Cавол: 100 марта астағфируллоҳ айтгандан кейин қандай дуо қилинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Истиғфор, шу каби салавот ва тасбеҳлардан кейин муайян бир дуони ўқиш буюрилмаган. Лекин дуо айни ибодат саналади. Уни ҳар қандай муносиб ҳолатларда қилиш жоиз. Жумладан, савобли амаллар: намоз, рўза, зикру тасбеҳлар каби ибодатлардан кейин дуо қилинса, ижобатга яқин бўлади. Истаса ушбу зикру тасбеҳларининг савобини кимгадир бағишлайди.
Демак, истиғфор ва зикру тасбеҳлардан кейин дуо қилиш шарт эмас, лекин дуо қилмоқчи бўлса, бунга монеълик йўқ. Дуо қилгани учун алоҳида савоб олади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаддис Аҳмад Шерозий раҳимаҳуллоҳ вафот қилгач, бир киши унинг ўғлининг олдига келиб деди:
- Тушимда отангни кўрдим. Шероздаги масжид меҳробида турибди. Эгнида чиройли кийимлар, бошида турли қимматбаҳо тошлар билан безатилган тож бор эди. Мен ундан сўрадим:
- Аллоҳ таоло сенга қандай муомала қилди?
Отанг деди:
- Мени Аллоҳ мағфират этди, икром қилиб жаннатига киритди!
- Нима сабабдан?
- Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим сабабидан!
Жума куни салавотни кўпайтиринг!
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ъала Саййидина Муҳаммад.