Ҳеч қачон ўйлаб кўрганмисиз, нима учун баъзи кишилар улкан ютуқларга эришади, баъзилар эса бир хил ҳолатдан чиқа олмайди? Бунинг сири бирор бир сеҳр-жоду ёки омадга боғлиқ деб ўйлайсизми? Асло, бунинг сабаби оддий ва айни пайтда ҳаммага бу имконият берилган. У ҳам бўлса - тонг!
Тонгингиз тўлиқ бир кунингизни йўналишларини аниқлаб берадиган компасдир. Агар кунингиз фаол ҳаракат ва аниқ режа билан бошланса, кун давомида олдингизда улкан имкониятлар эшиклари очилади. Бордию, тонгингиз бетартиб ва режасиз бошланса, бу кунингизнинг қолган қисмига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши табиийдир.
Тонг вақти шунчаки янги куннинг бошланиш вақти эмас. Балки бу вақт кунингизни ютуқлар билан ўтказасизми ёки самарасиз кетказасизми, шуларни белгилаб олиш лаҳзасидир. Қандай қилиб дейсизми?
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, тонг вақти кун тартибини белгилаш, энергияни ошириш ва ақлни ривожлантириш учун энг яхши вақтдир. Асосийси, тонгингизни шошма-шошарлик билан ёки бетартиблик билан бошламанг. Тонг вақти бу сизнинг кичик бўлсада сармоянгиз, у сизнинг шахсий ва ижтимоий ҳаётингизда катта самара бериши мумкин.
Энг муваффақиятли инсонларнинг аксариятида тонгда бажарадиган муайян машғулотлари мавжудлигини биласизми? Тонгги машғулотларга риоя қилиш сизда қуйидаги кўникмалар ҳосил бўлишига ёрдам беради:
1. Аниқ мақсад билан уйғониш.
2. Чалкашликлардан халос бўлиш.
3. Ижобий мақсадлар сари одимлаш, кунни унумли ўтказиш учун замин яратиш.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ворид бўлган тонгда айтиладиган дуо ва зикрларнинг маъно ва мазмунларига бир эътибор беринг-а. Унда инсонни ҳотиржам қиладиган, ҳаётдан унумли фойдаланишга ундайдиган, ҳар бир ишда фақат Унинг ўзига таваккул қилишга чақирадиган маънолар бор. Демак, ҳар тонгни мана шундай ғоя ва ақида билан бошлашга одатланган кишининг кунида барака ва ривожланиш бўлади, иншааллоҳ.
Тонгни муваффақиятли бошлашнинг бешта асосий унсури бор:
1. Эрта уйғониш: бунда сиз тафаккур қилиш, ишларни режалаштириш ва сокин вақтдан баҳраманд бўлиш имконига эга бўласиз.
2. Жисмоний машқлар: намоз ўқиш ва ҳатто енгил бадантарбия машқларини бажариш ҳам қон айланишини яхшилаб, танага қувват (энергия) беради.
3. Ҳаёт (тириклик) ҳақида фикр юритиш, неъматларга шукр қилиш.
4. Кунлик режани белгилаб олиш.
5. Соғлом овқатланиш: эрта тонгда қилинган нонушта кун давомида фаол бўлиш учун зарур энергияни беради.
Эртадан бошлаб кунингизни шу тарзда бошланг ва ҳаётингизда қандай ижобий ўзгаришлар бўлишини ўзингиз кузатинг.
Ҳар кунингизни тонг саҳардан бошлашга одатланинг, кунингиз баракали, ишларингиз муваффақиятли бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматлари ҳаққига Аллоҳдан тонгимизга барака сўраб дуо қилганлар.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити Исломнинг икки улуғ байрамидир. Уларнинг ҳар бирида улкан маънавий маънолар бўлиб, мусулмонлар ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Қурбон ҳайити Исломда фидокорлик, садоқат ва бағрикенглик рамзи ҳисобланади.
Ушбу муқаддас байрам олдидан Давлатимиз раҳбарининг махсус қарорлари қабул қилиниши, Рамазон ва Қурбон ҳайити саналари дам олиш куни сифатида белгиланиши халқимизнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда маънавий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида нишонланади. Уламолар таъкидлаганидек, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни Аллоҳнинг энг маҳбуб кунларидан бири бўлиб, бу кунларда қилинадиган амаллар, ибодатлар, хайру саховатлар жуда ҳам улуғ ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳузурида яхши амаллар Зулҳижжанинг биринчи ўн кунида қилинадиган амаллардек афзалроқ амал йўқ”, — деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, ушбу кунларда яхши амалларга шошилиш, савобли ишларга улгуриб қолиш айни муддаодир.
Қурбон ҳайитининг фазилатлари амалларидан бири – қурбонлик қилиш ҳисобланади. Қурбонлик, Ислом динида аҳамияти катта бўлган амаллардан бири бўлиб, у Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳнинг розилиги учун фидоийлик ифодаси ўлароқ жонлиқ сўйишдир. Бу амал ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш, фидокорлик, сабр ва тақво каби тушунчаларни ифода этади.
Қурбонлик қилиш нафақат инсоннинг тақвоси, балки ижтимоий меҳр-оқибат, муҳтожларга ғамхўрлик белгисидир. Қурбонлик гўшти фақирларга, қариндошларга, қўшниларга тарқатилиши, аҳиллик ва меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлайди.
Қурбон ҳайити — бу аҳиллик ва муштаракликнинг рамзи бўлиб, бу кунда мусулмонлар ўз қариндошлари, қўшнилари, дўстларининг ҳолидан хабар оладилар, узоқдаги яқинларини йўқлаб боришга ҳаракат қиладилар. Айниқса, кекса, бемор, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олиш — динимизда юксак ажр ҳамда эътиборга сазовор амал ҳисобланади.
Қурбон ҳайити инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳру шафқатни уйғотади, байрам муносабати билан эҳсон қилиш, болалар ва кексаларни хурсанд қилиш каби амаллар нафақат шахсий савоб, балки жамиятдаги яхшилик муҳитини янада мустаҳкамлайди.
Бу кунда имкони бор инсонлар кам таъминланган оилалар, етимлар, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, уларга хурсандчилик улашсалар, бу амалнинг савоби беқиёсдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундан бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”, — дедилар (Имом Муслим ривояти).
Азизлар, айни кунларда юртимиздан 15 минг нафардан зиёд юртдошларимиз Исломнинг беш устунидан бири бўлган Ҳаж ибодатини адо этишга тараддуд кўрмоқдалар. Улар орасида юзлаб нуронийлар, оналаримиз, устоз ва зиёлилар бор. Бу ҳар бир юртдошимизнинг қалбида қувонч уйғотади. Айниқса, мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазрат билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларимиз аҳволидан хабар олганелари, уларга муборак сафарда тўлиқ шароит яратилиши, Ҳаж ибодатини хотиржам ва мукаммал адо этишлари учун зарур кўмак ва дуоларини изҳор этганлари катта воқеа бўлди.
Бу воқелик юртимизда дин ва давлат муносабатлари янги, барқарор ва ҳамжиҳат заминда қурилаётганидан далолатдир. Бу – халқимизнинг муқаддас қадриятларига ҳурмат, Исломнинг пок таълимотига бўлган эҳтиром намунасидир.
Бу каби юксак эътиборлар юртимизда дин ва давлат ўртасидаги мувозанатли муносабатнинг, халқнинг эътиқоди ва қадриятига нисбатан ҳурмат ва эъзознинг амалий намунасидир.
Муҳтарам юртдошлар! Фурсатдан фойдаланиб барчаларингизни ийд ал-Азхо – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинчликлиги барқарор, халқимиз тотувлиги бардавом бўлсин, динимиз янада равнақ топсин, хонадонингиздан файзу барака аримасин!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби