Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Июн, 2025   |   9 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:51
Пешин
12:27
Аср
17:35
Шом
19:56
Хуфтон
21:32
Bismillah
05 Июн, 2025, 9 Зулҳижжа, 1446

Расулуллоҳ ﷺнинг ногирон бир кишига меҳрибонликлари

14.12.2024   3170   1 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг ногирон бир кишига меҳрибонликлари

Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят қилинади:

Мадинада бир ногирон киши бор эди. У яқинларига: “Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга борадиган йўлга қўйинглар”, деди. Ногирон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига қўйилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидга борсалар, унга салом берар эдилар.

Ногирон кишининг яқинлари уни оиласига қайтариш учун келсалар у: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт эканлар, мен бу ерни тарк этмайман. Мен учун шу ерда бир кулба қуриб беринглар”, деди. Унга кулба қуриб бердилар. Ногирон шу жойда яшай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар масжидга борганларида, уйчага кириб, ногирон кишига салом берар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор таом берилса, ундан ногирон кишига ҳам юборар эдилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. У зот алайҳиссаломнинг олдиларига биров келиб, ногирон кишининг вафот этганини етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар, биз ҳам у зот билан бирга турдик. Кулбага яқинлашганларида, саҳобаларига: “Мендан бошқа бирор киши кулбага яқинлашмасин!” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга яқин келдилар. У ерда Жаброил алайҳиссалом ногирон кишининг бошида ўтирган эди. Жаброил алайҳиссалом: “Ё Аллоҳнинг Расули! Агар Сиз келмаганингизда, ўрнингизга унинг (марҳумнинг ювиш) ишини биз бажарар эдик. Аммо сиз келдингиз ва бунга сиз ҳақлироқсиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, ўз қўллари билан уни ювдилар, кафанладилар ва унга жаноза ўқиб, қабрга қўйдилар”.

Даврон НУРМУҲАММАД 
Абд Ибн Ҳумайд Кешийнинг "Муснади Кеший" асаридан.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистонлик ҳожилар халқимизни дуо қилмоқда

02.06.2025   4434   2 min.
Ўзбекистонлик ҳожилар халқимизни дуо қилмоқда

 
 

Президент Шавкат Мирзиёев 31 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди. 


Ҳозирги муборак кунларда азиз юртдошларимиз Ҳаж зиёрати учун Маккаи мукаррамада бўлиб туришибди. Давлатимиз раҳбари улар учун яратилган шароитлар, нуронийларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради.


Муфтий ҳазратлари Ҳаж амалларини сидқидилдан, мукаммал адо этиш учун барча ташкилий чоралар кўрилганини таъкидлади.


Айни пайтда 15 минг нафар ҳожиларимизнинг барчаси Саудия Арабистонига етиб борган. Уларга 300 дан ошиқ гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, 10 дан зиёд ошпазлар ва бошқа мутахассислар ҳамроҳлик қилмоқда.


Бу йил, Ўзбекистон томонининг талабига мувофиқ, Арафот ҳудудидаги чодирлар ёпиқ тарзда барпо этилди. Уларнинг атрофи иссиқ ўтказмайдиган панеллар билан ўралган, совутиш тизими ўрнатилган, гилам ва тўшаклар солинган. Бу ҳозирги ёз кунларида зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратади.  


Бир сўз билан айтганда, бу йилги ҳаж мавсумига янада юқори даражада тайёргарлик кўрилиб, барча зарур шароитлар ҳозирланди. Бундан қалбида шукроналик ҳисси жўшган юртдошларимиз муқаддас жойларда туриб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилмоқда.


Муфтий Нуриддин Холиқназар Президентимизга улуғ ибодат файзи билан юрган ҳожиларимизнинг саломи ва дуоларини етказди. Давлатимиз раҳбари барча зиёратчиларга салом йўллаб, юртимизга соғ-омон келишларини тилади. 


Суҳбат самимий ва кўтаринки руҳда ўтди. Муҳтарам ҳожилар Ўзбекистонга қайтгач, маҳаллаларда ижтимоий муҳитини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд инсонларга кўмак бериш, ёшларни илм-маърифатга тарғиб этишда намуна кўрсатишларига умид билдирилди. 

President.uz

 

 


 

Дунё янгиликлари