Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июн, 2025   |   10 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:56
Хуфтон
21:33
Bismillah
06 Июн, 2025, 10 Зулҳижжа, 1446

Онасини ранжитган фарзанд

17.12.2024   4187   4 min.
Онасини ранжитган фарзанд

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу

Бугун сизларга онага яхшилик қилиш, уни эъзозлаш ва ҳурмат қилиш, яхши кўриш ҳақида сўзлаб бераман. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида ота-онага яхшилик қилишга буюрган. Аллоҳ таоло: “Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат”, деган.

Аллоҳ таоло ушбу оятда ота-онага меҳрибон бўлишга, уларга мулойимлик билан муомала қилишга буюради. Фарзанд ота-онасининг олдида ўзини камтар тутиши лозим.

Келинг, сизга бу ҳақда бир ҳикояни сўзлаб берай.

Бир йигит онаси билан ёлғиз яшарди. У барча ёшлар каби тез жаҳли чиқадиган ва ғазабланадиган эди. Кунларнинг бирида кўйлагини киймоқчи бўлди, лекин тугмаси узилиб тушганини кўриб жиғибийрон бўлди. Онасидан аламини олмоқчи бўлиб: “Она кўйлагимнинг тугмаси қани?!” деб бақирди. Онаси бир зумда кўйлакка тугма қадаб берса-да, ўғлининг ғазаби босилмади. Балки янада қаттиқроқ онасига бақириб, қўлидаги қоғозларни столга отиб, онасига жаҳл қилди. Онаси хафа бўлиб, бир оғиз ҳам сўз айтмади. Ўғли ўзининг хонасига эшикни бор кучи ёпиб, кириб кетди.

Ҳа, афсуски бугунги кунда бундай ёшлар жуда кўп.

Йигит қилган ишидан қаттиқ афсусланди, онасини ранжитгани учун кечаси билан ухлай олмади. Эрталаб тонг отиши билан онасидан кечирим сўраш учун онасининг олдига борди, лекин онаси унга ҳеч нарса демади. Йигит университетга кетди.

Йигитнинг ҳаловати йўқ эди, дарсга қатнашишни ҳам истамасди. Миясида турли ўй-ҳаёллар қайнарди. “Бугун онамга бирор нарса бўлса-я”, “Аллоҳ сақласин, агар онам вафот этиб қолса-чи?”, “ахир онам менда норозику...”, “нега онамни хафа қилиб қўйдим...”

Йигитнинг ҳаёлига шу каби турли қўрқинчли фикрлар келарди.

Азиз ёшлар, билингки, агар онангизни норози қилсангиз, бутун дунё сиздан норози бўлади, кенг дунё сизга торлик қилади. Агар онангизни рози қилсангиз, бутун дунё сиздан рози бўлади. Энг муҳими – Аллоҳ сиздан рози бўлади.

Йигит қандай бўлмасин онасидан узр сўрашга, онасининг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиларди. Телефонидан онасига хат ёзмоқчи бўлди. Лекин нима деб ёзишни билмасди. Охири бундай деб ёзди: “Онам мен ҳозир бир маълумотни ўқиб қолдим. Айтилишича, инсон оёғининг таг қисми оёқнинг устки қисмига қараганда юмшоқроқ экан. Менинг меҳрибон онам бу маълумотга ишонч ҳосил қилишим учун оёқларингизнинг тагини ҳам, устини ҳам ўпиб кўришимга рухсат берасизми?”.

Шу пайт йигитнинг дарси бошланди, дарсга кириб кетди. У дарсда ўтирар экан, лекин бутун ҳаёли онасида эди. Тезроқ уйга боришга, онасининг оёқларини ўпишга шошиларди.

Ўқиши тугаши билан уйга кетмоқчи бўлиб турганида телефонига онасидан хабар келди. Онаси унга бундай жавоб хати ёзганди: “Йўқ, ўғлим рухсат бермайман. Чунки бу маълумот тўғри эканини биламан. Сен чақалоқлик вақтингда билганман, болам. Гўдаклик чоғингда оёқларингни тагини ҳам, устини ҳам ўпардим”. Йигит бу хабардан ўзини тийиб тура олмасди, кўзларидан дурдек ёш томчилари сизиб чиқарди.

Йигит уйига худди шамолдек учиб борди, ҳали ҳеч қачон бунчалик тез югурмаган эди. Уйига кириши билан онасини қучоқлаб, юзларидан, қўлларидан ўпди. Оёқларидан ўпмоқчи эди, онаси бунга йўл қўймади. Онасини қаттиқ қучоқлаб, “Онажон мени кечиринг” деди. Онаси ҳам кўз ёш тўкиб “Сендан хафа эмасман, болам, аллақачон кечирганман”, деди.

Азиз ёшлар, онангизни ҳурмат қилинг! Асло ранжитманг, хафа қилманг! Меҳрибон ва мулойим бўлинг. Ҳар куни хурсанд қилинг, ҳамиша юзида табассум бўлишига сабабчи бўлинг!

Унутманг, жаннатингиз калити, бу дунёдаги бахт, роҳат ва ютуқларингиз асоси – онангиз розилиги билан боғлиқ.

Мақоланинг видеолавҳа шакли

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ғафлатда қолманг! Эртага арафа куни

26.06.2023   2052   1 min.
Ғафлатда қолманг! Эртага арафа куни
  1. Энг яхши дуо арафа кунидаги дуо. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуонинг энг яхшиси арафа кунидаги дуодир. Мен ва мендан олдинги Пайғамбарлар айтган сўзнинг энг яхшиси — Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайˋин қодийрдир.

Маъноси: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У ёлғиз, Унинг шериги ҳам йўқ, бутун мулк Уники, ҳамд ҳам Унга хос ва У ҳар бир нарсага қодирдир.

 

  1. Арафа куни одамлар дўзахдан озод бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳим! Бизларни, ота-оналаримизни, фарзандларимизни, аёлларимизни, дўстларимизни ва барча мўмин-мусулмонларни жаҳаннам оловидан асра!

 

  1. Арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.

 

  1. Арафа куни тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорат бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ғафлатда қолманг! Арафа куни рўзасини тутишни ўтказиб юборманг! Буни бошқаларга ҳам эслатинг. Эҳтимол сиз сабабли бошқалар ҳам рўза тутар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар