Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Июн, 2025   |   25 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
21 Июн, 2025, 25 Зулҳижжа, 1446

....маошимдан кесиб қолинсин...

19.12.2024   7119   1 min.
....маошимдан кесиб қолинсин...

Девбанддаги “Дорул улум” номини эшитган бўлсангиз керак. Охирги пайтда Аллоҳ таоло бу идорани уммат учун раҳмат қилиб қўйди. У ердан саҳобаи киромларни ёдга соладиган одамлар етишиб чиқдилар. 

Мен падари бузрукворим Муфтий Муҳаммад Шафеъ қоддасаллоҳу сирроҳдан эшитганман. Девбанддаги “Дорул улум”нинг аввалги даврида устозларнинг бир одатлари бор эди: “Дорул улум”га бирор меҳмон бирортаси билан учрашиш учун келса, келган вақтини қайд қилинар, кейин ой охирида, фалон-фалон кунларда меҳмон билан машғул бўлдим, шунча вақт “Дорул улум” ишидан чалғидим, шунинг учун менинг маошимдан кесиб қолинсин, деб илтимоснома тақдим қилар эдилар...

Ҳозирги кунда ойликни оширишни сўраганлари ҳақида кўп эшитасиз. Лекин, мен идорага тегишли муддатда шунча вақтни шахсий ишимга сарф қилдим, шу сабабли маошимдан қирқиб олинсин, деб илтимос қилган бирор кимса ҳақида эшитмайсиз. Бу ишни фақатгина бир кун Аллоҳ таолонинг ҳузурида туришни ўйлаган шахсгина қила олади.

Бугун ҳар бир шахс уятдан бошини эгиб қарасин, ишчилар ва ходимлар қанча вақтни виждон ила ўз вазифаларини адо этишга сарф қиляпти? Бугун ҳар жойда фасод тарқаган. Халқ саргардон ва идоранинг ташқарисида қуёшда турибди. Масъуллар эса, ўзининг салқин хонасида гап сотиш билан банд, чой ичяпти, нонушта қиляпти. Бу тарздаги ишларда бир тарафдан, маош ҳаром бўляпти ва иккинчи тарафдан халқни сарсон қилиш гуноҳи ёзиляпти.

“Насиҳатлар гулдастаси”дан. 

Бошқа мақолалар

Chatgpt дан диний саволларга жавоб олиш

13.06.2025   10755   2 min.
Chatgpt дан диний саволларга жавоб олиш

Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга  амал қилсак бўладими? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:


فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).

Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:


 ‌إن ‌هذا ‌العلم ‌دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم

“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.