمَّا الْمُنَافِقُ وَالكَافِرُ فَيُقَالُ لَهُ مَا كُنتَ تَقُولُ فِي هَذَا الرَّجُلِ فَيَقُولُ لَا أَدْرِى كُنْتُ أَقُولُ مَا يَقُولُ النَّاسُ! فَيُقَالُ لَا دَرَيْتَ وَلاَ تَلَيْتَ وَيَضْرِبُ بِمَطَارِقٍ مِنْ حَدِيدٍ ضَرْبَةً فَيَصِيحُ صَيْحَةً يَسْمَعُهَا مَنْ يَلِيهِ غَيْرَ الثَّقَلَيْنِ. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Банда қабрига қўйилиб, кишилар қайтишаётганда албатта у кишиларнинг кавушлари овозини эшитиб туради. Шу пайт икки фаришта келиб, уни ўтирғизишади ва: “Бу киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида нима дейсан?” – дейишади. Агар мўмин бўлса: “Гувоҳлик бераман, албатта у Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир”, – дейди. Унга: “Дўзахдаги ўрнингга қара. Аллоҳ сени ундан жаннатдаги ўринга алмаштирди”, дейишади ва барчасини кўрсатишади. Агар мунофиқ ва кофир бўлса, унга: “Бу киши ҳақида нима дейсан?” – дейишади. У: “Билмайман. Инсонлар нима десалар, мен ҳам шуни айтардим”, – дейди. Унга: “Билмадинг ва эргашмадинг”, дейишиб, темир тўқмоқ билан шундай уришадики, у қаттиқ чинқириб юборади. Унинг чинқириғини инсонлар ва жинлардан бошқа атрофдагиларнинг барчаси эшитади”, – дедилар”. Муттафақун алайҳ.

Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган инсонларни Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, охиратнинг дастлабки босқичи бўлган қабрда ҳам собитқадам қилиши ҳақида қуйидаги ривоят келган:

Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: الثَّابِتِ بِالْقَوْلِ آمَنُوا الَّذِينَ اللَّهُ يُثَبِّتُ ояти қабр азоби ҳақида нозил бўлган. Унга: “Роббинг ким” дейилади, у: “Роббим Аллоҳ, Пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам”, дейди. Ўшандай дейиши У зот азза ва жалланинг: (Аллоҳ иймон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устувор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур)[1] (сўзининг исботидир)” – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.

Яъни Аллоҳ таоло иймон келтирган ҳақиқий саодатманд мўмин бандаларни дунёда ҳам “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтиб иймонда собит турадиган, йўлдан адашмайдиган ва ҳар хил фитналарга алданмайдиган қилиб қўяди. Охиратда ҳам, яъни қабрда икки фариштанинг берадиган саволларига ҳам “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтиб, иймонда собит турадиган қилиб қўяди.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ “Ақоидун Насафий”да қуйидагиларни ёзган: “Кофирларга ва баъзи осий мўминларга қабр азобининг бўлиши ҳамда итоат қилувчи (мўминлар)нинг қабрда ҳузур-ҳаловатда бўлиши, Мункар ва Накирнинг савол бериши самъий далиллар (яъни оятлар ва ҳадислар) билан собитдир”.

Шунга кўра мўмин киши мазкур хабарларга иймон келтириши, уларнинг қандай бўлишини англашга уриниб ақлини қийнамаслиги лозим бўлади. Зеро чуқур тафаккур қилиб кўриладиган бўлса, соғлом ақл мазкур хабарларни инкор қилмайди, балки уларнинг қандай содир бўлишидан ҳайратда қолади. Чунки қабрда ўлган одамнинг танасига руҳининг яна қайтиши дунёдаги одатий ҳолатга кўра бўлмайди. Шунга кўра табий равишда улар орасидаги ҳукмлар бир-биридан фарқли бўлади.

Руҳ ва тананинг бир-бирига боғланиши умумий уч даврга бўлинади ва ҳар бир даврда ўзга хос ҳукмлар жорий бўлади:

1. Дунёдаги боғланиш. Дунёдаги ҳукмлар таналарга жорий қилинган ва руҳлар ҳам уларга тобедир;

2. Барзахдаги боғланиш. Барзахдаги ҳукмлар руҳларга тегишли бўлиб, таналар уларга тобедир;

3. Охиратдаги боғланиш. Қиёмат кунида ҳамма қабрларидан тургандан кейинги ҳукмлар эса руҳлар ва таналарнинг барчасига баравар жорий бўлади.

Ушбу маънолар тўғри тааммул қилиб кўрилса, қабрнинг жаннат боғларидан бир боғ, ёки дўзах чуқурларидан бир чуқур эканини ақл қийналмасдан қабул қилади. Энг муҳими ғайбга иймон келтириш мўмин кишининг иймони тақозосидир.

 

ҚАБР АЗОБИ ҲАҚЛИГИ БАЁНИ

 - 53وَلِلْكُفَّارِ وَالْفُسَّاقِ بَعْضٍ عَذَابُ الْقَبْرِ مِنْ سُوءِ الْفِعَالِ

 

Маънолар таржимаси: Кофирларга ва баъзи фосиқларга ёмон ишлари туфайли қабр азоби бўлади.

Назмий баёни:

Кофирлару баъзи фосиқ кимсалар,
“қилмиш” учун қабр азобин кўрар.

Луғатлар изоҳи:

لِلْكُفَّارِ – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган. Жор мажрур хабари муқаддам. Бу калимадаги الْ“жинсия” маъносида келган.

الْفُسَّاقِ – маътуф. Бу калимадаги اَلْ “аҳдия”, яъни қайсидир бир бўлагини маърифа қилиш учун келган. Фисқ калимаси ҳақ ва тўғри йўлдан чиқиш маъносини англатади.

بَعْضٍ – бадал. Кўплаб нусхаларда بَعْضٍ нинг ўрнига يُقْضَى келган. Иккала жиҳатда ҳам маъно бир хил чиқади. Лекин таҳқиқларга кўра ушбу нусха мўътабар ҳисобланади.

 عَذَابُ– мубтадо. Азоб калимаси луғавий жиҳатдан “ман қилиш” маъносини англатади. Чунки бировга берилган азоб бошқаларни ўшандай жиноят қилишдан ман қилиб тўсиб туради. Шу маънода чучук сувни ҳам عَذْبٌ дейилади. Чунки чучук сув ҳам чанқоқликни тўсади.

الْقَبْرِ – луғавий маъноси عَذَابُ الْقَبْرِ изофасига لِ ёки فِي маъноларини бериш мумкин . Яъни “қабрнинг азоби” ёки “қабрдаги азоб” маъноларини бериш мумкин.

مِنْ – “таълийлия” (изоҳлаш) маъносида келган жор ҳарфи.

سُوءِ – “ёмонлик”, “бузуқ” маъноларини англатади.

الْفِعَالِ – музофун илайҳ. Бу калима فِعْلٌ нинг кўплиги бўлиб, бажарувчилари кўп бўлган ишга нисбатан ишлатилади.

Матн шарҳи:

Қабрдаги имтиҳондан ўта олмаган кимсалар хабарларда келгани каби, то қиёмат кунигача қабр азобига гирифтор бўладилар. Қуръонда Фиръавн аҳлининг эртаю кеч оловга кўндаланг қилиниб туришлари хабар берилган:

“Ва Фиръавн аҳлини ёмон азоб ўраб олди. У оловдир. Унга эртаю кеч кўндаланг қилинурлар. Соат (қиёмат) қоим бўлганида эса: “Фиръавн аҳлини энг ашаддий азобга киритинглар”, (дейилур) .

Муфассирлар ушбу ояти каримадаги оловни қабр олови ва азоби дейишган. Чунки қиёмат кунининг азоби ояти кариманинг давомида алоҳида баён этилган. Яъни Фиръавн аҳли қиёматгача қабрда азобланади, қиёматда эса ундан ҳам баттар азобга дучор бўлишади. Ўша кунда фаришталарга: “Фиръавн аҳлини энг қаттиқ азобга киритингиз!”, – дейилади.

Шунингдек, зулм қилган кофирларга ҳам охират азобидан бошқа азоб борлиги баён қилинган:

“Албатта, золим (кофир) бўлган кимсалар учун бундан (қиёматдан) илгари (дунёда) ҳам азоб(лар) бордир. Лекин уларнинг аксарияти (буни) билмаслар”.

 Ушбу ояти каримадаги “...бундан (қиёматдан) илгари (дунёда) ҳам азоб(лар) бордир...” маъноси ҳақида ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “У қабр азобидир,” – деган.

Мунофиқ кимсанинг то қиёмат кунигача азобланиб туриши кўплаб ҳадисларда баён қилинган:

عَن أَبِي عَن أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا قُبِرَ الْمَيِّتُ أَوْ قَالَ أَحَدُكُمْ أَتَاهُ مَلَكَانِ أَسْوَدَانِ أَزْرَقَانِ يُقَالُ لِأَحَدِهِمَا الْمُنْكَرُ وَالْآخَرُ النَّكِيرُ فَيَقُولَانِ مَا كُنْتَ تَقُولُ فِي هَذَا الرَّجُلِ فَيَقُولُ مَا كَانَ يَقُولُ هُوَ عَبْدُ اللَّهِ وَرَسُولُهُ أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ فَيَقُولاَنِ قَدْ كُنَّا نَعْلَمُ أَنَّكَ تَقُولُ هَذَا ثُمَّ يُفْسَحُ لَهُ فِي قَبْرِهِ سَبْعُونَ ذِرَاعًا فِي سَبْعِينَ ثُمَّ يُنَوَّرُ لَهُ فِيهِ ثُمَّ يُقَالُ لَهُ نَمْ فَيَقُولُ أَرْجِعُ إِلَى أَهْلِي فَأُخْبِرُهُمْ فَيَقُولاَنِ نَمْ كَنَوْمَةِ الْعَرُوسِ الَّذِي لاَ يُوقِظُهُ إِلاَّ أَحَبُّ أَهْلِهِ إِلَيْهِ حَتَّى يَبْعَثَهُ اللَّهُ مِنْ مَضْجَعِهِ ذَلِكَ وَإِنْ كَانَ مُنَافِقًا قَالَ سَمِعْتُ النَّاسَ يَقُولُونَ فَقُلْتُ مِثْلَهُ لاَ أَدْرِي فَيَقُولاَنِ قَدْ كُنَّا نَعْلَمُ أَنَّكَ تَقُولُ ذَلِكَ فَيُقَالُ لِلْأَرْضِ الْتَئِمِي عَلَيْهِ فَتَلْتَئِمُ عَلَيْهِ فَتَخْتَلِفُ فِيهَا أَضْلاَعُهُ فَلاَ يَزَالُ فِيهَا مُعَذَّبًا حَتَّى يَبْعَثَهُ اللَّهُ مِنْ مَضْجَعِهِ ذَلِكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон маййит қабрга қўйилса, ё сизлардан бирларингиз қабрга қўйилса, – дедилар, унга икки қора кўк фаришталар келадилар. Бири Мункар, иккинчиси Накир, дейилади. Улар: “Бу киши ҳақида нима дердинг”, – деб сўрашади. У олдин айтган нарсасини айтади: “У Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир, гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир” – дейди. Улар: “Сенинг шундай дейишингни билардик”, – дейдилар. Сўнгра унинг қабри етмишга етмиш зироъ қилиб кенгайтирилади. Сўнгра ўша жой унинг учун чароғон қилинади. Сўнгра унга: “Ухла”, – дейилади. У: “Аҳлимга қайтиб уларга хабар берай”, – дейди. Улар: “Сен оиласининг энг севимли кишиси уйғотадиган янги уйланган куёвнинг уйқусидек ухлагин”, – дейдилар. У то Аллоҳ таоло уни ўша ётган жойидан қайта тирилтиргунича шундай ётади. Агар мунофиқ бўлса: “Одамларнинг айтаётганларини эшитган эдим, мен ҳам ўшандай деганман, билмайман”, – дейди. Улар: “Биз сенинг шундай дейишингни билардик”, – дейдилар. Бас, ерга: “Унинг устида бирлашгин”, дейилади. Ер унинг устида бирлашади, у ерда унинг қовурғалари аралашиб кетади. У то Аллоҳ таоло уни ўша ётган жойидан қайта тирилтиргунча доимо азобланиб туради”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.

Мўътазилий ва Жаҳмия каби фирқаларнинг қабр азоби тўғрисида нотўғри қарашлари бўлгани учун Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ушбу масалани алоҳида келтирган. Мазкур далиллар қабр азобини инкор қиладиган барча фирқаларга кескин раддия ҳисобланади.

Баъзи уламолардан қабр азобининг икки турда бўлиши ривоят қилинган:

1. Доимий. Бундай қабр азоби кофирларнинг барчасига ва баъзи осий мўминларга бўлади;
2. Доимий бўлмаган. Баъзи гуноҳкор мўминлардан қабр азоби дуо ва садақа каби ишлар туфайли тўхтатилади.

Қабр азоби ва неъмати ҳақ эканига иймон келтириш лозимлиги Аҳли сунна вал-жамоа иттифоқ қилган масала ҳисобланади. Қабр азобини инкор қилишнинг ҳукми ҳақида икки хил қавл ривоят қилинган:

а) қабр азобини инкор қилган кимса (маънавий) мутавотир хабарларни инкор қилгани учун кофир бўлади;
б) қабр азобини инкор қилган кимса Аҳли сунна вал-жамоадан чиққан бидъатчи бўлади.

Ушбу иккинчи қавл кўпчилик уламолар наздида мўътабар ҳисобланади.

Кейинги мавзулар:

Жаннатга кириш Аллоҳнинг раҳмати билан бўлиши баёни

 

[1] Иброҳим сураси, 27-оят.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир 

18.04.2025   3351   3 min.
Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир 

Шу йил 16-17 апрель кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов ва Обиджон Кадировлар Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида бўлишди. 

Ташриф аввалида Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ва  вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмоновлар ҳамроҳлигида Шаҳрисабз “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйига бориб, зарурий маҳсулотлар хайриялар қилинди. 

Шунингдек, Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси устоз ва талабалари билан учрашув ўтказилди.Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов маъруза қилиб, ёшликда илм олишнинг фазилати, илм нафақат тараққиёт, балки маънавий камолотнинг ҳам асоси эканлиги борасида батафсил тўхталиб ўтди. 

Шундан сўнг Шаҳрисабз шаҳридаги “Сирожиддинхон Бурҳониддинхон ўғли” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Қашқадарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги масжид имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, “Ҳаж-2024” зиёратчилари ва маҳалла раислари билан учрашув ўтказилди.

Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги муаммоли хонадонларга кириб, улардан ҳол-аҳвол сўрадилар. Ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар ва  ижтимоий ҳимояга муҳтожлар билан маънавий-маърифий суҳбатлар қилинди. Келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган оилалар ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Нотинчлик сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. Муаммолари ўрганилиб, таклиф, фикр, мулоҳазалари тингланди. Умумий ҳисобда 150 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирларини олиб борилди. 

Ногиронлиги бўлган ва касалманд, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек, табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган оилаларга кирилиб, улардан кўнгил сўралди, совға-саломлар берилди, даволаниш ва дори дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳомийларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжмандларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Улар орасидан ўта ночор бўлганларининг моддий таъминотидан хабардор бўлиб туриш режалаштирилди.

Қашқадарё вилоятининг шаҳар ва туман бош имом-хатиблари Шаҳрисабз шаҳридаги масжидларда пешин намозини адо қилиб,  йиғилган қавмга “Юртимизда бўлаётган ислоҳотлар”, “Инсон қадри улуғ”, “Интернетдаги хатарлардан огоҳ бўлайлик”, “Ёт ғоялар таъсиридан сақланайлик”, “Тинчлик олий неъмат”, “Шукроналик фазилати”, “Масжидларни обод қилиш”, “Ислом - бағрикенглик дини”, “Фарзанд тарбиясига барчамиз масъулмиз”, “Ёшлар - келажагимиз”, “Ҳусни хулқ”, “Қўни-қўшничилик одоблари” каби долзарб мавзуларда маърузалар қилишди. 

Тадбирлар давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалий тарғиб қилинди. Шаҳрисабз шаҳридаги барча масжидлар ҳудудида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқаздилар. Зеро, Ислом динида ҳам дарахт экиб боғ яратиш савобли амаллардан ҳисобланади.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти). 

Албатта, бу каби тадбирлар  юртимизда аҳиллик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги 
Матбуот хизмати

Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир 
Ўзбекистон янгиликлари