frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Аббосийлар давлати ва халифалари

17.12.2024   13519   9 min.
Аббосийлар давлати ва халифалари

Бешинчи боб
Аббосийлар давлати

(ҳижрий 132–656; милодий 750–1258)

Биринчи фасл
Аббосийлар давлатининг тикланиши
Аббосийларнинг насаби

Аббосийлар халифалиги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга нисбат берилади.

Ушбу давлатнинг асосчиси – Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталиб. Бу одамнинг лақаби – Саффоҳ.

Аббосийлар давлатининг ташкил топиши Бану Ҳошим олиб борган даъватнинг ютуғи деб билинади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин халифалик у зотнинг қариндошларига ўтиши керак деган чақириқ билан чиққан бўлиб, бу фикр Исломнинг аввалида мағлубиятга учраган эди. Аслида эса исломий таълимотларга, кўрсатмаларга биноан халифалик мусулмонларнинг барчасига мулк бўлиб, улар ўзлари лойиқ кўрган кишини халифа қилишлари керак бўлган.


Даъватнинг бошланиши

Рофизалардан бўлган кисоийлар фирқаси имомлик Муҳаммад ибн Алий ибн Абу Толиб ибн Ҳанафийянинг авлодида бўлиши керак, деган фикр билан чиқишди. Улар Ибн Ҳанафийянинг вафотидан кейин кишиларни унинг ўғли Абу Ҳошимга байъат қилишга чақира бошладилар. Абу Ҳошим эса умавийларни танқид қилиб юрар эди. У ўз ўлимидан олдин амакисининг ўғли Муҳаммад ибн Алий ибн Абдуллоҳ ибн Аббоснинг олдига – Урдундаги Ҳамимия деган жойга борди ва ундан умавийларнинг ҳукмини инқирозга учратишини, Оли байтга даъват қилишини талаб қилди.


Даъватнинг яширин босқичи

Бу босқич ҳижрий 100 йилда бошланиб, 129 йилгача (милодий 718–746) давом этган. Улкан чўққиларни орзу қилган Муҳаммад ибн Алий юқоридаги даъватни ўзи учун қонун қилиб олди-да, ҳижрий 100 йилда уни амалга ошириш мақсадида иш бошлади. Режалар тузиш, ишни тартибга солиш учун Ҳамимияни марказга айлантирди. Даъват учун Куфани ўзига марказ қилиб олди. Хуросонни эса даъватни тарқатиш диёри қилиб ихтиёр этди ва у ерга даъватчилар – нақибларни юборди. Бунинг учун даъватни тарқатишга имконияти, иқтидори, қобилияти бор кишиларни танлади. Ушбу даъват ишлари бутунлай махфий равишда олиб борилар, махфий бўлгани учун ҳам секинлик билан тарқалар эди. Сиёсий билимдонлик ва дохийлик билан олиб борилган Муҳаммаднинг бу даъватлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оли байтлари исми билан тарқаларди.

Муҳаммад вафот этганидан кейин унинг даъватини ҳижрий 125 (милодий 742) йилда ўғли Иброҳим қабул қилиб олди. Бу вақтга келиб, умавийлар давлати заифлашиб қолган, Ҳишом ибн Абдулмаликнинг вафотидан кейин бир нечта фирқаларга бўлиниб кетган эди. Шу сабабли аббосийларнинг даъвати кенг равишда тарқала бошлади.


Очиқ даъват қилиш босқичи ҳамда Ироқ ва Ҳуросонни бўйсундириш

Иброҳим ҳижрий 129 (милодий 746) йилда ўзининг энг кўзга кўринган лашкарбошиси бўлмиш Абу Муслим Хуросонийни Хуросонда даъватни очиқ эълон қилишга амр қилди. Абу Муслим Хуросоний чинакам дохий, шу билан бирга, жуда хатарли инсон бўлиб, аскарлар оламида энг улуғ, ниҳоятда уста лашкарбоши ҳисобланар эди. Абу Муслим амрни эшитиши билан унга амал қилишга ўтди. У умавийлар сулоласининг охирги халифаси Марвон ибн Муҳаммадни тутиб қамади. Уни ҳибсга олгач, акаси Абдуллоҳ Саффоҳни ишга қўйди. У аҳли билан Куфага келиб, Абу Салама Ҳаллол деган кишининг ҳовлисига тушди. Бу иш сирлигича қолди.

Абу Муслим Хуросоннинг волийси Наср ибн Сайёрни йўқ қилди. Наср ибн Сайёр Абу Муслимнинг ҳаракатларини тўсишга жуда кўп уринди. У халифа Марвон ибн Муҳаммаддан ёрдам сўради, лекин фойда бермади. Марвоннинг Ироқдаги волийси Язид ибн Умар ибн Ҳубайрадан ҳам ёрдам сўради, ундан ҳам ҳеч қандай жавоб бўлмади, чунки бу пайтда уларнинг ҳаммаси урушлар, фитналар билан машғул эдилар.

Шундай қилиб, Абу Муслим Хуросоний ҳижрий 130, милодий 748 йилда Хуросонни босиб олишга муваффақ бўлди. Сўнг ҳижрий 132 йилнинг охирларида Ироқ Язид ибн Умар ибн Ҳубайранинг қўлидан тортиб олинди. Ибн Ҳубайра аббосийларга таслим бўлмаса ҳам, Саффоҳ унга омонлик берганидан кейин уларнинг ҳукмига кўнди. Лекин уни алдаб, хиёнат қилиб ўлдиришди.

Шунингдек, Саффоҳ ўз халифалигини эълон қилганидан кейин Абу Салама Халлол ҳақида халифаликни алавийларга ўтказиш учун тил бириктиряпти, деган гап тарқатди. Ҳолбуки, Абу Салама Халлол Саффоҳнинг фойдасига жуда кўп ишлар қилган, умавийларни йўқ қилишда катта роль ўйнаган, аббосийларнинг даъватини тарқатиш йўлида катта-катта ишларни амалга оширган эди.

Булардан кўринадики, аббосийлар ўз давлатини қуриш йўлида ҳеч нарсадан тоймаганлар, жуда кўп номаъқул ишларни ўзларига эп кўрганлар.


Аббосийлар халифалигининг эълон қилиниши

Абдуллоҳ Саффоҳ беркинган жойидан чиқиб, ўзининг жамоаси билан Куфанинг марказий жомеъ масжидига борди ва халифалигини эълон қилди. Ўша ерда унга байъат қилинди. Бу воқеа ҳижрий 132 йил рабиъул аввал (милодий 749 йил октябрь) ойида бўлиб ўтди.


Умавийларнинг барҳам топиши ва Зоб жанги

Саффоҳ халифалигини эълон қилганидан чамаси икки ой ўтгач, лашкарини умавийларнинг охирги халифаси Марвон ибн Муҳаммад билан жанг қилиш учун юборди. У Мосул яқинидаги Зоб дарёси қирғоғига жойлашган эди. Марвон мағлуб бўлди, бир жойдан иккинчи жойга қоча бошлади. Аббосийлар уни ҳижрий 132 (милодий 750) йилда Мисрда қатл қилдилар. Шундай қилиб, ҳамма ишлар аббосийларнинг қўлига ўтди. Андалусдан бошқа барча Ислом юртлари уларнинг ҳукми остига кирди.


Аббосийлар давлатининг ҳукмронлик даври

Аббосийлар давлати ҳижрий 132 (милодий 750) йилда умавийлар давлатининг қолдиқлари устида ташкил топди ва ниҳоят ҳижрий 656 (милодий 1258) йилда ушбу давлат ҳам тугади.

Бу давлатнинг тугаши мўғуллар Бағдодни харобага айлантириб, аббосийлардан бўлмиш охирги халифани қатл қилганларидан сўнг юз берди. Аббосийлар ҳижрий 132–656 йиллар ичида, яъни 524 йил давомида ҳукмронлик қилдилар. Аббосийларнинг даври икки босқичга бўлинади. Бу кўпчилик тарихчилар келишган истилоҳдир.

Биринчи босқич

Бу босқич аббосийларнинг биринчи давлати деб аталиб, ҳижрий 132–248 (милодий 750–862) йилларни ўз ичига олади. Ўнта халифа ўз ҳукмини юритган бу босқичда давлат ниҳоятда кучли бўлган, бошқарув халифалар томонидан мукаммал равишда олиб борилган.

Иккинчи босқич

Хижрий 248-656 (милодий 862-1258) йилларни уз ичига ол- ган ушбу боск;ич аббосийларнинг иккинчи давлати деб аталади.

Бу боск;ичда халифалар анча заифлашиб, уз к;удратлари- ни йукотдилар, ишни аскарлар уз кулларига олдилар. Бу даврда давлат бошкарувини 27 халифа олиб борган.

 

Иккинчи фасл
Аббосийларнинг биринчи даври

(ҳижрий 132–248; милодий 750–862)
Кучли Аббосий халифалар даври

1. Абул Аббос ибн Муҳаммад

Унинг лақаби Саффоҳ бўлган. У ҳижрий 132–136 (милодий 750–754) йилларда халифалик қилган.

2. Абу Жаъфар Абдуллоҳ ибн Муҳаммад

Лақаби – Мансур. У ҳижрий 137–158 (милодий 754–775) йилларда халифалик қилган.

3. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маҳдий

Ҳижрий 158–169 (милодий 775–785) йилларда халифалик қилган.

4. Мусо ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳодий

Ҳижрий 169–170 (милодий 785–786) йилларда халифалик қилган.

5. Ҳорун ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ

Лақаби – ар-Рошид. Ҳижрий 170–193 (милодий 786–809) йилларда халифалик қилган.

6. Муҳаммад ибн Ҳорун ибн Муҳаммад Амин

Ҳижрий 193–198 (милодий 809–814) йилларда халифалик қилган.

7. Абдуллоҳ ибн Ҳорун ибн Муҳаммад Маъмун

Ҳижрий 198–218 (милодий 814–833) йилларда халифалик қилган.

8. Муҳаммад ибн Ҳорун ибн Муҳаммад Муътасим

Ҳижрий 218–227 (милодий 833–842) йилларда халифалик қилган.

9. Ҳорун ибн Муҳаммад ибн Ҳорун Восиқ

Ҳижрий 227–232 (милодий 842–847) йилларда халифалик  илган.

10. Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Ҳорун Мутаваккил

Ҳижрий 232–247 (милодий 847–861) йилларда халифалик қилган.

Куйида уларнинг ҳар бири билан алоҳида танишиб чиқамиз.

Кейинги мавзулар:
Абул Аббос Саббоҳ;
Абу Жаъфар Мансур.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саудия матбуоти: Ўзбекистон маданий-гуманитар, туризм соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

24.08.2026   71424   1 min.
Саудия матбуоти: Ўзбекистон маданий-гуманитар, туризм соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Саудия Арабистонининг нуфузли ОАВда Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар, туризм ва спорт соҳаларидаги халқаро ҳамкорлиги ҳамда мамлакатда бўлиб ўтадиган йирик тадбирларга бағишланган таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Саудия Арабистонининг “Amwaj” нашрида жорий йилнинг 24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янгича нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилиши кенг ёритилди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтадиган ушбу йирик тадбирга етакчи хорижий журналистлар ва халқаро экспертлар тўпланиши қайд этилган. Форум дастури ялпи мажлислар, талабалар учун маҳорат дарслари, медиатурлар ва Самарқанднинг тарихий обидаларини зиёрат қилишни ўз ичига олади ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга бағишланади.

Шунингдек, нашрда Самарқандда Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган биринчи Ўзбекистон–Грузия туризм форуми ҳам ёритилган. Таъкидланишича, тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси бўлди.

Томонлар қўшма сайёҳлик маҳсулотларини яратиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Грузиядан келаётган сайёҳлар оқимининг сезиларли даражада ошгани ва Ўзбекистон туризм соҳасининг умумий кўрсаткичлари юқори экани қайд этилган.

“Saudi Press Agency” ахборот агентлиги Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ўртасидаги Англашув меморандумига доир ижро дастури имзолангани ҳақида хабар берди.

Ушбу ҳужжат мўътадиллик тамойилларини мустаҳкамлаш, экстремизмга қарши курашиш, воиз ва имомлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, Қуръони Карим маъноларини ўрганиш ва ёйиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари