Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин! Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, аҳлларига, саҳобаларига ва қиёматгача у зотга эргашувчиларга салавоту саломлар бўлсин!
Ушбу муборак учрашувда бизни Исломга, Ислом даъватига, Исломни ёйишга, Ислом умматига таълим беришга жамлаган Аллоҳ азза ва жаллага шукрлар бўлсин! Бу буюк Аллоҳнинг фазлидир.
Аллоҳнинг фазли ва карами билан улкан яхшиликларни умид қилаётганим ушбу тадбир ташкилотчилари Президент жаноби олийларига ва муҳтарам раҳбарларга ташаккур айтаман.
........мен айтмоқчи бўлган ва тайёрлаб келган нарса биринчи галдаги нарса бу – “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” номли ушбу конференция мавзусига қисқа ва лўнда изоҳ бериш эди. Ҳа, албатта бу икки сўзнинг изоҳи бутунлай Ислом шарҳига муҳтождир. Тинчлик ва унинг сабаблари, яхшилик ва унинг тур ва сабаблари булар барчаси Ислом остига киради. Лекин бу улуғ, қадимий, мусулмон юрт ҳақида олдин айтган ва ҳозир айтмоқчи бўлган фикр ва мулоҳазаларим шуки: “Эй бу юртнинг аҳли, азиз биродарлар, раҳбарлару уламолар! Эй бу юртнинг устунлари! Аллоҳни гувоҳ қилиб айтаманки бу юртда бирор қарич ер йўқки, у ерни бирор аллома ёки ҳужжатулисломлар босмаган бўлса! Бу юртдан етишиб чиққан ёки бу юртга келиб яшаган олиму уламолар, фозилу фузалолар шу қадар кўпки, сизлардан олдин бу табаррук заминда имомлар, уламолар, ҳужжатулисломлар юрмаган бўлса! Шундай экан, бу азиз юртни эъзозланг! Унинг муқаддасотларини, шаънини, илм-маърифатдаги ютуқларини муҳофаза қилинг, қадрига етинг!”.
Ислом тинчлик динидир. Дастлабки вақтидаги ислом фатҳларига назар солинг, унда Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу фатҳларга киришган ва шаҳид бўлган эди. Ва яна ўша фатҳлардан то ҳозирги кундан 100 йил олдинги давргача бўлган тарихга назар солинг. Шу вақтда илм ва уламолар қандай бўлган?! Илм қай даражада тараққий топган?! Юқорида айтганимдек, уламолар шу даражада кўп эдики ҳар бир қарич жойда албатта бир олим ёки имомнинг изи бор. Барчамиз Имом Бухорийни мадҳ этамиз, сизлар ҳам у зотни мадҳ этасизлар ва юртдош эканлигингиз билан фахрланасизлар.
Олимларнинг ҳаётларига оид таржимаи ҳолларини ўқинглар. Фалончининг қабри “Чокардиза”да, фалончининг қабри “Чокардиза”да, фалончининг қабри “Чокардиза”да. “Чокардиза” қабристони қаерда? Қаерда у? У Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг мақбараси ёнидаги ердир. Ўша қабристонга қарасангиз, барчаси олимлар ва уламоларнинг қабрларидир, улар мана шу ерни ҳаётлик даврларида, вафотларидан сўнг эса қабрлари билан шарафлантирдилар (Аллоҳ улардан рози бўлсин!). Ўша ерда “Муҳаммадийлар қабристони” деб номланадиган Чокардиза қабристонининг бир қисми жойлашган. Негаки бу ерга фақат исми Муҳаммад ибн Муҳаммад бўлган олимлар дафн қилинган. Шу исмга эга 400 дан ортиқ олим дафн қилинган. “Ҳидоя” китобининг муаллифи, уламоларнинг энг машҳурларидан бўлган Имом Марғиноний вафот этганларида, мана шу қабристонга қўйишга изн сўралган. Бироқ, “Йўқ, унинг исми Муҳаммад эмас” деб рад қилинган. Мана шундай! Уларнинг қабрларининг тупроқларию тошлари илмдан сўзлайди. Қадрдонларим, ушбу юртнинг тошлари ҳам илмдан сўзлайди.
Аллоҳ азза ва жалладан ўз фазли-карами билан Ислом умматининг барчасига ва ушбу диёрга шуҳратини, азизлигини, мукаррамлигини, омонлигини, тинчлигини ва осойишталигини бугунги кун замонавий тушунчаларига ва турли-туман қарашларга оғишмайдиган ҳақ Ислом соясида қайтаришини сўраймиз.
Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, аҳлларига, саҳобаларига ва қиёматгача у зотга эргашувчиларга салавоту саломлар бўлсин!
Оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин!
Муҳаддис аллома Муҳаммад Аввоманинг
“Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказилган халқаро анжуманда сўзлаган нутқидан.
Тошкент. 2024 йил 15-октябрь.
Муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни, барча мўмин-мусулмон юртдошларимизни, бутун халқимизни улуғ ва мўътабар айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.
Жамики ислом уммати учун қадрли бўлган ушбу шукуҳли байрам – Ийд ал-Адҳони эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун, аввало, меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ижтимоий, халқчил давлат барпо этиш, унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ва таъсирчанлигини оширишда муқаддас ислом дини, унинг асосий байрамларидан бири бўлган Қурбон ҳайити ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Айниқса, бу байрамнинг инсонпарварлик, аҳиллик, саховат ва олижаноблик каби фазилатлари юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларимиз самарасини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Азиз дўстлар!
Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, ислом динининг эзгу тамойилларини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси – Самарқанд шаҳри 2025 йилда ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторига, шу йил Бухоро шаҳрида ўз фаолиятини бошлайдиган Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳам қўшилди.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида Янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланади, деб ишонаман.
Ҳурматли юртдошлар!
Шу саодатли кунларда 15 минг нафар ватандошимиз муқаддас ҳаж зиёратини адо этмоқда. Эзгу дуо ва ниятлар ижобат бўладиган мана шундай мунаввар лаҳзаларда уларни ҳам Қурбон ҳайити билан самимий қутлаб, Яратгандан юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини сўраймиз.
Умид қиламизки, муҳтарам ҳожиларимиз жамиятимизда бирдамлик, оила ва маҳаллаларимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз тарбиясини кучайтириш, уларни илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, Ватан ҳимоячиси бўлишга тарғиб этиш, муҳтож инсонларга кўмак беришда алоҳида ибрат ва намуна кўрсатадилар.
Қалбларимиз қувончга тўлган ушбу файзли кунларда хорижий давлатларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам бугунги улуғ айём билан чин дилдан қутлаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз.
Жаҳоннинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Ҳозирги кунда дунё нақадар мураккаб ва таҳликали бўлиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Бундай кескин шароитда юртимизда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб кўзлаган юксак мақсадларимизга ета оламиз.
Албатта, ўз тарихида не-не синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва олижаноб халқимиз бунга ҳар томонлама қодир.
Бу йўлда эл-юртимизга мансуб меҳр-оқибат, ўзаро бирлик ва жипслик биз учун беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қутлуғ айём барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти