Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июн, 2025   |   11 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:57
Хуфтон
21:34
Bismillah
07 Июн, 2025, 11 Зулҳижжа, 1446

Расулуллоҳ ﷺнинг ногирон бир кишига меҳрибонликлари

14.12.2024   3207   1 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг ногирон бир кишига меҳрибонликлари

Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят қилинади:

Мадинада бир ногирон киши бор эди. У яқинларига: “Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга борадиган йўлга қўйинглар”, деди. Ногирон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига қўйилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидга борсалар, унга салом берар эдилар.

Ногирон кишининг яқинлари уни оиласига қайтариш учун келсалар у: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт эканлар, мен бу ерни тарк этмайман. Мен учун шу ерда бир кулба қуриб беринглар”, деди. Унга кулба қуриб бердилар. Ногирон шу жойда яшай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар масжидга борганларида, уйчага кириб, ногирон кишига салом берар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор таом берилса, ундан ногирон кишига ҳам юборар эдилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. У зот алайҳиссаломнинг олдиларига биров келиб, ногирон кишининг вафот этганини етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар, биз ҳам у зот билан бирга турдик. Кулбага яқинлашганларида, саҳобаларига: “Мендан бошқа бирор киши кулбага яқинлашмасин!” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга яқин келдилар. У ерда Жаброил алайҳиссалом ногирон кишининг бошида ўтирган эди. Жаброил алайҳиссалом: “Ё Аллоҳнинг Расули! Агар Сиз келмаганингизда, ўрнингизга унинг (марҳумнинг ювиш) ишини биз бажарар эдик. Аммо сиз келдингиз ва бунга сиз ҳақлироқсиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, ўз қўллари билан уни ювдилар, кафанладилар ва унга жаноза ўқиб, қабрга қўйдилар”.

Даврон НУРМУҲАММАД 
Абд Ибн Ҳумайд Кешийнинг "Муснади Кеший" асаридан.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қуръон матни сақланиб қолишига оид манбалар аниқланди – мутахассислар

04.06.2025   6342   4 min.
Қуръон матни сақланиб қолишига оид манбалар аниқланди  –  мутахассислар

 
 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари орқали ислом маданияти ва Қуръон илмининг турли даврлардаги ривожланиш босқичлари ҳақида чуқур тасаввур олиш имкониятига эга бўлиш мумкин. Шунингдек, Қуръон матнлари қандай сақланиб қолгани ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилиши кутиляпти. 

 

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги мегалойиҳа — Ислом цивилизацияси марказининг экспозицияларини шакллантиришда контентларни замонавий технологиялар асосида тайёрлаш бош вазифа сифатида белгиланган.

 

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Марказнинг махсус штабида Қуръон зали экспозицияси бўйича якуний таклиф ва хулосалар муҳокама қилинди. Унда экспозицияни мазмунан бойитиш, ноёб қўлёзмаларни танлаб жойлаштириш, уларни замонавий технологиялар асосида кенг оммага тақдим этиш каби масалалар муҳокама қилинди.


 

Залда 114 та ноёб Қуръон қўлёзмаси тўпланган бўлиб, бу юртимизда Қуръонга бўлган ҳурмат ва эътиборни намоён этади. Қўлёзмалар орасида жуда қадимий ва нодир нусхалар ҳам мавжуд. Жумладан:

 

- “Катта Лангар Қуръони” — бугунги кунда жуда кам сонли нусхалари сақланиб қолган, илк исломий қўлёзмалардан бири;

 

Ҳазрати Усмон Қуръони — Қуръоннинг илк нашрларидан бири бўлиб, ислом оламида муқаддас манба сифатида эътироф этилади.

 

Шунингдек, бошқа даврларга оид кўплаб араб графикасида ёзилган, безакли, ноёб қўлёзмалар намойиш қилинади. Бу қўлёзмалар тарихий ва диний аҳамиятга эга бўлиб, уларни ўрганиш орқали ислом маданияти ва Қуръон илмининг турли даврлардаги ривожланиш босқичлари ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлиш мумкин.

 

Муҳокамада Қуръон залини ташкил этишда замонавий услубларни қўллаш, яъни нафақат китобларни сақлаш, балки уларни интерактив ва тушунарли шаклда тақдим этиш масалалари муҳим ўрин тутди. Жумладан, қуйидаги технологияларни жорий этиш режалаштирилмоқда:

интерактив экранлар – ҳар бир қўлёзманинг саҳифаларини яқинлаштириб, ҳарфлари ва безакларини кўриб чиқиш имконияти;

аудиогидлар (овозли йўлбошчилар) – ҳар бир экспонат ҳақида ўзбек, араб, инглиз тилларида маълумотлар тинглаш имконияти;

виртуал экспозициялар – интернет орқали Қуръон залини масофадан туриб томоша қилиш имконияти;

Замонавий ёритиш ва намойиш техникаси – қўлёзмаларни зарар етказмасдан кўрсатиш имконини беради.

 

Бу усуллар орқали ташриф буюрувчилар ҳар бир Қуръон нусхасининг тарихи, ёзилган даври, географияси ва санъат даражаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишади.

 

Мазкур зал фақат кўргазма эмас, балки илмий тадқиқотлар олиб бориладиган марказ ҳам бўлади. Бу ерда шарқшунослар, тарихчилар, филологлар, ҳаттотлар ва диний олимлар учун бебаҳо манбалар тақдим этилади.

 

Ҳамидулла Лутфуллаев, Шарқшунослик институти Тарихий манбалар бўлими бошлиғи, олим:


– Қуръони каримнинг дастлабки даврларига оид, айниқса Ҳазрати Усмон даврида ёзилган еттита қўлёзма нусхаси аниқланган. Экспозициядан жой олиши кутилаётган бу манбалар бизга Қуръон матни қандай сақланиб қолганини кўрсатади ва ўрганишимизга замин яратади. Қуръон зали ёш авлод, хорижий меҳмонлар, тадқиқотчилар ва зиёратчилар учун диний, маданий ва илмий бойликни бир жойда кўриш имконини беради.

 

Мазкур лойиҳа орқали Ўзбекистон мусулмон оламида яна бир бор илм, маънавият ва бағрикенглик маркази сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаши кутилмоқда. Қуръон зали эса бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.

cisc.uz

Қуръон матни сақланиб қолишига оид манбалар аниқланди  –  мутахассислар
Ўзбекистон янгиликлари