Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фотиҳа сурасининг 5-оятидаги “Сенгагина ибодат қиламиз” жумласи банданинг куфр ва ширкдан йироқ бўлишга, “Сендангина ёрдам сўраймиз” эса Аллоҳдан ўзгасига таваккул қилмасликка тарғиб қилади. Лекин, бунда восита бўладиган нарсалар инкор қилинмайди. Масалан, бирон ерга етиб олишда улов восита вазифасини бажарса, у ерга хотиржам етиб олишга Аллоҳ мадад беради.
Хуллас, Ислом ёрдам ва кўмак маъносида восита ва сабаб бўладиган нарсаларга қарши эмас. Фақат ана ўша воситаларнинг ўзига суяниб қолмасдан, қалбни бутунлай Аллоҳга тошпириш ва сабабларни ҳаракатга келтириш лозим.
Аллоҳдан ёрдам сўраш икки хил бўлади:
1. Ибодатларни тўлиқ, нуқсонсиз ва бекаму кўст адо этишда ёрдам сўраш;
2. Зарарни даф қилиш ва ёмонликлардан сақланишда ёрдам сўраш.
Уламоларимиз ояти каримада аввал ибодат, кейин истиъонат (ёрдам сўраш)нинг келтирилишига бир неча сабабларни санаб ўтишган:
– Аллоҳ таолонинг ҳаққи бандалар ҳаққидан устундир. Ибодат Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққи, истиъонат эса бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққидир.
– аввал умумий, кейин хос нарсанинг зикр қилиниши. Ибодат умумий маънодаги тушунча бўлса, истиъонат ўша ибодат турига мансуб амаллардан биридир.
– аввал восита бўладиган нарса зикр қилинса, сўралаётган дуонинг ижобати осон бўлиши.
– банда ибодат қилсагина Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Имон ёки ҳақиқий ибодатдан маҳрум кишилар Аллоҳга дуо қилиш ва У Зотдан ёрдам сўрашдан бебаҳра бўладилар.
Аллоҳнинг ибодатида бўлиш ва У Зотдангина ёрдам сўраш бандани абадий саодат сари етакловчи энг асосий омилдир. Бу иккисини бажармай туриб ҳақиқий бахтга эришиб бўлмайди.
Ибодат Аллоҳ таолонинг розилигини истаб адо этилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мос келса, шундагина ҳақиқий ибодат бўлади. Акс ҳолда, ниятнинг йўқлиги ва амалнинг шариатга мувофиқ келмаслиги, уни ботил (бекор, беҳуда) қилиб қўяди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортларидан кетаётган эдим, у зот: “Эй бола, мен сенга бир неча (манфаатли) сўзларни ўргатаман: Аллоҳ(нинг ҳудудлари)ни сақла. Шунда У Зот сени сақлайди. Аллоҳ(нинг ҳақлари)ни сақла. Шунда Уни қаршингда топасан. Агар сўрамоқчи бўлсанг, бас, Аллоҳдан сўра. Агар ёрдам истасанг, бас, Аллоҳдан ёрдам сўра. Билгинки, агар уммат (бир жойга) тўпланиб, сенга мафаат етказмоқчи бўлсалар, фақат Аллоҳ сенга (тақдир қилиб) ёзиб қўйган даражада манфаат етказа оладилар. Агар улар йиғилиб, сенга зиён етказмоқчи бўлсалар, фақат Аллоҳ сенга ёзган даражада зарар етказа оладилар, холос. Қаламлар кўтарилди, саҳифалар қуриди”, дедилар (Имом Термизий, Аҳмад, Ҳоким “Мустадрок”да, Табароний “Кабийр” ва “Авсат”да ва Байҳақий “Шуъабул ийман”да ривоят қилган. Абу Исо Термизий: “Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ”, деган. Байҳақий ўз ривоятида: “Агар паноҳ истамоқчи бўлса, бас, Аллоҳдан паноҳ сўра” жумласини зиёда қилган).
Аллоҳдан ўзга зот бирон нарсани бериш ва ман қилишга, зарарни даф этиш ёки фойда келтиришга қодир эмас. Паноҳ ва ёрдам сўрашда ҳам фақат У Зотнинг Ўзигагина юзланиш лозим. Аллоҳдан ўзгаси мукаммал суратда, ҳақиқий маънода паноҳ беролмайди. Бандалар берган “паноҳ” эса вақтинчалик, ўткинчи ва завол топувчидир.
Аллоҳ Ўзидан сўраган бандасини яхши кўради ва аксинча, Унга дуо қилмайдиган, ҳожатларини сўрамайдиган бандани ёмон кўради. Шу маънода Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Одамларга одамларнинг ёқимлироғи одамлардан беҳожат бўлгани ва улардан ҳеч нарса сўрамайдиганидир. Одамларга одамларнинг ёқмайдигани уларга муҳтож бўлганидир. Аллоҳ учун одамларнинг суюмлироғи Аллоҳга муҳтож бўлгани ва Ундан сўрагани, Аллоҳга одамларнинг ёқмайдигани Ундан “беҳожат” бўлгани ва ҳеч нарса сўрамагинидир”.
Аллоҳдан ёрдам сўраш бир ишга киришишдан олдин бўлгани афзал. Яъни, ўша ишни бошламасдан олдин Аллоҳга дуо қилиб, ишнинг енгил кечиши ва баракали бўлиши сўралади ва таваккул қилиниб, кейин ҳаракатга ўтилади. Бу борада саъй-ҳаракат, интилиш унутиб қўйилмаслиги лозим. Банда ўзи дангасалик қилиб, ҳеч бир чора-тадбир кўрмай туриб, Аллоҳга дуо қилиши, уруғ экмай туриб ҳосил кутган деҳқоннинг беҳуда уринишига ўхшайди.
Юқоридаги ояти карима ва унинг тафсири орқали Аллоҳ таолодан нималарни сўрашни билиб олдик. Энди Аллоҳдан ўзгасидан, хусусан дунёдан ўтиб кетганлардан ёрдам сўраш мўмин кишига тўғри келмаслиги, бундай ишлар Ислом эътиқодига зид экани ҳақида суҳбатлашамиз.
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Жорий йил, 18 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Қатар вақф ва ислом ишлари вазири Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Қатар алоқалари ривожланаётгани, икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари, олий даражада имзоланган ҳужжатлар ҳамкорликнинг жадал тараққий этишида муҳим омил экани таъкидланди.
Мартабали меҳмонга юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, эътиқод эркинлиги йўналишидаги янгиланишлар ва кўп миллатли халқимиз учун тақдим этилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, «Вақф» хайрия жамоат фонди, илмий-тадқиқот марказлари, масжид-мадрасалар, Фатво маркази, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари делегацияда катта қизиқиш уйғотди.
Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним Ўзбекистонга илк ташрифидан мамнун экани, бу замин дунё тамаддуни марказларидан бири экани, улуғ мутафаккирларимиз башарият тараққиётига катта ҳисса қўшгани, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломалар бутун оламга машҳур эканини эътироф этди.
Учрашувда диний соҳа ходимлари малакасини ошириш, илмий-тадқиқот, таълим-тарбия ва зиёрат туризми йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилиб, осори-атиқаларни сақлаш, илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш ва ислом маърифатини кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган тарихий ишларни юқори баҳолади.
Шунингдек, мартабали меҳмонлар Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ҳам бўлиб, олий маъҳад фаолияти билан яқиндан танишдилар.
“Ҳазрати Имом” масжидида ўқилган жума намозидан сўнг икки давлат ҳамкорлиги янада тараққий этиши, дин йўлида қилинаётган хизматлар бардавом бўлишини тилаб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати