Бугун, 14 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Андижон вилояти сафарлари давомида туман-шаҳар бош имом-хатиблари ва “Саййид Муҳйиддин махдум” билим юрти мударрислари билан йиғилиш ўтказдилар.
Учрашув аввалида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимиз тараққиётининг янги даврида диний соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритдилар. Жумладан, ҳар бир имом-хатиб масжиддаги фаолияти билан бирга ўзига бириктирилган маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ҳам фаол хизмат қилишларини таъкидладилар. Шунингдек, имом-домлалар ҳар бир ишни қонунчилик доирасида амалга оширишлари ва дин пешвоси бўлган имомлар жамиятнинг энг намунали кишиси бўлишларига катта урғу қаратдилар.
Таҳлилий руҳда ўтган мажлисда Муфтий ҳазратлари кейинги йилларда Андижон вилоятида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилаётгани, имом-хатиблар шариат ходими сифатида халқимиз диний эҳтиёжини қондириш ва хайрия ишларини кенг кўламда адо этаётганларини таъкидлаш баробарида баъзи имом-хатиблар фаолиятида камчиликлар кўзга ташланаётгани, улар ўзларини ислоҳ қилишлари лозимлигини алоҳида қайд этдилар.
Шунингдек, устоз-муддарислик ҳам жамият ҳаётида энг муҳим мақом ва одамлар эътиборидаги улуғ касб экани, бугунги кунда барча соҳада бўлгани каби диний жабҳада ҳам ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлаш жуда ҳам зарур эканини баён этдилар.
Йиғилиш давомида мутасаддилар ўтaётган йил якунлари ва келгуси йилги режалар юзасидан ахборот берди. Шунингдек, масъулларга соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам руқя ўқимоқчи бўлсалар, кўрсатгич бармоғига тупукларини теккизардилар. Сўнг уни тупроққа босар, бармоққа ёпишган нарсани беморга суркаб, ушбу дуони: “Бисмиллааҳи, турбату арзина, бирийқати баъдинаа, йушфаа сақиймунаа, биизни Роббинаа” айтар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Дуонинг таржимаси: “Еримизнинг тупроғи, баъзимизнинг тупуги, Роббимизнинг изни ила касалимизга шифо бер”.
Имом ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ: “Ушбу ҳолат буни инкор этган ёки уни масхара қилган ёки эътиқод қилмагани ҳолда фақатгина тажриба қилиб кўрган кишигагина фойда бермайди”, дедилар (“Фатҳул Борий” дан).