Шу йил 16 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Фахрийлар кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Фахрийлар кенгаши янги таркибини тасдиқлаш, кенгашнинг ҳудудлардаги бўлинмаларини ташкил этиш, кенгаш фаолиятини янада кучайтириш ва бир қанча масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилаётган ва нафақа ёшидаги фахрийларни давлат мукофотларига тавсия этиш масаласи муҳокама қилинди. Якунда кенгаш аъзоларидан муносиб номзодлар тавсия этилиб, иштирокчилар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Йиғилиш давомида Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур сўзга чиқиб, кенгаши таркибига Наманган вилояти вакиллиги тизимида узоқ йиллар хизмат қилган уламо Абдулҳай домла Турсунов номзодини киритишни тавсия қилиб, у кишининг динимиз равнақи йўлидаги хизматларини эътироф этдилар. Сўнгра Фахрийлар кенгаши аъзолигига Абдулҳай домла Турсунов номзоди тасдиқланди.
Шунингдек, Фахрийлар кенгашининг ҳудудлардаги бўлинмаларани ташкил этиш масаласи муҳокама қилиниб, вилоятларда ҳам динимиз равнақига муносиб хисса қўшиб келаётган уламолар салмоқли экани қайд этилди. Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши ҳудудларда меҳнат қилаётган кўплаб фахрий имом-хатиблар ва дин пешволарини учун манфаатли бўлиши таъкидланди.
Йиғилишда Фахрийлар кенгаши аъзолари йил давомида диний таълим муассасаларига ташриф буюриб, талабалар билан учрашувлар ўтказгани, бу тингловчиларда катта таассуротлар қолдиргани таъкидланиб, келгусида бундай суҳбатларни кўпайтириш ва Фахрийлар кенгаши фаолиятини янада жадаллаштириш лозимлигига урғу қаратилди.
Мажлис якунида мазкур масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эътибор берган кишини маҳзун қиладиган учта нарса бор. Уларнинг ҳар бири алоҳида жиҳат бўлиб, уларга қараган қиз албатта маҳзун бўлади. Мана шу уч нарсага қарашни бас қилсак, ҳаётимиз розилик, саодат ва сакинатга тўлади.
Маҳзун қилувчи биринчи нарса: Атрофдаги одамларнинг қўлидаги неъматларга қараш.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Синов учун дунё ҳаётининг кўрки қилиб, айримларни баҳраманд қилган нарсаларимизга кўз тикма. Роббингнинг ризқи яхшидир, боқийдир"(Тоҳо сураси, 131-оят).
Кўз тикиш – бировларнинг қўлидаги дунё матоҳларига ҳасад, тамагирлик билан қарашдир.
Бировнинг қўлидаги нарсаларга қараш ҳам икки хил бўлади:
Биринчиси – табиий, беихтиёр қараш. Бунда атайлаб, қасд қилиб қаралмайди. Одамларнинг қўлидаги нарсаларга, уларга Аллоҳ берган неъматларга беихтиёр кўз тушиб қолади. Бундай пайтда кўзини четга олган одамнинг қалби тамагирликдан узилиб, хотиржам бўлади. Аслида бунақанги пайтларда чин дилдан ҳавас қилиш, бу неъмат ўша кишига буюрсин, бардавом бўлсин деб дуо қилиш, бу кишига неъмат берилганига хурсанд бўлиш керак. Лекин кўз тикиб тураверса, «Нега шу нарса менда йўқ? Нега нуқул унинг омади келаверадию, менинг ҳеч ишим юришмайди?» деб, ҳасад қилса, ўша кишидаги бу неъмат йўқ бўлишини истаса, бундай пасткаш одам ўзига ғам-ғуссани тилаб олган бўлади.
Иккинчиси – атайлаб кўз тикиш. Бу – бировларнинг мол-мулкига, уларга берилган неъматларга атайлаб, бирор ёмон мақсад билан қараш ва бу ишни қайта-қайта қилишдир. Аллоҳ таоло қалбимизни маҳзунликдан асраш учун бизни бу нарсадан қайтарган. Шундай экан, қалбингиз хотиржам бўлиб, қайғусиз яшашни истасангиз, бошқаларга берилган неъматларга кўз тикманг!
Бир қиз айтади: «Бир куни онам мени ҳайрон қолдириб, "Кел, қизим, бугун сенга 37 йилдан буён қалбимнинг туб-тубида сақланиб келаётган бир сирни айтаман", деб қолдилар. Бориб, ёнларига ўтирган эдим, бундай дедилар:
«Ёшлигимда бировларнинг қўлидаги неъматларга кўп кўз тикардим. Аллоҳ уларга берган нарсаларни кўриб, ҳасад қилардим. Уларни ўзимдан устун деб, ўзимни эса жуда ночор деб билардим. Аллоҳ менга берган неъматлар эса кўзимга кўринмасди. Шунинг учун бирор кун розилик деган нарсани ҳис қилмай яшадим, қайғу мени бир сония ҳам тарк этмади. Охири бориб, тушкунликка – депрессияга тушиб қолдим.
Маҳзунлигимнинг сири мана шу эди. Лекин мен сенинг бундай бахтсиз бўлишингни истамайман. Шунинг учун, бойликда ҳам, чиройда ҳам доим ўзингдан пастроқларга қарагин, қизим. Шунда дунёю охиратда бахтли бўласан. Одамларнинг қўлидаги неъматларга қарасанг, қайғу-ҳасратдан бошинг чиқмайди, бундан ўзингни ҳимоя қилгин, болам!»
Иккинчи қиз айтади:
«Яширмайман, онам бировларга кўп ҳасад қиларди. Гапининг асосий мавзуси кимнингдир нимагадир эришган бўлар эди. Ўзининг аҳволидан эса фақат нолир эди. Яхшиям дадажоним донолик билан иш тутдилар. Бўлмаса мен ҳам онамнинг аҳволига тушиб қолишимга бир баҳя қолган эди. Отам онамнинг бу хунук одатига ажойиб услубда ёндаша бошладилар. Ҳар гал онам: "Фалончининг фалон-фалон нарсалари бор, бизда эса ҳеч нарса йўқ" деса, отам: "Одамларнинг қўлидаги нарсаларни кўп гапирсанг, обрўйинг тушиб кетади. Энг ёмони – Аллоҳнинг адолатига шубҳа қилган, берган ризқига норози бўлган бўлиб қоласан", дер эди.
Онам ўзининг аҳволидан нолиб, "Фалончихон бой-бадавлат, мен бечора эса…" деб қолса, отам яна ўша ҳикматли сўзларини такрорлар эди.
Отам бу сўзларни сокинлик билан, табассум билан айтар эди. Отамнинг бутун жисми-жонида, онамнинг акси ўлароқ, ҳар доим розилик, хотиржамлик уфуриб турарди, «Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бизда неъматлар жуда кўп!» деган сўзларни бот-бот такрорлар, ортидан эса Аллоҳ бизга берган, бошқаларда йўқ неъматларни санаб берарди.
Кўпинча отамнинг саодати билан онамнинг маҳзунлигини таққослаб кўрардим. Онамнинг одамлар қўлидаги нарсаларга қараб, хурсанд бўлмаслиги, отамнинг эса ўзига берилган неъматларга шукр қилиб, хотиржам яшаши ҳақида кўп ўйлардим. Ниҳоят, икки томонни солиштириб кўриб, отамга ўхшашга онт ичдим, бирор сония ҳам онамга ўхшаб қолмасликни Аллоҳдан сўрай бошладим. Чунки онам бировга берилган мол-дунёга қараб, ўзининг аҳволидан нолиб, ҳаётини барбод қилди, обрўсини тушириб, Роббининг адолатига шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолган эди».