Шу йил, 18 декабрь куни ЎМИ Фарғона вилояти вакиллигида шаҳар-туман бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Уни вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев олиб борди. Мажлисда жорий йил давомида соҳа ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Йиғилишда имомлар томонидан кўплаб ижобий ишлар амалга оширилаётгани, халқимиз диний эҳтиёжини қондириш ва хайрия ишларини кенг кўламда адо этаётганлари эътирорф этилди.
Шу билан бирга айрим имом-хатиблар фаолиятида камчиликлар кўзга ташланаётгани, улар ўзларини ислоҳ қилиши зарурлиги қайд этилди. Улар ўз устиларида ишлаши, билим ва кўникмаларини орттириши, тажрибали имомлар ёш имомларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаши, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда фаол бўлиши ҳамда имомлар жамиятда намуна бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, Давлат раҳбари раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда Муфтий ҳазратлари томонларидан айтилган фикрлар эътироф этилиб, одамлар қалбига хурсандчилик олиб кириш, муҳтож ва қийналганга ёрдам бериш улкан савоб эканини билдириш баробарида имом-хатиблар бу борада ҳам фаол ва намуна бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш сўнггида келгуси режалар бўйича фикрлар алмашилиб, 2025 йилги ишлар белгилаб олинди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги "Яккасарой" жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари жамоат намозидан олдин йиғилганларга “Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!” мавзусида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Мавъизада бугунги кунда бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳлар, жумладан, қарзини қайтармаслик, тарозидан уриш, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик каби иллатлардан ҳазар қилиш лозимлигини қатъий таъкидладилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони каримдаги: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29) оятини шарҳлаш асносида Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этгани, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюргани ҳамда ҳалол ва ҳаром нарсаларни очиқ баён қилганини айтиб ўтдилар.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлик-фаровонлиги ва ҳалол-пок молу давлат топиш, ноҳақ-ботил йўллар орқали келадиган моллардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати