Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла Расулиллаҳ ва аъла аалиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн
Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар – дўзахга қалқон. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалқонингизни олинглар!” дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Душман кўриндими?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ. Дўзах оловидан қўриқлайдиган қалқонингизни олинг ҳамда бундай денглар: “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”. Бу калималар Қиёмат куни олдингиздан, орқангиздан ҳимоя қилувчи ва абадий қоладиган солиҳ амаллардир” (Имом Насоий ривояти).
Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар – қуёш чиққанидан афзал амал. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳоналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, деб айтишим мен учун қуёш чиқиб, нур сочганидан яхшироқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар – Жаннат ўсимлиги. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: “Ё Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўсимлиги “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” эканининг хабар беринг”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар – Аллоҳга энг севимли калималар. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога каломларнинг энг яхшиси тўрттадир: Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Германия университетларининг бирида моллар билан синов ўтказишди. Гап шундаки, улар Ислом шариати усулида сўйилган ҳайвон сўйилиш асносида қандай оғриқ ҳис қилиши ёки қилмаслигини аниқлаш учун EEG деб аталувчи миянинг ҳолатини кузатувчи электр схемасини ўрнатишди. Бу орқали ҳайвоннинг оғриқни ҳис қилган ёки қилмаганини ва агар қилган бўлса, унинг даражасини аниқламоқчи бўлишди.
Тажриба ўтказиш учун қора мол танланди ва Ислом шариати усулида сўйилди.
Сўйишдан кейинги дастлабки 3 сония ичида мия электр схемасида ҳеч қандай ўзгариш аниқланмади, бу эса мол оғриқ ҳис қилмаганлигидан далолат беради. Кейинги 3 сония мобайнида улар молнинг ҳушидан кетганини кузатишди. Бу катта миқдорда қон чиқиши ва мияга қон етказилиши кескин тўхтагани сабабли содир бўлди.
Жами 6 сония ўтгач, EEG мия электр схемаси тўхтади, яъни мол ўлди ва ҳеч қандай оғриқни ҳис қилмади.
Одатда кишилар жонлиқни сўйиш жараёнида у қаттиқ оғриқни ҳис қилади, деб ўйлайдилар ва унга ачинишади.
Ислом шариати услубида сўйиш деганда ҳайвоннинг икки йўғон томирлари (артериялари), нафас йўли ва қизилўнгачи кесилади, аммо бош тўлиқ узиб ташланмайди.
Бу тарзда сўйилганда қон ва кислород мияга етиб бормай қолади, натижада ҳайвон бир неча сония ичида ҳушини йўқотади ва оғриқни ҳис қилмайди.
Сўйиш пайтида ҳайвоннинг миясидаги гипофиз бези (glande pinéale) орқали буйрак усти бези (glande surrénale) га сигнал беради, бу сигналлар орқали адреналин ажралиб чиқади ва мияга қон етказишни тезлаштиришга ҳаракат қилади. Натижада ҳайвоннинг танаси бир неча дақиқа ичида тўлиқ қондан холий бўлади.
Шунинг учун ҳам Ислом шариатига мувофиқ сўйиш усули энг тез ва ҳайвон учун оғриқсиз усул ҳисобланади.
Субҳаналлоҳ!
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ