Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу
Айтинг-чи, бу дунёда ким сиз учун жонини бера олади, ким сиз учун ўзини қурбон қилишга тайёр? Бир ўйлаб кўринг-чи? Аллоҳга қасамки, онангиздан бошқа одамни топа олмайсиз. Ҳеч ким сизни онангиз каби севмайди, сизга ғамхўрлик қилмайди.
Ҳикоя қилишларича, бир ёш йигит ўз онасини ёқтирмас экан. Онасининг ташқи кўринишидан уяларкан. У: “Онамнинг овозини эшитишни ҳам, ўзини кўришни ҳам истамайман” деб айтарди. Ахир ҳеч ким онасини сотиб олмайди. Нима бўлганда ҳам у сизнинг онангиз-ку! Сиз онангизнинг розилигини топишингиз керак. Акс ҳолда, Аллоҳнинг ғазабига учрайсиз.
Бу йигитнинг онаси жуда меҳрибон эди. Лекин она қанчалик яхшилик қилмасин, фарзанди яхши муносабатда бўлмасди. Чунки муштипар онанинг фақат бир кўзи бор эди. Фарзанди онасини туғилганидан бери шундай ҳолатда кўрди. Шу сабабли, ўғли онасининг ташқи кўринишини ёқтирмасди. Дўстлари билан учрашганда ҳам онасидан уяларди. Кунларнинг бирида она ўғлининг мактабига борганда фарзанди “нима учун бу ерга келдингиз, бошқа келманг!” деб жаҳл қилди.
Азиз ёшлар, асло онангизга бундай қўпол муносабатда бўлманг! Унинг қалбини синдирманг! Бундай қилсангиз Аллоҳнинг ғазабига учрайсиз.
Ахир фарзанд ўз онасига ҳам шундай муомала қилиши мумкин-ми?!
Аммо, минг афсуски ҳикоямиздаги йигит ўз онасига жуда қўпол муносабатда бўларди. Кунлар ўтиши билан унинг муомаласи янада ёмонлашарди. Лекин она ҳамон ўғлига жуда меҳрибон эди. Она ёлғиз ўзи фарзандини ҳеч кимдан кам қилмай катта қиларди. Фарзанди мактабни тугатди. Аммо ўқишни хорижда давом эттиришга қарор қилди. Онаси қанча илтижо қилиб, яланиб, ёлвормасин фарзанди қарорини ўзгартирмади. Онасини ёлғиз ташлаб ўзи хорижга учиб кетди.
Орадан ойлар, йиллар ўтди. Она ўз фарзандини жуда соғинар, соатлаб дилбандининг расмига тикилиб ўтирарди, суратларини бағрига босарди.
Она ҳар куни ўғлини изларди. Ва ниҳоят, кунларнинг бирида она фарзанди ҳақида хабар топди. Унга: “Фарзандингиз ишга кирди, уйланди, фарзандли бўлди” дейишди. Она маюс овозда “Ҳа, мен бу ҳақда билмас эканман” деди.
Она ортиқ ўғлини кута олмас, ҳатто ўз уйига ҳам сиғмас эди. Охир оқибат ўғлини кўргани хорижга кетди. Ўғлининг уйини топиб борди. Эшик қоққан эди бир аёл эшикни очди. “Мен ўғлимнинг онасиман” деди. Аёл қария аёлни уйга киритди. Буни кўрган ўғилнинг икки юзи қизариб, пешонасидан тер оқди. “Нима учун келдингиз?” деди. Ўғил ҳамон ўз онасидан уяларди. Аёл турмуш ўртоғининг онасига яхши сўзлар айтди. “Бизникида қолинг” деди.
Аммо ўз фарзанди унга ёмон муносабатда бўлди. Унинг қўпол муносабатига она зўрға 3 кун чидади. Лекин келинининг олдида жуда ҳижолат бўлганидан ўз ватанига қайтишга қарор қилди.
Она уйига қайтгач, боласи билан бошқа алоқа қилмади. Ўғлининг фарзандлари аста-секин кўз ўнгида катта бўлишарди. Шунда ўзида оталик туйғуларини ҳис қила бошлади. Ўзининг онасини эслади, онасига қилган қўпол муомаласидан афсусланди. Аммо энди жуда, жудаям кеч эди...
Онасини соғинди, уни кўришни истади. Уйига қайтиб онасидан кечирим сўрашга қарор қилди. Бир нечта жойлардан онасини излади. Лекин унга ҳар сафар “бу ердан кўчиб кетган” деб жавоб беришди. Охири онаси яшаган сўнгги манзилни топди. Улар “Ҳа, онанг шу ерда яшарди, лекин у оламдан ўтган”, дейишди.
Фарзанд қаттиқ хафа бўлди. “Онанг сенга бир мактуб қолдирган эди” деб онанинг омонатини ўғилга беришди. Фарзанд хатни олиб, дарҳол ўқиб чиқди. Унда бундай жумлалар ёзилган эди:
Фарзанд онасининг қабрига бориб, тинмай кўз ёш тўкди. “Онажон мени кечиринг” деб дод соларди.
Азиз ёшлар, ҳатто катталар онангизни ҳаётлик даврида қадрига етинг. Ҳаётингизнинг қувончи ва баракаси – онангиздир. Ҳатто жаннат унинг оёқларининг остидадир. Онангизнинг оёқларидан ўпиб олинг! Шу сўзларни эшитибоқ онангизнинг ҳолидан хабар олинг, уни хурсанд қилинг, қучоқлаб, “мен сизни яхши кўраман” деб айтинг!
Бир одамнинг қорни очди. У гарчи иқтисодий аҳволи яхши бўлмаса-да, бир тамаддихонага кириб, таом буюртма қилди. Буюртма тайёр бўлгунга қадар деразадан ташқарига қараб ўтираркан, эллик ёшлардаги одам тез-тез тамаддихонага қараб қўяётгани, киришга жазм қилолмай турганига кўзи тушди. Ўтган кетганлар унга эътибор бермас, у эса афтидан жуда оч қолган эди.
Шу пайт буюртма берилган таом олиб келинди. У эса ҳеч ўйланмасдан овқатни олиб, ўзи оч бўлса-да, кўчадаги одамга олиб чиқиб берди. Сўнг ортига қайтиб, ҳисобни беришларини сўради. Ҳолатни зимдан кузатиб турган тамаддихона раҳбари хизматчига бир қоғоз берди. Унда бундай сўзлар ёзилган эди:
“Инсонийлик бебаҳодир, сиздай олийжаноб инсон бизнинг тамаддихонага келганидан бахтиёрмиз. Рухсат берсангиз, сиз бир мискинни меҳмон қилганингиз каби биз ҳам сизни меҳмон қилсак”.
Хулоса шуки, Аллоҳ таоло ҳеч бир амални зое қилмас, бандасини бандасидан қарздор ҳолда қолдирмас, эҳсонга эҳсон билан жавоб қайтарар экан.
Шундай экан, имконимиз борида бошқаларга яхшилик қилиб қолайлик.
Акбаршоҳ Расулов