Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Умар Ахсикатий Ҳанафийнинг тахаллуси Ҳисомиддин, куняси эса Абу Абдуллоҳдир. У зот Ҳанафий фақиҳи бўлиб, фаръий ва усул илмларининг имомларидан бўлганлар. Туғилган йиллари маълум эмас.
Ахсикат деб Фарғона водийсига қарашли шаҳарлардан бирига нисбатан ишлатилган. Исмлари борасида ҳам ихтилоф бор. Баъзилар Ахсийкасий деб уч нуқтали “са” ҳарфи билан номлашади. Хусусан “Мифтаҳус саъадат” ва “Ал-фавоид” соҳиблари шу ном билан асарларида зикр қилишган. Аллома Абий Муҳаммад Абдул Ҳақ Ҳаққоний роҳимаҳуллоҳ ҳам шарҳлаган китобларида шу номда зикр қилган. Яқут Ҳамавий Ахсикат деб айтиш тўғрироқ дейди. Чунки ажамий ҳарфларда араб тилидаги уч нуқтали са ҳарфи мавжуда эмас. Бу шаҳар Мовароуннаҳрда бўлиб, Шош дарёси қирғоғидаги текисликда жойлашган. Кейинги йилларда олиб борилган археологик тадқиқотлар Ахсикат шаҳри ҳозирги Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида, Сирдарёнинг ўнг қирғоғи бўйлаб жойлашган Ахсикент ёдгорлиги ўрнида бўлган.
Тадқиқотлар асосида бу ерда турли даврларга оид иккита шаҳар бўлганлиги, улардан бири қадимги Ахсикат ва иккинчиси Бобур туғилган Ахси эканлиги исботланган. Ҳозирда қадимги шаҳар харобаларида қазишма ишлари олиб борилмоқда. Бу қазилмалар натижасида юзлаб топилмалар, хусусан пўлат қилич ва Оятул Курсий ёзилган мис пиёла, Дамашқ қиличи топилган.
Ахсикат шаҳрида илм-фанда катта мавқега эга бўлган уламолар билан бир қаторда моҳир ҳунармандлар ҳам бўлган. Улар қаттиқ ва юмшоқ пўлатлар ишлаб чиқариш сирларини билишган. Улар тайёрлаган қиличлар Шарқда Хитой ва Жануби-ғарбда халифалик маркази бўлган Дамашқ бозорларида сотилган.
Аллома Ҳусомиддин Ахсикатий тасниф қилган асарлар қуйидагилар: “Ал-мунтаҳаб”, “Ал-Ҳусамий”, “Мифтоҳул усул”, “Ғоятут таҳқиқ”, Дақоиқул усул ва таб’йин”. “Ал-мунтаҳаб” китоби анча машҳурдир. Унга кўплаб шарҳлар ёзилган. “Кашфуз зунун” асари муаллифи китоб ҳақида шундай дейди: “Бу китоб ортиқчаликдан холи, фасллар тўлиқ баён қилинган, зиддият ва қарашлар чуқур ўрганилган. Унга ўн олтита шарҳ ёзилган”. Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорий: “Бу мухтасар китоб бошқа барча китоблардан тартиби мустаҳкамлиги ва услуби тартиблиги билан устун туради”, деган.
Ҳусайн ибн Алий ибн Хажжож Сиғноқий Ҳусомиддин Ахсикатий ҳақида: “Ўз замонасининг буюк имоми, зоҳид, илмда денгиз, қунт-матонатли, масалаларнинг нозик жиҳатларини билувчи, башар муфтийси, шаръиатни намоён қилувчи ва суннатни ҳимоя қилувчи зот эди”, деган. Имом Лакнавий: “Шайх, фозил, усул ва фуруъда имом эди”, деб у зотни таърифлаган.
Имом Абу Абдуллоҳ Ахсикатий ҳижрий 644 йилнинг Зулқаъда ойи 22 санасида, душанба куни, милодий 1247 йилнинг 1 апрель куни вафот этган. Қабри Бухорода бўлиб, Етти Қози қабристонидаги Қозихон Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Абдий яқинига дафн қилинган.
Фойдаланган манбалар ва aдабиётлар:
١. كتاب الوافي في أصول الفقه. الجزء الأول. م ١٩٩٧.ص ١٩-٢٠
2. Нишонова Д. Хусомиддин ал-Ахсикатий илмий мероси. Узбекистон халкаро ислом академияси. Ислом тафаккури. 2020 йил. Махсус сон.
3. https://yuz.uz/uz/news/axsikent-qilichbozligi-tarixi-uzoq-tarixga-borib-taqaladi.
Ҳасанбой Воҳидов,
Тошкент ислом институти талабаси.
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ