Қорақалпоғистонлик ҳожилар ва имом-хатиблар ҳомийлар кўмагида жойлардаги ижтимоий кўмакга муҳтож оилаларга моддий ва амалий ёрдамлар кўрсатиб келмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ва «Вақф» фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан ҳомийлар кўмагида Нукус шаҳридаги «Жийдели байсын» маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи, ўзгалар ёрдамига муҳтож, боқувчисидан айрилган оилаларни моддий тарафдан таъминлаш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, фарзандлари учун иссиқ кийимлар берди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳраматдин домла Разов сабр қилиш, юртимизда яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш мавзусида оила аъзолари билан суҳбатлашди.
Шунингдек, Нукус шаҳри «Салмон эшон» масжиди имом-хатиби Набатов, Чимбой тумани «Юсуф ота» масжиди имом-хатиби Қаражанов, Қўнғирот тумани «Хаким Сулаймон» масжиди имом-хатиби Умаров, Амударё тумани «Ноғай эшон» масжиди имом-хатиби Қурбаниязовлар ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотларини берди. Қўнғирот тумани «Мулла Исҳақ» масжиди имом-хатиби Зинуллаев ҳомийлар кўмагида кам таъминланган оила уйига шифер қоқтириб берди.
Моддий ва амалий ёрдамлар кўрсатилган оила аъзолари бундай ҳомийлик тадбир ташкилотчиларига ўзларининг самимий ташаккурларини билдирди.
Бегис Аббазов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими