Муносабат
Ислом динида муҳтожларга ёрдам бериш, ногиронлиги бор инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, мискин ва бечоралар ҳолидан хабар олиш хайрли амаллардан ҳисобланади. Бундай эзгу ишлар жамият ва мутасаддиларнинг асосий вазифаси, десак, муболаға эмас.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, юртимиз тараққиётининг янги давридаги ўзгаришлар нафаси ҳар бир шаҳару қишлоқ, маҳаллаю гузар, хонадонларга кириб борди. Ислоҳотларнинг барчаси халқимиз қадр-қимматини юксалтириш, одамларни рози қилиш, ватандошларимизнинг тўкин ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилгани қувонарли, албатта.
Президентимиз ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, ногиронлиги бўлганлар, шунингдек, камбағал оилаларга доимий ғамхўрлик кўрсатиб келинаётир. Бунинг натижаси ўлароқ улар ўзларини шу жамиятнинг тўлақонли, эътибордаги аъзоси, дея ҳис қилиб яшамоқда.
Жорий йилнинг 13 декабрь куни ана шундай савобли ишларни янада такомиллаштириш йўлида Давлатимиз Раҳбари раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган фаолият ҳамда 2025 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда Андижон вилояти фаоллари билан биргаликда камина ҳам иштирок этди.
Президентимиз йиғилишда таъкидлаганидек, юртимиз ҳудудларида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари очилиб, маҳаллаларда 102 та ижтимоий хизмат йўлга қўйилди. Уларнинг ходимлари уйма-уй юриб, шу чоққача реестрга кирмаган яна 95 минг нафар муҳтож одамга ёрдам кўрсатди. Хусусан, ётиб қолган 4 минг нафар ёлғиз кекса аниқланиб, ўз уйларида парваришга олинди. Ногиронлиги бор 5 минг нафар бола махсус боғча-мактабларга жойлаштирилди.
Мана шундай ажру савоби улкан ишлар қалбимизга қувонч улашибгина қолмай, ҳар биримизни фикр-мулоҳаза юритишга, мушоҳадага ундаши табиий.
Аллоҳ таоло биз, бандаларига қўли очиқ, хайр-саховатли бўлишни буюриб, муҳсинларни севишини баён этган: “Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг. Албатта, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўради” (Бақара сураси, 195-оят). Ҳақиқатан, бундай хислатга эга бўлиш улуғ фазилат. Зеро, банданинг ризқига барака кириши, зиёда бўлишида унинг эҳсони, хайру саховати муҳим ўрин тутади.
Бугун мамлакатимизда аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларга доимий ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса юртимизда инсон қадри улуғ эканини англатади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган кишиларга ёрдам кўрсатиш катта савоб, аксинча, уларнинг ҳаққига хиёнат қилиш оғир гуноҳдир. Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши халқимиз қалбидаги эзгу иш бўлди. Агентлик оғир ижтимоий ҳолатга тушган ва тушиш хавфи бўлган аҳоли билан манзилли ишлаётгани, хайру эҳсонларни ўз эгаларига етказаётгани одамларнинг кўзига ёш келтирмоқда, қалбига хурсандчилик улашмоқда. Мана шундай меҳрга муҳтож кишиларнинг дуоси билан юртимиз янада обод бўлади ва олдинга қўйилган режалар амалга ошади.
Шу ўринда мазкур йўналишларда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Вақф” хайрия жамоат фонди доимий ҳамкорлик қилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ислом дини манбаларида ногиронлиги бор одам сабр ила ҳаёт синовларини матонат билан енгиб ўтса, улуғ мукофотларга ноил бўлиши ривоят қилинган. Анас розияллоҳу анҳудан айтилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат этганлар: “Аллоҳ азза ва жалла: “Агар бирор бандамнинг икки кўзини шикастласам, у банда бунга сабр қилса, Мен эвазига жаннат билан тақдирлайман”, деди” (Имом Бухорий ривояти).
Таъкидлаш керакки, мурувват кўрсатиш билан мол-дунё камайиб қолмайди, балки унга барака киради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарсага қасам ичаман: банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди. Бандага бирор зулм қилинганида сабрли бўлса, Аллоҳ унинг иззат-шарафини оширади. Банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бу билан Набий алайҳиссалом ҳам биз, умматларини саховатли бўлишга ундамоқдалар. Ҳеч ким молим камайиб қолади, деган хаёл билан хайр-эҳсон қилишдан тийилмаслиги лозим. Мол-дунё кўпайишига сабаблардан бири ўз вақтида унинг закотини бериш баробарида фақир ва муҳтожларни қўллаб-қувватлашдир.
Бойнинг молида мискиннинг ҳаққи бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганларида ер юзига икки фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳим, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг моли ўрнини тўлдир”, деса, иккинчиси: “Аллоҳим, зиқна одамнинг молига талафот етказ”, деб дуо қилади” (Муттафақун алайҳ).
Қуръони каримда: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар” (Аъроф сураси, 31-оят), деб огоҳлантирилади. Дунё ҳаётида баъзи инсонлар қилаётган ишларни кўриб, таажжубда қоласан киши. Аллоҳ таоло уларга кўп мол-мулк берган бўлса-да, уни турли исрофгарчиликка, дабдабабозликка, ҳашаматга сарфлашади. Зиммасига тушадиган ҳақларга бепарво бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг ёмон зиёфат таоми бадавлат (қорни тўқ) кишилар таклиф қилиниб, камбағал (қорни оч) кишилар чақирилмаганидир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Тўй ва хурсандчиликларга йўқсилларни чақириш динимиз кўрсатмаси. Бунинг бир амалий ифодасини Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ўтган Рамазон ойида кам таъминланганларнинг уйларида ифторликлар ташкил этилганида ҳам кўрган эдик. Улар она Ватан ва Юртбошимиз ҳаққига кўзда қувонч ёшлари билан дуолар қилишганди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига асос солиниб, хайр-эҳсон ишлари давом эттирилаётгани, эҳтиёжманд кишиларга турли ёрдамлар берилаётгани ана шу ишларнинг узвий давомидир. Одамлар қалбига қувонч улашиш эса жуда катта савобли ишдир.
Йиғилишда белгиланган устувор вазифалар аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ҳимоя механизмларини такомиллаштиришга замин яратади. Энди давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами бундан-да кенгаяди. Жамиятда аҳолига кўмакнинг янги даражага кўтарилиши оилалар фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилади, инша Аллоҳ!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.
Намл сурасида: «То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар! Уяларингизга кирингиз...” деди», дейилади.
Сулаймон алайҳиссалом қўшини билан келаётганида, бир чумоли жамоасига кутилмаган хатар яқинлашаётганини ҳис қилди ва қолганларни огоҳликка чақириб, биз тарафга хатар яқинлашиб келяпти, жонингизни қутқаринг: «...Яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар, деган эди» (Намл сураси, 18-оят).
Чумолининг қилган иши қанчалар ажабтовур-а?! У хатарни пайқаши биланоқ ўзини қутқариш учун эмас, жамоасини қутқариш учун шошилди.
Қавмининг қайғусини ўз зиммасига олди, хатар келмасидан уни ҳис қила билди ва чумолилар тўдасини “хавф бостириб келяпти, шошилинглар, жонингизни хатардан қутқариб қолинг”, дея огоҳлантирди.
Бир назар солайлик-да, ояти каримада келган “чумоли” сўзи араб тили қоидаларига кўра тадқиқ қилинса, у накра (ноаниқ) шаклда турибди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, “чумоли” сўзи Қуръони каримда ноаниқ шаклда келтирилди, демакки ўша чумоли тўданинг оддий бир аъзоси, лекин шундай бўлишига қарамай ўзини паст санамади. Биз эса, фалончи нима қилди, писмадончи-чи, деб суриштириш билан оворамиз.
Келинг, энди масаланинг бошқа томонига эътиборимизни қаратайлик. Чумоли: “Эй чумолилар, ҳозир Сулаймон сизларни қириб юборади. Сизлар бир кучсиз жамоасиз, улар сизга эътибор ҳам бермайди”, дедими?! У тўдасидагилар билан вазиятни таҳлил қилдими?! Чумолига боқинг. Аксинча, Сулаймон ва унинг қўшинини айбсиз дея, улар сезмаяптилар, деб уларни оқлади.
Чумолилар ҳам огоҳлантирувчига қараб: “Йўқ, сен бизнинг устимиздан бошлиқ бўлмоқчисан. Сенга фақат мартаба, мансаб керак”, дейишдими?! Асло йўқ! Аксинча, унинг гапини олиб, инларига кириб кетишди ва жажжи чумолининг даъватига эргашганлари ҳолда нажотга етиб, жонлари омон қолди.
Ўзи учун уя қуриш жараёнида сабр қилиш ҳам чумолиларнинг хусусиятларидандир. Улар қураётган уялари бир неча маротаба қулаб тушишига қарамасдан, уни қайта-қайта тиклайверадилар ва охир-оқибат бир бутун уя ҳолига келтирадилар.
Ҳикоят. Ривоят қилинишича, Амир Темур жангларнинг бирида мағлубиятга учрайди ва ўша ерга яқин бир ғорга кириб, мағлубияти ҳақида ўйлайди. У чуқур тафаккур қиларкан, кўзи бир чумолига тушади. Чумоли ғор деворига кўтарилмоқчи бўлиб, тушиб кетади. Иккинчи уринишда ҳам девордан сирпаниб тушади. Учинчи сафар ҳам... Амир Темур бу митти жониворни диққат билан кузата бошлайди, ундан кўзини узмайди. Ахийри, ўн еттинчи уринишда чумоли деворга чиқишга муваффақ бўлади. Шунда Амир Темур: “Ё қудратингдан! Шу кичик махлуқ сал кам йигирма марта уринди. Мен нима учун мағлубиятимдан заифлашяпман?!” – дея ўзини койийди.
Буюк қўмондон ғордан чиқиб тор-мор бўлган қўшинини яна жангга тайёрлайди ва битта бўлса-да, тирик одами қолгунича таслим бўлмасликка астойдил қарор қилади. Унинг кўз ўнгида эса митти чумолининг шижоати акс этади.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, чумоли ҳашаротлар орасида энг қатъиятли, ўзаро ҳамкор ва ҳамжихат экан.
Чумолининг яна бир сифати уларнинг ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлигидир. Уларнинг бари бир бўлиб, битта чизиқ тортган ҳолда доимий ҳаракатда бўлар эканлар.
Шу митти чумолининг ҳаракатлари бизларга қайсидир маънода ўрнак бўлиши мумкинми?!
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.