Cавол: 100 марта астағфируллоҳ айтгандан кейин қандай дуо қилинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Истиғфор, шу каби салавот ва тасбеҳлардан кейин муайян бир дуони ўқиш буюрилмаган. Лекин дуо айни ибодат саналади. Уни ҳар қандай муносиб ҳолатларда қилиш жоиз. Жумладан, савобли амаллар: намоз, рўза, зикру тасбеҳлар каби ибодатлардан кейин дуо қилинса, ижобатга яқин бўлади. Истаса ушбу зикру тасбеҳларининг савобини кимгадир бағишлайди.
Демак, истиғфор ва зикру тасбеҳлардан кейин дуо қилиш шарт эмас, лекин дуо қилмоқчи бўлса, бунга монеълик йўқ. Дуо қилгани учун алоҳида савоб олади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан «Вақф» хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят филиали томонидан «Имом Фахриддин ар-Розий» ўрта махсус ислом таълим муассасасида байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда таълим муассасасида фаолият юритаётган устоз ва мураббийларнинг илм-маърифат йўлидаги шарафли меҳнати эътироф этилиб, уларга самимий тилаклар билдирилди. Байрам муносабати билан 8 нафар устозга 5 миллион сўмдан, жами 40 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари топширилди.
Шунингдек, бошқа ўқитувчи ва мураббийларга озиқ-овқат маҳсулотларидан ташкил топган жамланмалар ҳамда маиший техника воситалари байрам совғаси сифатида тақдим этилди.
Байрам тадбири давомида устоз ва мураббийларга эзгу тилаклар билдирилиб, уларнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятларига муваффақиятлар тиланди. Зеро, устозга кўрсатилган эҳтиром — илмга, маърифатга ва келажак авлодга кўрсатилган эҳтиромдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати