1. Ҳеч қачон бирор киши билан ўтирган ҳолда қўл бериб сўрашманг.
2. Музокарада ҳеч қачон биринчи бўлиб таклифни берманг.
3. Агар сизга сир айтилган бўлса, уни сақлай билинг.
4. Агар бировнинг машинасини миниб туриш учун олган бўлсангиз, қайтараётганингизда бакини ёқилғига тўлдириб қўйишни унутманг.
5. Бирон ишни қилсангиз иштиёқ билан қилинг, бўлмаса умуман у ишга қўл урманг.
6. Қўл бериб кўришганда маҳкам тутинг ва суҳбатдошингизнинг кўзига қаранг.
7. Якка ҳолда сафарга чиқиб кўринг.
8. Қайғуга ботган пайтингизда сизга хурсандчилик бағишлаган одамни ҳечам йўқотманг.
9. Ҳаётингизни узайтирмоқчи бўлсангиз, маслаҳат олишдан тортинманг.
10. Ўқиш ёки ишхонада янги келган одам билан бирга овқатланинг.
11. Ғазабда хат ёзсангиз тугатгандан сўнг, ўқиб чиқинг, ўчиринг ва қайта ёзинг.
12. Овқатланиш вақтида иш, сиёсат ёки дин ҳақида гаплашманг.
13. Мақсадларингизни ёзиб қўйинг ва уларга эришинг.
14. Ўз фикрингизни ҳимоя қилинг, лекин ўзгаларга ҳурматли ва бағрикенг бўлинг.
15. Яқинларингизга қўнғироқ қилинг ва уларни зиёрат қилинг.
16. Ҳеч нарсадан афсусланманг, ҳаммасидан сабоқ олинг.
17. Обрў ва вафо сизнинг шахсингизда бўлиши керак.
18. Қарзга пул берманг, агар қайтарилмаслигини билсангиз.
19. Бирон нарсага ишонинг.
20. Эрталаб уйқудан уйғонганда ётоғингизни йиғинг.
21. Ҳаммомда ювинаётганда қўшиқ айтманг.
22. Ўсимлик парвариш қилинг ёки боғ яратинг.
23. Имконият пайдо бўлганда осмонни кузатинг.
24. Қобилиятларингизни аниқлаб, улардан фойдаланинг.
25. Қилаётган ишингизни сева билинг, ёки уни тарк этинг.
26. Ёрдам керак бўлганда ёрдам сўрашдан тортинманг.
27. Кимгадир кичик бўлса ҳам бир қадриятни ўргатинг.
28. Сизга ёрдам кўрсатган одамга миннатдорчилик билдиринг.
29. Қўшниларингизга меҳрибон бўлинг.
30. Бирон кишининг бир кунини саодатли қилинг — шунда сизга ҳам хурсандлик бағишлайди.
31. Ўз нафсингиз билан беллашинг.
32. Йилда ҳеч бўлмаганда бир марта соғлигингизни тиббий муолажа қилдиринг.
33. Соғлигингизга эътиборли бўлинг.
34. Ҳар доим табассум билан салом беринг.
35. Тез ўйланг, лекин секин сўзланг.
36. Оғзингиз овқатга тўла ҳолда гапирманг.
37. Оёқ кийимингизни тоза тутинг, тирноқларингизни олинг ва ҳар доим кўринишингизни озода сақланг.
38. Ўзингиз билмайдиган масалаларда фикр билдирманг.
39. Ҳеч қачон ҳеч кимга ёмон муомала қилманг.
40. Ҳаётда гўёки умрингизни охирги кунидек яшанг.
41. Хотиржам бўлиш имконини берадиган фурсатни ҳеч қачон қўлдан берманг.
42. Ҳар қандай кишининг меҳнатини тан олинг.
43. Камтар бўлинг.
44. Ўз илдизларингизни ҳеч қачон унутманг.
45. Имкон туғилганда саёҳатга чиқинг.
46. Қўрқувдан воз кечинг.
47. Ғойибона сизни ҳимоя қилган одамни йўқотманг.
48. Ҳеч қачон таслим бўлмасдан ўз муваффақиятингизни қидиринг.
49. Адолатли бўлинг; сизнинг ёрдамингизга муҳтож бўлганларни ҳимоя қилинг.
50. Ёлғизлик онларидан завқланишни ўрганинг.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.
1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.
2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.
Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.
Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати