Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шундай экан, бўш вақтни ғанимат билиб, фойдали ва эзгу ишларга бағишламоқ даркор. Агар бўш вақт яхши ишлар билан тўлдирилмаса, у албатта ёмон ва келажакда зиён бўладиган ишлар билан тўлади. Киши ишдан ва бошқа зарурий нарсалардан қутулиб, бўш вақт топса, уни ҳам ғанимат билиши керак. Ҳеч бўлмаганда китоб ўқиш, бирон нарса ўрганиш, бирорта фойдали иш билан машғул бўлиш ёки қариндошларни кўриш, касал зиёрат қилиш ва ҳоказо ишлар билан бўш вақтдан ҳам унумли фойдаланиш лозим. Негаки, ғирт бекорчилик киши онгига турли васвасаларни, беҳуда фикрларни олиб келади. Қалбга ғам-андуҳ эшигини очади. Турли-туман шаҳвоний ишларга етаклайди.Ахир бежизга: “Эркак кишининг бекорчилиги ғафлат, аёл кишининг бекорчилиги эса шаҳватдир” дейишмайди. Миср ҳокимининг хотини Зулайҳо ўз хизматчиси бўлмиш Юсуф алайҳиссаломга хуштор бўлиб қолиб, уни ўз тузоғига тушириш учун ҳар хил ҳийла-найранглар уюштириши у яшаётган ўта дабдабали муҳитдаги бекорчиликдан келиб чиққан.
Вақт хусусиятлари
Вақтнинг бошқа нарсалардан ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари бор. Бизлар уни тўғри маънода тушунишимиз ва унинг нури билан иш олиб боришимиз лозим;
1. Вақт тез ўтади.
Хоҳ шод-ҳуррамлик ва қувонч билан ўтсин, хоҳ қийин, машаққатли бўлсин, у булут тезлигида юриб, шамол тезлигида ўтади. Бизга хурсандлик кунларимиз бирмунча тезроқ, қайғули кунларимиз секин ва оғир ўтаётгандек кўринади. Аслида, ундайэмас, лекининсонгашундайтуюладихолос. Шоир айтади:
Бахту саодатга тўла ойларим
Гўё давом этди кундан ҳам қисқа,
Ва лекин ҳижронга тўла кунларим
Йиллардек кўринди менинг кўзимга,
Наҳот энди ўтди йиллар, дўстларим,
Ҳайратла боқаман бу кун ўзимга.
2. Вақтдан ўтгани ортига қайтмайди ва ўрнига алмашмайди ҳам.
Ҳар бир кун ўтади, ҳар бир соат ниҳоясини топади ва ҳар бир лаҳза кезувчидир, уни ортга қайтариш ёки бошқаси билан алмаштиришнинг имкони йўқ. Бу холни Ҳасан Басрий етук сўзлари чиройли тавсифлайди: «Ҳар бир тонгги ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: «Мен янги яратилдим (имкониятингман), янги кунингман, ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Агар кетсам, қиёматга қадар қайтмайман».
Ҳасан Басрий ҳақларида Имом Али Зайнул Обидин: «Бу зот сўзлари пайғамбарлар сўзларига ўхшаш киши эдилар» деганлар. Кўп кексаларни кўрамиз, улар ёшлик даврларини яна бир бора қайтишини орзу қиладилар, лекин бу ушалмайдиган орзу. Шоирлардан бири айтади:
Ортига қайтсайди бир кунга ёшлик,
Унга айтардим нелар қилди кексалик.
Бошқа бир шоир умрнинг қай тарзда ўтишини тасвирлаб, унинг кечаю кундузлари ортга қайтмасдан кетади ва бунга умид ҳам йўқ, деб ёзади:
Киши кетар умрининг жиловин тутиб,
Ойу кунлар ичра фано сафари сари,
Кеча ва кундузлар тонг оттириб тунни кутиб,
Дунёни тарк этар яқинлашиб қабр сари.
Тасаввур қилинг, шундай банк борки, у ҳар куни эрталаб ҳисобингизга 86400$ қўяди.
Лекин бу банк хар кунлик қолдиқни сақламайди.
Хар кеча у сиз ишлатмаган қолдиқни охирги тийинигача нолга тенглаштиради.
Сиз нима қиласиз?
Албатта хар куни охирги тийинигача ишлатишга харакат қиласиз!!!
Шуни билингки, хаммамизнинг шу банкда ҳисобимиз мавжуд.
Унинг номи? Вақт.
Хар куни эрталаб бу банк сизнинг ҳисобингизга 86400 секунд ўтказади.
Хар кеча бу банк маълумотларни ўчиради ва бу кредитнинг қайси қисми керакли мақсадларга сарфланмаганлигига қарайди.
Бу банк пулларни сақламайди ва уларни бошқа ҳисобларга ўтказишга ҳам йўл қўймайди.
Хар куни янги ҳисоб очилади.
Хар кеча бир кунлик қолдиқ, яъни ишлатилмаган пуллар бекор қилинади.
Агар сиз бу пулларни ишлатмасангиз – фақат сиз йўқотасиз.
Биз орқага қайтишимиз ёки эртанги кредитни қарзга олиб туришимиз мумкин эмас.
Сиз, бугун сизга берилгани билан ҲОЗИР яшашингиз керак. Пулларни шундай ишга тикингки, бундан соғлиғингизга, бахтингизга ва ишингизга фойдаси тегсин. Шунингдек, сиз бу пулларга савоб ёки гунох сотиб олишингиз ва шундай қилиб амаллар халтасини савоб ёки гунох амалларга тўлдиришингиз мумкин.
Соат миллари айланишда давом этмоқда. Бугун вақтдан максимум даражада фойдаланинг.
Йилнинг қадрига етиш учун, бу тўғрисида бир йил ўқишни йўқотган талабадан сўранг.
Ойнинг қадрига етиш учун, бу тўғрисида вақтидан аввал туғган онадан сўранг.
Хафтанинг қадрига етиш учун, бу тўғрисида хар хафта чиқадиган журналнинг мухарриридан сўранг.
Бир соатнинг қадрига етиш учун, бу тўғрисида учрашувни интизорлик билан кутаётган икки ошиқдан сўранг.
Бир дақиқанинг қадрига етиш учун, бу тўғрисида хозиргина поездга кечиккан одамдан сўранг.
Бир сониянинг қадрига етиш учун, бу тўғрисида хозиргина автохалокатга дучор бўлиши мумкин бўлган инсондан сўранг.
Сиз яшаётган хар бир дақиқанинг қадрига етинг.
Кеча? Бу тарих.
Эртага?
Бу сир...
Шунинг учун имкониятингизда фақат Ҳозир бор!
Яна бир нарсани унутманг: вақт сизни кутиб ўтирмайди!
Шунинг учун сиз эгалик қилаётган хар бир дақиқанинг қадрига етинг. Аллоҳ сизга инъом этган, сизга ажратилган вақт чексиз эмас.
Инсон ёруғ дунёдан юз ўгириб, охират сари юзланган вақтида ўзига яна бир - оз мухлат берилишини ёки йўқотган нарсасини тўғрилаб, бузганини тузатиб олиш учун озгина вақтнинг ортга қайтарилишини орзу килади. Шунда Қуръон айтади: «Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!» (Мунофиқун, 9–10).
Сизларнинг бирингизга ўлим келиб, у; «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб солиҳ баландалардан бўлсам», деб қолишдан илгари «Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!».
Шулардан келиб чиқиб, айтиш жоизки, ҳар бир киши ўзига берилган қисқа умрни фойдали ишларга сарфлаши, илм олиши, ҳунар ўрганиши, ёки тадбиркорлик, тижорат каби касб-кор қилиши ва жамиятга манфаатга ҳаракат қилиши айни муддаодир.
Халқ нақлида "Ёшликда билганинг – тошга ёзганинг, қариликда билганинг – музга ёзганинг" дейилади. Умрнинг олтин чоғида фурсатни беҳуда, таралла бедодлик билан ўтказмай инсоний ахлоқ-одоб, муомала-муносабат, касб-у ҳунар, ширинсуханлик ва одиллик ихлос-эътиқод билан ўрганиб олинса, одам учун бир умрга унутилмас одатга айланади. Бу эса ҳаётда яхши ва мазмунли яшаш учун доим ойдин, равшан йўлларни очиб беради.
Келинг, ҳозир ўзимизга ажратилган қисқагина фурсатни ғанимат билиб, вақтни тежаш, ундан унумли фойдаланишнинг омилларидан бири бўлмиш ҳалол меҳнат ва касб-кор қилиш, ҳунармандлик, тадбиркорлик каби нарсалар хусусида ҳам бироз сўзлашсак.
Инсон ўз ҳаёти учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-бош, турар-жой таъминотини қадим-қадимдан йўлга қўйиб келган. Шулар жумласига тижорат, зироат, чорвачилик, турли фойдали касб-ҳунар ва тадбиркорлик ҳам киради.
Динимиз таълимоти ялқовлик, боқимандалик каби зарарли иллатларни қатъий қоралаб, инсонларни ҳалол ризқ топиш йўлида саъй-ҳаракат қилиш ва чин-ихлос билан меҳнат қилган ҳолда ҳаёт кечиришга чақиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировларга юк бўлгандан кўра, ҳатто ўтин териб келиб ва уни сотиб кун кечириш афзалроқ эканини айтганлар.
Барча пайғамбарларнинг ўз касбкорлари бўлган. Масалан: Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Иброҳим алайҳиссалом баззозлик, Довуд алайҳиссалом совут ясаш ва темирчилик, хурмо дарахти новдаларидан сават тўқиш, Закариё алайҳиссалом дурадгорлик, ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам чўпонлик ва савдогарлик касби билан машғул бўлишган.
Ўз навбатида саҳобаи киромлар ҳам бирон-бир касб-ҳунар билан ризқ-рўз топишга саъй-ҳаракат қилишган. Мисол тариқасида айтиш мумикнки, Салмон Форсий хурмо новдаларидан сават тўқиб сотарди, Абдур Раҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон ва бошқа бир қатр саҳобийлар тижорат билан шуғулланардилар. Қуръони Каримда ризқ топиш ниятида Ер юзида турои саёҳат ва сафарларга чиқишга тарғиб қилинади. Шунингдек Унда инсонлар турли ҳаётий эҳтиёж ва заруриятлар сабабидан ер юзига тарқалиб ризқ-рўз топиши, тадбиркорлик каби фойдали фаолиятлар билан шуғулланиши, бор куч ва иқтидор, ақл ва билимларни сарфлаб ишлаб чиқариш ва иқтисодий тараққиёт сари саъй-ҳаракат қилиши зарурлигига чорловчи кўплаб илоҳий далиллар мавжуд:
“У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир”.
Бошқа бир ўринда бундай марҳамат қилинади: “Намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”.
Қадимдаги солиҳ кишиларимиз мазкур нарсаларни яхши англаганлари учун ҳам албатта бирон касб ва ҳунар эгаси бўлишган ёхуд тижорат, тадбиркорлик каби ишлар билан шуғулланишган. Ҳазрати Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шойи ва ипак газламалри билан савдо қилганлар. Машҳур ватандошимиз ва буюк аллома Имом Қаффол Шоший ҳазратлари қулфсозлик билан шуғулланганлар. Ҳазрат Хожа Аҳрор валий эса тижорат ва чорвачилик ҳамда мулкчиликнинг бошқа турлари билан шуғулланганлар ва ҳоказо...
Айтмоқчи бўлганимиз шуки, умрларини илмга бағишлаган мазкур кишилар ҳам ўз пешона тери билан оила ва рўзғор тебратганлар. Бировнинг қўлига қарам бўлмаганлар.
Тадбиркорлик ва тижоратчилик касбларининг фазилати ва аҳамияти Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда ўз ифодасини топган.
Имом Термизий орқали ривоят қилинган бир шарафли ҳадисда бундай дейилади: “Ростгўй ва ишончли тижорат соҳиби жаннатда набийлар, сиддиқлар ва шуҳадолар билан бирга бўлади”.
Бу ҳадиснинг маъноси ўз ичига барча олди-сотди билан шуғулланувчилар, тадбиркорлар, касб-ҳунар билан машғул бўлганлар ҳам киради.
Дарҳақиқат, тадбиркорлар, ишбилармонлар ва тижорат аҳли кишилар билан энг кўп муомалада бўладиган тоифа ҳисобланадилар. Улар ўз муомалаларида ёлғон сўзлаш, нотўғри гувоҳлик беришдан ўзларини сақламоқлари керак бўлади. Зеро, ёлғон гапириш айни гуноҳи кабирадир.
Аллоҳ таоло кечаю кундуз Ватан манфаати, халқ фаровонлиги йўлида ўзининг меҳнати, билими ва тажрибаси билан турли соҳаларда тадбиркорлик ишларини олиб бораётган имонли, инсофли, мурувватли мулкдорларни, тижоратчиларни, зироатчиларни, ишлаб чиқарувчиларни ҳифзу ҳимоясида сақлаб, ишларига баракотлар ато этсин!
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир ажойиб ҳолат ҳақида фикр юритдим: баъзида мўминнинг бошига бир иш тушса, у астойдил дуо қилади, аммо дуоларининг ижобати кўринмайди. Умидсизликка тушай деганда, унинг қалбига қаралади. Агарда у Аллоҳнинг фазлидан умидини узмагани ҳолда тақдирига рози бўлса, дуонинг ижобати тезлашади. Бу маънолар Аллоҳ таоло нозил қилган ояти каримада ўз ифодасини топган: «...Ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир”»[1].
Шундай ҳолат Яъқуб алайҳиссалом билан ҳам бўлган. У зотнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом дом-дараксиз йўқолиб қолганида, кушойиш келишидан ноумид бўлмаганлар. Кейинги ўғиллари ҳам тортиб олинганида, у зот Аллоҳнинг фазлидан умидларини узмаганлари ҳолда: «...Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса...»[2], деганлар.
“Дуойимнинг ижобат бўлиш муддати узайиб кетди”, деб қайғурманг. Аллоҳ таоло сизнинг тазарруингиз, ялиниб-ёлворишларингизни кўришни ирода қилмоқда. Сизни қилган сабрингизга ажр ила мукофотламоқчи. Сиз шайтон билан жанг қилишингиз учун ҳам дуойингизнинг ижобатини кечиктириш ила сизни синаяпти.
Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг азиймат, қатъиятингиз нақадар қувватли экани ва балога қанчалик сабрли эканингизни кўриш учун ҳам дард бериб имтиҳон қилади. Агар сабр қила олсангиз, демак, сиз итоаткор бандалар сафидасиз. Борди-ю, иродасизлик қилсангиз, зиёнкорлардан бўласиз. Сабрдан кейин фақат ва фақат ечим, ёруғ кунлар бор.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Сабр қилсанг, ажрга эга бўласан, барибир ёзилгани бўлади. Сабрсизлик қилсанг, гуноҳкор бўлиб қоласан, барибир ёзилгани бўлади”, деганлар.
Шоир айтади:
Балою имтиҳон келса, аларга ҳар он ризо кўрсат,
Синов берган сиҳатни ҳам Ўзи бергай аниқ, албат.
Бандасига не ҳукм этса, ҳикмати бор, итоат қил,
Битганидан қутулмоқлик чорасиздир, бил, эй ғофил!
Ноумидлик ханжарини кўкрагингга урма аммо,
Ки Аллоҳнинг қудратила ечилгайдир ҳар муаммо.
Аллоҳдан умидингизни узманг. Синовларга сабр қилинг, шундагина улкан ажрларни қўлга киритасиз. Фазл ибн Саҳл айтади: “Касалликларда неъматлар бор”. Бу борада қуйидагиларга эътиборли бўлинг:
– гуноҳлардан тозалаш;
– савобни қўлга киритиш;
– ғафлатдан уйғониш;
– соғлик неъматини эслаб қўйиш;
– тавбага шошилиш.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 214-оят.
[2] Юсуф сураси, 83-оят.