Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Май, 2025   |   25 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:19
Қуёш
04:58
Пешин
12:25
Аср
17:29
Шом
19:45
Хуфтон
21:18
Bismillah
23 Май, 2025, 25 Зулқаъда, 1446

“Нафъинг агар халққа бешакдурур...”

17.12.2024   11642   9 min.
“Нафъинг агар халққа бешакдурур...”

Куни кеча Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раислигида кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлардан бири – ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан кенг кўламли йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда кўриб чиқилган масалалар халқимиз, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами орасида жуда катта қизиқиш уйғотди, чунки улар соҳада шу кунгача амалга оширилган ишлар, келгусида амалга оширилиши белгиланган вазифалар, уларни янада такомиллаштириш, ривожлантириш ҳамда ёрдамга муҳтож кишиларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, муносиб ҳаёт кечириши учун ҳар тарафлама шарт-шароитлар яратишга қаратилди.

Улуғ бобомиз Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг одил подшоҳлар ҳақида: “Баъзилар саховатли ва ҳимматли подшоҳларни қора тупроқ устига дурлар сочиб, тикандан гуллар ундирувчи булутларга ўхшатурлар”, – деб айтганлар. Дарҳақиқат, мамлакатда олиб бориладиган одил сиёсат туфайли жамият ҳаётида улкан ижобий ўзгаришлар рўй беради. Буни кейинги йилларда юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган янгиланишлар мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Маълумки, ижтимоий ҳимоя замирида жамиятда шакллантириладиган инсонпарварлик тушунчаси мужассам. Зеро, ҳар бир жамиятда мустақил ҳолда ўз ҳаётини таъминлай олмайдиган, яъни жамият ёрдамига муҳтож бўлган кишилар мавжуд бўлади. Шунинг учун уларнинг дардини англаш ҳамда уларга амалий ва маънавий ёрдам қўлини чўзиш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Бу ҳақда муқаддас китобимиз Қуръони каримда жуда кўп таъкидлар мавжуд. “Бақара” сураси 3-ояти фикримизнинг ёрқин далилидир: “Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис адо этурлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар”.

Демак, мўмин кишининг энг улуғ сифатларидан бири муҳтожга кўмаклашишдир. Мамлакатимизда бу хайрли иш жуда яхши йўлга қўйилган. Бунинг натижасида ижтимоий ҳимоя соҳасида йилдан йилга ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Йиғилишда худди шу жиҳатлар тилга олиниб, Ўзбекистон – ижтимоий давлат эканлиги, ҳамда бу тамойил Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилганлиги ва шу асосида меҳр ва кўмак тизими аҳолига тобора яқинлаштирилаётганлиги айтиб ўтилди. Барча ҳудудларда “Инсон” марказлари очилиб, маҳаллаларда ижтимоий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганлиги, ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, минглаб муҳтож одамларга ёрдам кўрсатаётгани, кейинги пайтларда ногиронликни белгилаш ишлари анча соддалаштирилиб, 26 минг нафар ногирон кишига зарур протез берилганлиги, ётиб қолган ёлғиз кексаларга уйида парвариш ташкил этилаётганлиги, ногиронлиги бор болаларнинг боғча-мактабларга жойлаштирилганлигини бу соҳада амалга оширилган хайрли ишлар сифатида тилга олиб ўтилди. Йиғилишда тилга олинган бу рақамлар шунчаки ҳисобот эмас, уларнинг ҳар бири ортида минглаб жамият кўмагига муҳтож кишилар тақдири, минглаб оилаларнинг қувончу шодликлари мужассамдир. Алишер Навоийнинг қуйидаги байтини эслаш ўринлидир:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай...

Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, уламолар таъкидлашича, инсон қалби Яратганнинг назаргоҳидир. Бир ғамга тўлган кўнгилни обод этиш, яъни унга шодлик улашиш, Каъба вайрон бўлса, уни қайта тиклаб, Аллоҳнинг розилигини топиш билан баробардир. Бу ўринда яна шуни ҳам унутмаслик керакки, муҳтожга ёрдам қўлини чўзган кишилар уларнинг дуоси туфайли улкан савобга эришади ва натижада ўзларига ҳам наф етади, яъни Алишер Навоий ҳазратлари таъкидлаганларидай:    

Нафъинг агар халққа бешакдурур,
Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур...

Халққа наф етказиш, муҳтожларга ёрдам бериш учун ижтимоий ҳимоя соҳасини янада ривожлантириш, йиғилишда айтиб ўтилган ишларни амалга ошириш ҳукуматимиздан, соҳа ходимларидан жуда катта масъулият, миллиардлаб маблағлар талаб қилиши табиий ҳол, албатта. Аммо шуни унутмаслик керакки, бу нафақат давлат ва соҳа ходимлари, балки кимгадир ёрдам кўрсатишга қодир бўлган ҳар биримизнинг зиммамиздаги ишдир.

Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Шу боис ҳар куни юзлаб тўйлар ва бошқа маросимлар бўлиб ўтмоқда. Улардаги тўкин-сочин дастурхонни кўриб, шукроналар айтамиз, лекин шу билан биргаликда яна бир ҳолат кишини ўйлантиради. Шу ўринда яна Ҳазрат Навоийга қайтишни лозим топдик. Тарихдан маълумки, улуғ шоиримизнинг бутун ҳаёти муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш билан зийнатланган. У зотнинг саъй-ҳаракатлари, бевосита сарфлаган маблағлари туфайли ўша пайтда мамлакатда ободончилик ишлари авж олган, Ҳирот илм-фан, адабиёт ва санъат марказига айланиб, турли соҳаларнинг ўнлаб вакиллари илм билан машғул бўлган ва ижод қилганлар. Биз бугун муҳтожларга кўрсатиши керак бўлган хайру эҳсон ҳақида ўйлар эканмиз Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” (“Яхшиларнинг ҳайратланиши”) асаридан олинган қуйидаги мисраларни сиз азиз ўқувчиларга тақдим этишни лозим топдик. Ҳазрат саховат ҳақида гапирар эканлар, қилинилаётган ҳар бир иш ҳам сахийлик эмаслигини таъкидлаб шундай деб ёзадилар:

Ёяр анга супраки, ул оч эмас,
Берур анга тўнки, яланғоч эмас.
От анга тортарки, юз илқиси бор,
Сим анга берурки, юз илғиси бор...

Шоирнинг фикрича, қорни тўққа дастурхон ёзиш, усти бутга тўн кийгизиш, юз оти борга яна от ҳадя қилиш, юз илғиси (мол-дунёси) борга сим (пул) беришни сахийлик сифатида баҳолаб бўлмайди. Шунингдек, шоир тамагирлик билан, нимадир қайтариб олиш мақсадида ёзилган дастурхоннинг соҳибини ҳам саховатли демасликка чақиради. Биз бугунги тўй-томоша, маъракалардаги ноз-неъматлар билан тўлиб тошган дастурхон атрофида ўтирган кишиларни кўриб, айнан юқорида айтилган сўзларнинг гувоҳи бўлаётганимиз ҳеч кимга сир эмас.

Демак, халққа дастурхон ёзишдан, кимгадир ёрдам қўлини чўзишдан мақсад бундай бўлмаслиги керак. Бугун, афсуски, кўпчилигимиз ўзимизни кўрсатиб қўйиш, бошқалардан кам эмаслигимизни билдириш каби мутакаббирлик билан мол-дунёни сочиш ва “сахийлик” қилишга одатланиб қолганмиз. Йиғилишда айтилишича, келаси йил 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарур экан. Агар биз тўй ва маъракаларимизни том маънодаги саховат тадбирига айлантирсак, қайсидир ёрдамга муҳтож кишиларнинг кўнглини кўратиб, обод қилсак, жамиятимизда юқорида келтирилган муҳтожлар сони кескин камайиб кетар эди.

Йиғилишда айтилган гаплардан мени ўйлантирган яна бир ҳолат ҳақида ҳам фикр билдиришни лозим топдим. Унда келтирилган маълумотларга қараганда, бугунги кунда оғир вазиятга тушиб қолган бўлса-да, ўзида куч топиб, ҳаётини ўзгартирган матонатли инсонлар орамизда кўп экан. Бизнинг атрофимизда, яшаб турган ҳудудимизда ҳам шундай кишилар топилади. Уларни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишимиз, ўз вазифамиздан келиб чиққан ҳолда аҳоли билан бўлаётган суҳбатларимизда уларнинг том маънодаги қаҳрамонликлари ҳақида ҳам гапиришимиз кераклигини англаб етдим. Чунки сир эмас, бугун тўрт мучаси соппа-соғ, лекин нафақа ундириш илинжида идорама-идора юриб, ўзини бечора қилиб кўрсатишга одатланиб қолган “муҳтожлар” ҳам йўқ эмас.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқлари йиғилишда иштирок этганларда жуда катта таассурот қолдирди ва кўпчилик унга ўз муносабатини билдирди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг чиқиши ҳам иштирокчилар томонидан илиқ кутиб олинди. У кишининг, айниқса, “Одамларнинг кўзига ёш, қалбига хурсандчилик келтиргани Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил қилиниши бўлди. Бу – Инсоф агентлиги”, – деган гаплари кўпчиликка манзур бўлди. Дарҳақиқат, муҳтожларга ёрдам бериш, энг аввало, имонли ва инсофли кишиларнинг фазилати. Зеро, ҳар бир эзгу иш инсофдан бошланади. Сўзимни якунлар эканман, Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бугунги мавзумизга оид қуйидаги ҳадисларини эслашни ва сизларга эслатишни лозим топдим:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бир мўминдан бу дунё машақатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади”. Бас, шундай экан, барчамиз набийимизнинг бу ўгитларига амал қилиб, муҳтожларга кўмак бериб яшашга одатланайлик. Зеро, бундай яхшилик билан хулқланиш биз мўминлар учун энг зарур фазилатдир.

Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари.

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Халққа камарбаста бўлиш – эзгу амал

22.05.2025   5745   1 min.
Халққа камарбаста бўлиш – эзгу амал

Бугун Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев бошчилигида Гурлан туманидаги “Усмон Саид бобо” жоме масжидида маънавий-маърифий йиғилиш ўтказилди.
 

Унда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирок этди.


Сўнгра ҳудуддаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Айрим сабабларга кўра аразлашиб қолган оилалар имомлар, ҳожиларнинг ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан гапларидан таъсирланиб, ярашиб олдилар.


Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.


Бундай хайрли ишлар, яъни халққа хизмат қилиб, одамларни рози қилиш, Ҳақнинг розилигига сабаб бўлади, иншоаллоҳ.


Сўнгра имомларнинг йўналишга доир амалга оширган ишлари кўриб чиқилди.


Хайрли дуолар билан ташриф ўз ниҳоясига етди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Хоразм вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Халққа камарбаста бўлиш – эзгу амал Халққа камарбаста бўлиш – эзгу амал Халққа камарбаста бўлиш – эзгу амал Халққа камарбаста бўлиш – эзгу амал Халққа камарбаста бўлиш – эзгу амал
Ўзбекистон янгиликлари