Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июн, 2025   |   21 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
17 Июн, 2025, 21 Зулҳижжа, 1446

Қалбда дард бўлса...

17.12.2024   5787   1 min.
Қалбда дард бўлса...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мен падари бузрукворим раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман: «Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир ўғиллари бор эди. Уни ҳазрат қаергадир илм таҳсил қилиш учун юбордилар. У олим бўлиб қайтди. Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг хос мажлислари бўлар эди. Мажлисга ҳазратга яқин кишилар келарди. Ҳазрат уларга насиҳат қилиб турардилар. Ўғиллари келганида, ҳазрат унга, биродар, сен буткул янги илм ҳосил қилиб келгансан, бугун уларга сен ваъз қил, дедилар. У жудаям тетик эди. Ҳазратнинг таклифини бажонудил қабул қилди. Мажлис бошланди. У ваъз айтди. Одамлар тинглайвердилар, тинглайвердилар. Лекин таъсирланмадилар. Оддий бир олимнинг гапини эшитдилар. Шундан кейин ҳазрат ташриф буюрдилар ва ўтириб, бор-йўғи шундай бир жумла айтдилар: «Биродар, биз бугун рўза тутишни ирода қилгандик. Кечаси саҳарликда ичамиз деб сут ҳам сақлаб қўйган эдик. Лекин тақдирни қарангки, мушук сутни ичиб кетди ва биз рўза тута олмадик».

Бор-йўғи шу гапни айтдилар. Ҳамма йиғлай бошлади. Гаплари қаттиқ таъсир қилди, мажлис аҳли ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Кейин ҳазрат ўғилларига бундай дедилар: «Қара, сен соатлаб ваъз қилдинг. Уларга ҳеч нарса қилмади. Мен бор-йўғи бир оғиз гапирдим, одамларнинг қалбларига катта таъсир этди. Сен илм ўрганиб келдинг. Лекин энди қалб дардини пайдо қил, қалбингни Аллоҳга қайтаришга (яъни боғлашга) ҳаракат қил. Кейин сенинг бир сўзинг, хоҳу фасоҳатли, балоғатли бўлсин-бўлмасин, чала-чулпа бўлсин фарқи йўқ, одамларнинг қалбларига кўп таъсир қилади».

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Бошқа мақолалар

Ҳажингиз мабрур бўлсин!

13.07.2022   8310   2 min.
Ҳажингиз мабрур бўлсин!

Аллоҳ таоло ҳар бир амални ихлосу муҳаббат билан ўЗининг қоидасига мувофиқ бажарган бандаларига улкан мукофотларни ато қилади. Ҳаж амалларини гўзал ҳолатда адо қилган кишилар учун дунёда гуноҳлари кечирилиши, охиратда эса жаннат мукофот қилиб берилади.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умрадан умрагача бўлган (сағира) гуноҳлар кечирилади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

“Мабрур” сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган маъноларини англатади. Уламолар ҳадисни шарҳлар эканлар, ҳажнинг мабрур бўлиши учун қуйидаги сифатлар топилиши лозим деганлар. Ихлос: зуҳди зиёда бўлиши; охиратга рағбат қилиш; барча ҳукмларини тўлиқ бажариш; сафарда фисқ ва маъсиятлардан, фаҳш сўзлардан тийилиш; риё, сумъа ва ужбдан сақланиш.

Аллоҳ таоло ҳожиларга берган энг катта имкониятлардан яна бири гуноҳларни мағфират қилишидир. Нафақат ҳожининг, балки ҳожи гуноҳларини мағфират қилишни сўраган инсонларнинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиради. Шунинг учун зиёратга кирган кишилар ҳожидан ҳақларига дуо қилишни сўрайдилар.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, худди онаси туққан кундагидек ортга қайтади”, деяётганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояи).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар».

Бу ерда кичик гуноҳлар назарда туттилган. Чунки катта гуноҳларнинг кечирилиши учун тавба шарт. Сўзимизни қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қувватлайди.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз (ўртасида), жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар кабирасидан четланилса, кечирилади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло юртимиз ҳожиларининг қилган ибодатлари, дуо ва зикрларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин! Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.

 

Мақолалар