Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Агар муваффақиятга эришмоқчи бўлсангиз:
1. Мансаб ҳақида ўйламанг, асосий мақсадингиз орқага қайтмаслик бўлсин.
Агар муваффақиятга эришмоқчи бўлсангиз:
2. Вақтни беҳуда сарфламанг, вақт жуда қадрли, умрингиз эса, чекланган. (Тартибли бўлинг): намозингиз, уйқингиз, эрталаб туришингиз, ишингиз, овқатланишингиз, учрашувларингиз ва машғулотларингизни режалаштиринг.
Агар муваффақиятга эришмоқчи бўлсангиз:
3. Мўъжиза кутиб ўтирманг, имкониятлар ўз-ўзидан юзага келмайди. Имкониятларни сиз яратасиз.
Агар муваффақиятга эришмоқчи бўлсангиз:
4. Машғулотлар оғирлигидан ёки овқатнинг таъмидан ёш болалардек шикоят қилманг. Ўзингиздан сабрли ва мослашувчанлик қобилиятига эга шахсият яратинг. Ҳар қандай қийинчиликларга мослашинг ва уларни енгиб ўтинг.
Агар муваффақиятга эришмоқчи бўлсангиз:
5. Йиқилгандан кейин қайтадан туришни давом эттиринг. Сиз ўйлаганингиздан кўра кучлироқсиз. Озуқа, уйқу, машғулотлар, ёрқин табассум, ғажиб ташлайдиган тишларингизни намоён қиладиган кулишингиз, ўзингизга ишонч ва ҳечан букилмайдиган қадлингиз – буларнинг барчаси сизда мавжуд. Сиз – муваффақият учун яратилган қаҳрамонсиз.
6. Одамлар билан ҳаддан ташқари кўп аралашишдан эҳтиёт бўлинг. Бу ижтимоий зеҳнингизни ошириши, одамлар билан мулоқот қилиш малакасини пайдо қилиши мумкин, аммо ақлингиз янгича ғоялар яратишга қодир бўлмай қолади. Шунинг учун одамлар билан аралашинг, аммо меъёрда.
7. Бирор кишини ўзингизга ўрнак қилишдан эҳтиёт бўлинг. Бу сизнинг ақлингизни тўлиқ бузиб ташлайди. Фақат ўзингизни ўзингизга ўрнак қилинг. Сиз табиатан ақлсиз қилиб яратилган эмассиз, балки ақлингизни бировга тақлид қилишга йўналтиришингиз – уни зое кетказиш демакдир.
8. Чуқур муносабатлардан узоқ бўлинг. Ҳеч кимни ҳаётингизда асосий ўринга қўйманг. Хоҳлаганингизча яқин бўлинг, аммо бир куни уларсиз қолишингиз мумкинлигини доим эсда тутинг.
9. Бошқалар сиздан ким бўлишингизни хоҳлаётган бўлса, ўшандай бўлишдан сақланинг. Ҳеч нарсани ўзгартирманг, ўзингизни ва ҳаётингизни ўзингиз яхши кўрадиган тарзда яшанг.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Зулҳижжа ойининг 8 куни “Тарвия куни” дейилади.
“Тарвия” дейилишига сабаб ўша куни ҳожилар зам-зам сувидан қониб-қониб ичадилар.
“Тарвия” – “тафаккур” маъносида ҳам қўлланилади. Чунки зулҳижжанинг саккизинчи кечасида Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини кўрадилар ва бу туш шайтонийми ёки раҳмоний дея ўша кунни тафаккур билан ўтказадилар. Шунга кўра, бу кун “Тарвия – тафаккур куни” дейилади.
Мино луғатда – “орзу, истак” деган маъноларни билдиради. Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи. Араблар одамлар тўпланган жойни “мино” деб аташади. Мино Масжидул-ҳаром шимолидан 7 км. узоқликда жойлашган.
Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом шайтонга тош отганлар, қурбонлик қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айнан шу жойда тош отиб, қурбонликларини адо этганлар. Бу муқаддас маконда Наср ва Мурсалот суралари нозил бўлган.
Ҳожилар зулҳижжанинг саккизинчи куни бомдод намозидан сўнг Минога қараб йўл олишади. Минода тарвия кунининг пешин, аср, шом, хуфтон ҳамда арафа кунининг бомдод намозлари ўқилади. Кейин арафотга жўнаб, ўнинчи куни яна Минога қайтишади ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттиришади.
Минода бажарилиши зарур бўлган амаллар ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам едиринглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва “Қадимги уй”ни тавоф қилсинлар”, деганимизни эсла» (Ҳаж сураси, 28-29-оятлар).
Ушбу оятда Мино кунлари жамаротда тош отиш, қурбонлик қилиш ва соч олдириб эҳромдан чиқиш каби амалларни адо этиш таъкидланмоқда. Мино кунлари ушбу учта амални мукаммал тарзда бажариш вожибдир.
Аллоҳ таоло қилаётган ва қиладиган барча солиҳ амалларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин. Ўзи куч-қувват берсин..
Даврон НУРМУҲАММАД