Cавол: 100 марта астағфируллоҳ айтгандан кейин қандай дуо қилинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Истиғфор, шу каби салавот ва тасбеҳлардан кейин муайян бир дуони ўқиш буюрилмаган. Лекин дуо айни ибодат саналади. Уни ҳар қандай муносиб ҳолатларда қилиш жоиз. Жумладан, савобли амаллар: намоз, рўза, зикру тасбеҳлар каби ибодатлардан кейин дуо қилинса, ижобатга яқин бўлади. Истаса ушбу зикру тасбеҳларининг савобини кимгадир бағишлайди.
Демак, истиғфор ва зикру тасбеҳлардан кейин дуо қилиш шарт эмас, лекин дуо қилмоқчи бўлса, бунга монеълик йўқ. Дуо қилгани учун алоҳида савоб олади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Чилонзор тумани имом-хатиблари билан туманда ёнғин содир бўлган бир хонадонга ташриф буюриб, мусибатзадалардан кўнгил сўрадилар.
Талафотни кўздан кечириб, хонадон аҳллларига сабр-бардошли бўлиш динимиз таълимоти эканини, иншоаллоҳ, Аллоҳ таоло бу мусибат ортидан, албатта, енгиллик беришини тушунтирдилар.
Шу билан бирга, ҳомийлар кўмагида хонадоннинг пойдевори, девори ва том қисми учун зарур бўлган қурилиш материллари ҳамда керакли ашёлар етказиб берилади. Иншоаллоҳ, тез орада хонадон қайтадан янгича қиёфада қад ростлаши учун имом-домлалар бел боғладилар.
Албатта, бу кўнгилсиз ҳодиса барчани қайғуга солди. Лекин мўмин киши Аллоҳ таоло таълим берганидек: «Биз сизлрни бироз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Сабрлиларга башорат беринг. Улар мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз” дерлар» (Бақара сураси, 155–156-оятлар), йўл тутади.
Ёши улуғ отахонларимиз дуога қўл очганда бежиз тилсиз ёв – ўт балосидан паноҳ тилашмаган.
Аллоҳ таоло тилсиз ёвдан барчамизни асрасин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати