МАСКАТ, 18 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўмоннинг "Asdaa Oman" электрон газетасида Ўзбекистоннинг замонавий маданиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мақолада миллий санъатни асраб-авайлаш, ёш авлодни унинг гўзаллигида тарбиялаш ва маданиятни ривожлантириш ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисми сифатида Ўзбекистон тараққиётининг асосий элементлари эканлиги таъкидланади.
Маданият ва санъат соҳасидаги таълимни ривожлантириш, профессионал таълим тизимини такомиллаштириш ҳамда ушбу омилларнинг жамият маънавий уйғунлигини таъминлашга таъсири ҳақида маълумотлар келтирилган.
Ўзбек халқининг бой маданий меросини асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида замонавий технологиялар жорий этилаётгани таъкидланди. Хусусан, маданий мерос элементларини рақамлаштириш, илмий тадқиқотларни кенгайтириш ва тарғиботни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларига айлангани эътироф этилган.
"Бу нафақат зарурият, балки олий мақсад ҳамдир - ушбу жараённинг ижобий томонларидан фойдаланиш ва ўзбек маданиятининг ўзига хос хусусиятларини жаҳон майдонида намойиш этиш миллат тараққиётининг муҳим мезонига айланади", - дея хулоса қилади "Asdaa Oman" газетаси.
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкил топганига 35 йил тўлгани муносабати билан Олмаота шаҳрида “Марказий Осиё ва Қозоғистонда Ислом: тарихий анъаналар ва замонавий имкониятлар” мавзусида нуфузли халқаро анжуман ўтказилди. Унда турли давлатлардан келган ислом уламолари иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази директор ўринбосари Ғуломиддин Холбоев ҳам қатнашиб, “Сунъий онг (интеллект) ва унинг ҳукми” мавзусида чиқиш қилди.
Дарҳақиқат, сунъий онг (СО) – одам каби фикрлаб, қўйилган муаммога ечим топишга йўналтирилган бугунги технология. Гарчи у турли ускуна ва жиҳозлар кўринишида бўлса ҳам, қарор қабул қилиш, инсоний хулқ-атворга тақлид қилиш каби қобилиятларга эга.
Ахборот асри деб аталаётган бугунга келиб илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари жуда ҳам тез ва шиддат билан ривожланиб бормоқда. Тараққий этган ўлкаларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш кенгайиб, у кўплаб соҳаларга кириб бормоқда. Ушбу “онг”нинг шаръий ҳукмига аниқлик киритиш замона фақиҳлари олдида турган муҳим вазифалардан. Зеро, ундан мусулмонлар ҳам кенг миқёсда фойдаланмоқда.
Ўзбекистон уламолари вакили Ғуломиддин домла Холбоевнинг чиқиши шу маънода катта қизиқиш билан тингланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати