Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муовия Қурайший розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: «“Ё Расулуллоҳ, бизларнинг биримизда хотинининг қандай ҳақлари бор?” дедим. У зот: “Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзига урмайсан, қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойга ҳижрон қилмайсан”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Бу ҳадис аёлнинг эрдаги ҳақларини баён қилмоқда. Эр аёлига нафақа бериши вожиб. Ҳадисдаги ибора эрнинг ҳам, аёлнинг ҳам ҳақларига тегишли. Хотиннинг нафақасини беришда эрнинг молиявий ҳолати эътиборга олинишини шу ҳадисдан билиб олсак бўлади.
“Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан”. Эр нима еса, аёлига ҳам шундан едиради. Бу борини бирга баҳам кўриш деганидир. Шариат бандани тоқатидан ортиғига буюрмайди.
“Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан”. Кийиниш масаласида ҳам шундай: эр ўзига қанча сарф қилса, аёлига ҳам шунча сарфлайди. Яъни, иссиқ ва совуқдан ҳимояланиш, авратини ёпиш учун зарур бўлган кийим-кечак билан таъминлайди. Албатта, имконияти доирасида. Унинг миқдори ҳар бир диёр ва шаҳар урф-одатига қараб белгиланади. Чунки ҳар ернинг вазияти, урф-одати турлича. Кийим-кечак масаласида ақл билан иш тутиб, Аллоҳга тақво қилинса, одамларга кўз-кўз қилиш ва мода ортидан қувиш четга суриб қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Аёлларга нафақа бериш, уларга яхши муносабатда бўлишнинг бир қисмидир. Бундан ташқари, очиқ чеҳра билан муомала қилиш, яхши гаплар билан кўнглини олиш эрнинг вазифаси ҳисобланади.
Эрнинг зиммасида аёлини таом ва кийим билан таъминлаш мажбурияти бор экан, ўз навбатида, аёл зиммасида ҳам эрига итоат этиш, хизматини қилиш вазифаси туради. Модомики, эр ўз вазифасини масъулият билан адо этар экан, аёл эрига итоатсизлик қилмаслиги, ҳурматини сақлаши лозим. Акс ҳолда, эр баъзи чораларни қўллашга мажбур бўлади.
“Юзига урмайсан, қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойга ҳижрон қилмайсан”. Аёлдан итоатсизлик, хатолар содир бўлганида, эр қўполликка йўл қўймаган, кўнглини қолдирмаган ҳолда уни ислоҳ қилмоғи, одоб бермоғи керак. Дастлаб насиҳат қилиб нотўғри иш қилаётганини тушунтиради. Бу услуб кор қилмаса, аёли билан бир тўшакда ётмай, ҳижрон қилади. Яъни, шу йўл билан эр аёлидан норози эканини билдиради. Агар бу ҳам фойда бермай, аёл итоатсизлик этаверса, эр баъзи тарбия услубларини, чораларини қўллайди: жароҳат етмайдиган, азоб бермайдиган қилиб юзидан бошқа жойига уриши мумкин. Албатта, бу услуб сиёсат маъносидаги чора, холос. Аёлни азоблаш, таҳқирлаш, хўрлаш мутлақо назарда тутилмаган. Чунки бошқа бир ҳадисда аёлини (азоблаш, таҳқирлаш, хўрлаш маъносида) уришдан қайтарилган.
Ҳурмуҳаммад НУРБОЕВ
Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири.
Аллоҳ таоло айтади: «Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир»[1].
Ўзингиздан бойроқ бўлганлар билан тенглашишга уринманг. Акс ҳолда бўйнингизгача қарзга ботиб, маломатга қоласиз.
Ўзингизга, оила аъзоларингизга, шунингдек, қўли юпин кишиларга нисбатан зиқналик қилманг.
Зиқна одам учун таъмагир бўлмасдан яшаётганининг ўзи катта гап. Аллоҳ таоло айтади: «(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг. Акс ҳолда маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз»[2].
Мен жуда катта маош оладиган, бироқ ой тугамасиданоқ ойлигидан бир чақа ҳам қолмайдиган кишиларни биламан. “Улар шунча пулни, мол-дунёни қаерга сарфлашяпти экан”, деб ҳайрон қоламан. Аллоҳ таоло айтади: «...ва мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг дўстларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди»[3].
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Анча кунга етадиган рўзғорликни бир кунда ишлатиб юборадиган оилага аччиғим келади”, деганлар.
Муовия розияллоҳу анҳу: “Зое бўлган, бировнинг ҳаққи ўтиб кетган нарсани “исроф” деб ҳисоблайман”, деганлар.
Сарф-харажатда исрофгарчиликка йўл қўядиганлар, зиқналик қилувчилар дунёда ҳар куни қанчадан-қанча мусулмон очликдан ўлаётганини наҳот билишмаса?!
Кимдир эътироз билдириб: “Улар биздан узоқда-да” деса, “Ахир улар бизнинг Исломдаги биродарларимиз, дин қардошларимиз-ку!” – деймиз. Биз эрта қиёмат кунида улар борасида ҳам сўроқ қилинмаймизми? Қолаверса, орамизда рўзғорига ора-сирада гўшт кирадиганлар бор. Гоҳида шу озгина гўштни олишга ҳам имкон топа олмай, ойлаб гўшт емайдилар.
Бир жамоа одамлар Қайс ибн Убода розияллоҳу анҳунинг олдиларига озроқ егулик сўраб келишди. У зот боғларида тўкилган меваларни териб, яхшисини чиригидан ажратиб саралаётган эдилар. Улар Қайс розияллоҳу анҳуга нима учун келишганини айтишди. Саҳобий уларга сўраганларини бердилар. Келган жамоа бир-бирларига ажабланиб қараб: “Ночор ҳаёт кечираётган бўлсангиз, яна қизғанмай инфоқ қилишингиз қизиқ бўлди-ку”, дейишди. У зот: “Сизларга эҳсон қилиш учунгина шундай яшайман”, дедилар (яъни, саҳобий розияллоҳу анҳу мен иқтисод қиламан ва исроф қилмаганим ҳолда, сиз каби муҳтожларга ёрдам беришга ҳам ортинаман демоқчи бўлдилар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чиқимда иқтисод қилиш тирикчиликнинг ярмидир. Одамларга муҳаббатли бўлиш ақлнинг ярмидир. Чиройли савол бериш эса ярим илмдир”, [4] дедилар.
Улуғлардан бири айтади: “Ким фарзандига иқтисод қилиб яшашни ўргатса, унга кўп мерос қолдиришдан ҳам кўпроқ яхшилик қилибди”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Фурқон сураси, 67-оят.
[2] Исро сураси, 29-оят.
[3] Исро сураси, 26–27-оятлар.
[4] Имом Табароний ривояти.