Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ота-онага оқ бўлиш оғир гуноҳ эканини кўпчилик билади. Аммо оқ бўлишнинг чегараси, ўлчови, оқ бўлишга сабаб бўладиган нарсалар айнан нималардан иборат экани ҳақида кўпчилигимизда илмий асосланган далил ва ҳужжат йўқ. Кўп нарсалар умумий маълумотлардан нарига ўтмайди. Ушбу сарлавҳа остида келадиган маълумотлар орқали бу мавзуни қўлдан келганича ўрганишга ҳаракат қиламиз.
عَنْ سَعِيدٍ الْمَقْبُرِيِّ؛ أَنَّهُ سَمِعَ السَّلُولِيَّ يُحَدِّثُ نَوْفَلَ بْنَ مُسَاحِقٍ؛ أَنَّهُ سَأَلَ كَعْبَ الْأَحْبَارِ: مَا تَجِدُونَ فِي كِتَابِ اللهِ مِنْ عُقُوقِ الْوَالِدَيْنِ؟ قَالَ: أَنَا أُخْبِرُكَ إِذَا أَقْسَمَ عَلَيْهِ فَلَمْ يَبَرَّهُ، وَسَأَلَهُ فَلَمْ يُعْطِهِ، وَائْتَمَنَهُ فَلَمْ يَرُدَّ عَلَيْهِ، وَاشْتَكَى إِلَى اللهِ مَا يَلْقَى مِنْهُ، فَذَلِكَ الْعُقُوقُ كُلُّهُ.
Саъид Мақбурийдан, у Салулийдан Навфал ибн Мусоҳиққа ҳадис айтаётганини эшитди.
Шарҳ: Ушбу ривоятда боланинг ота-онага оқ бўлиб қолишига сабаб бўладиган амаллардан баъзилари зикр қилинмоқда:
1. Ота-она боласи ҳақида қасам ичса, бола унга амал қилмаслиги.
Яъни, ота-она боласини ўртага қўйиб қасам ичди. Улар қасамхўр бўлмаслиги учун бола қасамдаги ишни қилиши лозим. Агар бепарво бўлиб, мазкур амални қилмай, ота-онани танг ҳолга солиб қўйса, уларга оқ бўлади.
2. Ота-она боласидан бирор нарсани сўраса, бола имкони бўлиб туриб, бермаслиги.
Ота-она ҳожатманд бўлибми, кўнгли тусабми ёки бошқа бир сабабданми, боласидан бирор нарсани беришини сўради. Бола ўша нарсани дарҳол, хурсандчилик билан ота-онасига бериши керак. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида айтилганидек, боланинг ўзи ҳам, моли ҳам отаникидир.
Агар бола ота-онаси сўраган нарсани бермаса, уларга ёмонлик қилган ҳисобланади ва бу ёмон иши билан ота-онасига оқ бўлади.
3. Ота-онасининг омонатига хиёнат қилиши.
Ота-она боласига бирор нарсани омонат қилиб топширса-ю, у омонатга хиёнат қилса, ота-онасига оқ бўлади. Бегона, ҳатто ғайридин одамнинг омонатига хиёнат қилиш ҳам катта гуноҳ ҳисобланади. Шундай экан, ота-онанинг омонатига хиёнат қилиш уларга оқ бўлиш учун кифоя қилади.
4. Фарзанд ота-онаси у ҳақда Аллоҳга шикоят қиладиган иш қилиши.
Яъни боланинг бир қилмишлари борки, ота-онаси уларга чидай олмасдан, Аллоҳга ёлвориб: «Аллоҳим, болам мени шундай қилди», деб шикоят қилса, ўша бола ҳам оқ бўлади.
5. Ота-онага қилиш лозим бўлган яхшиликни қилмаслик «салбий оқ бўлиш» деб аталади. Улардан бирортасини қилмаган одам ота-онасига ўша соҳада оқ бўлаверади.
6. Ота-онага оқ бўлиш амалий ва каломий қисмларга бўлинади. Ота-онага гап-сўз билан озор етказган одам уларга каломий оқ бўлади. Ота-онага бир қилмиши билан озор берганлар амалий оқ бўлади.
Буларга ота-онани малол олиш, уларга дўқ қилиш, ғазаб кўрсатиш, тик қараш каби нарсалар киради.
7. Ота-онага оқ бўлишнинг умумий ўлчови шуки, бегона кимсага қилинса, кичик гуноҳ бўладиган амаллар ота-онага нисбатан қилинганда катта гуноҳга айланади.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир ғаройиб илмий тадқиқотда олимлар солиҳа хотиннинг уйдаги саодатга кучли таъсир қилишини исботладилар. «Никоҳ ва оила» журналида чоп этилган маълумотда тадқиқотчилар ҳаётдаги бахтнинг сири жуфтида эканини аниқлашди. Тадқиқотчилар бир нечта эркакларни синаб кўрдилар ва эр-хотинлик саодатида аёлнинг асосий роли борлигини аниқладилар. Хотин эрини мақтаса, бу эрнинг ҳаётда бахтиёрлигидан далолат беради. «Эр-хотин муносабатларидаги номутаносиблик аёлларнинг одатда эрларига ҳиссий ва амалий ёрдамни қандай кўрсатиши билан боғлиқ, аксинча эмас», дейди тадқиқот ҳаммуаллифи Дебора Карр. — Бахтсиз турмуш қурган эркаклар, уларнинг умумий фаровонлигини оширадиган эр-хотин муносабатларидан фойда олишлари мумкин. Бинобарин, солиҳа жуфт бу дунёда саодатнинг асосий сабабчиси эканлигини илмий ҳақиқат тасдиқлайди.
Буни севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алйҳи васаллам аллақачон таъкидлаб қўйганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Дунё матодир. Дунё матосининг энг яхшиси солиҳа аёлдир» (Имом Муслим ривояти).
Мўмин инсоннинг бу дунёда ўзига мададкор, ҳаётига бахт ва роҳат кириб келишига сабаб бўладиган солиҳа жуфти бўлиши, бу дунёдаги энг яхши саодат тури эканлигини юқоридаги ҳадис таъкидламоқда. Бу бугун олимлар кашф этган ҳақиқатдир. Бизга Ислом неъматини бергани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.