Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Август, 2026   |   5 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:08
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:17
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
18 Август, 2026, 5 Рабиъул аввал, 1448

Муфтий ҳазратлари номига ташаккурнома йўлланди

14.12.2024   83517   2 min.
Муфтий ҳазратлари номига ташаккурнома йўлланди

27 октябрь куни юртимизда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга депутатлик сайлови ўтказилди. Сайлов жараёнларини кузатиш учун  бир қатор хорижий давлатлардан эскпертлар ташриф буюрди. Мазкур жараёнда Иордания мамлакати делегациясини Муфтий ҳаратлари бошчигидаги Диний идора ходимлари кутиб олиб, меҳмонларга сайлов жараёнларини кузатиш учун барча шароитларни ҳозирлаб, уларга ҳамроҳлик қилди. Шу муносабат билан Иордания делегацияси Муфтий ҳазратлари номига ташаккурнома йўллади. 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, фазилатли Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига

ТАШАККУРНОМА
 

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу

Ўзбекистон Республикасидаги парламент сайловларини кузатиш учун таклиф этилган Иордания делегацияси сифатида сизларнинг мамлакатингизга ташриф буюриш ва кўплаб давлатлардан келган делегациялар билан бирга сайловларни кузатишда иштирок этиш шарафига муяссар бўлдик.
 

Ташриф давомида Ўзбекистон Республикасида барча соҳаларда ютуқларга эришилаётганининг гувоҳи бўлдик.


Бизни меҳр-муҳаббат, ҳамкорлик ва тинчликда бирлаштирган диний ва тарихий меросга асосланган, қалбларимизга азиз бўлган ҳамда юртимиз Иорданияга дўст саналган ушбу давлат билан танишиш имкониятини берганингиз учун самимий ташаккуримизни изҳор этамиз.


Шунингдек, ташриф давомида бизга кўрсатилган барча қулайликлар ҳамда делегациямизга кўрсатган самимий саховатингиз, меҳмондўстлигингиз ва алоҳида эътиборингиз учун чин қалбдан самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз.


Хусусан, Тошкент шаҳридаги жоме масжид имом-хатиби ғайратли Нурали Мавлоновга ташрифимизни енгиллаштириш ва араб тилига таржима қилишдаги ёрдамини алоҳида эътироф этмоқчимизки, унинг саъй-ҳаракатлари туфайли юртингиз ва халқингиз ҳақида яхшироқ тушунчага эга бўлдик.


Фурсатдан фойдаланиб, Тошкент халқаро аэропортига етиб келганимиздан бошлаб, эҳтиром кўрсатилган ҳолда мамлакатингиздан чиқиб кетгунга қадар бизга ҳамроҳлик қилган барча ташкилотчиларга самимий миннатдорчилик билдирамиз. 


Барчангизга ташаккур. Аллоҳ таоло сизларга динга хизмат қилиш йўлида муваффақиятлар ато этсин. 


Барча соҳаларда ҳамкорлигимизни ривожлантиришни умид қилиб қоламиз. 


Мустақил сайлов комиссияси вакили,

Иордания делегацияси раҳбари

Жиҳод ал-Мумний

 

Бошқа мақолалар

От изини той босар

14.08.2026   24343   1 min.
От изини той босар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».


Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.


Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:


– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.

– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...

– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.

Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.

– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.

– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.


Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.


Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.


Акбаршоҳ РАСУЛОВ