Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Феврал, 2025   |   12 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:04
Қуёш
07:23
Пешин
12:42
Аср
16:10
Шом
17:55
Хуфтон
19:09
Bismillah
11 Феврал, 2025, 12 Шаъбон, 1446

Абу Исҳоқ Муътасим - Ҳорун Восиқ - Жаъфар Мутаваккил

20.12.2024   4622   5 min.
 Абу Исҳоқ Муътасим - Ҳорун Восиқ - Жаъфар Мутаваккил

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

8. Абу Исҳоқ Муътасим
(халифалик даври: ҳижрий 218–227; милодий 833–842)

Абу Исҳоқ Муътасим Муҳаммад ибн Ҳорун ар-Рашид акаси Маъмундан кейин, унинг ақлига биноан ҳижрий 218 йилда халифаликни эгаллади. У жангу жадалга ва бошқа ишларга турк аскарларини жалб қила бошлади. Турклар томонидан Бағдод аҳолисига турли озорлар етди. Шундан сўнг халифа қарши чора сифатида улар учун Самурро шаҳрини қурдирди. Бундан кўринадики, форс ва арабларга ишонч қолмаганидан кейин Муътасим туркларга эътибор бериб, аскарликка улардан олишга қарор қилган.

Форслар ҳокимиятни ёлғиз ўзлари олишни қасд қилганлари тажрибадан равшан бўлгач, аббосий халифалар уларга қарши жуда қаттиқ чоралар кўрдилар. Абу Салама Ҳаллолдан бошлаб, Абу Муслим Хуросоний, бармакийлар, Фазл ибн Саҳл ва бошқалар муносиб жазоларини олишди. Арабларнинг ҳукмронлиги Аминнинг давлатига қўшилиб, форсларнинг қиличлари остида заволга учради. Ушбу сабабларга кўра Муътасим бошқа диёрлардан аскар излади ва улар турклар бўлди.

У ўзининг бу иши билан Ислом давлатига катта зарар етказаётганини англамаётган эди. У давлатнинг барча ишларини ана шу туғёнга кетган туркларнинг қўлига топшириб қўйди.

Муътасим “Қуръони Карим махлуқдир” деган ақийдани давом эттирди. Одамларни, хусусан имом Аҳмад ибн Ҳанбални азоблашда давом этди. У Маъмуннинг сиёсий соҳадаги жуда кўп ишларининг давомчиси бўлди.


Ҳодисалар
Бобак Хуррамий ҳаракати

Муътасим Бобак Ҳуррамийга қарши бир неча марта уруш қилди, охири ҳижрий 223 (милодий 838) йилда уни йўқ қилди. Бобак устидан қозонилган ғалаба мусулмонлар гувоҳ бўлган ғалабаларнинг энг яхшиларидан бўлди. Бобак Ҳуррамий ўлдирилган куни ҳуррамийя мазҳаби тугади. Бу 20 йил давом этган курашларнинг натижаси эди.


Фатҳлар
Амурийя фатҳи

Рум подшоҳи ва хуррамийлар биргаликда Зибтара ва Малотия деган жойларга киришди. У ерларда мусулмонларга қарши хоҳлаган ишларини қилдилар. Айтишларича,

Зибтара деган жойда бир муслима аёлга қарши тажовуз қилинганида “Вой, Муътасимим!” деб дод солган, шунда Муътасим ҳалиги аёлнинг нидосига жавобан ўзи Рум шаҳарлари томон юриш қилган. У Амурийя деган жойдан шаҳарга кириб бориб, катта жангдан сўнг уни фатҳ қилди. Бу ишлар ҳижрий 223 йилда содир бўлди.

Шоир Абу Тамим ушбу воқеани ўзининг машҳур қасидасида баён қилган.

 

Муътасимнинг вафоти

Муътасим ҳижрий 227 (милодий 842) йилда вафот этди. Унинг халифалик даври тўққиз йил давом этди.

 

9. Ҳорун Восиқ
(халифалик даври: ҳижрий 227–232; милодий 842–847)

Ҳорун ибн Муҳаммад Муътасим халифаликни ҳижрий 227 йилда отаси Муътасимдан кейин эгаллади. Унинг даврида аҳамиятга молик ҳодисалар деярли бўлмади.

 

Турклар

Восиқнинг даврида туркларнинг лашкарбошилари жуда юқори мартабаларга эришдилар. Восиқ уларга жуда кўп нарсаларни берди. Асли турк бўлган лашкарбоши Ашносга “Султон” лақабини берди. Унга жуда кўп имтиёзлар тақдим этди.

 

Ҳорун Восиқнинг вафоти

Ҳорун Восиқ ҳижрий 232 (милодий 847) йилда вафот этди. Унинг халифалиги 5 йил давом этди.

 

10. Жаъфар Мутаваккил
(ҳижрий 232–247; милодий 847–861)

Жаъфар ибн Муҳаммад Муътасим халифаликни акасидан кейин эгаллади. Уни ҳокимиятнинг барча жиловларини ўз қўлига олган турк лашкарбошилари халифа қилиб сайладилар. Мутаваккил турклардан халос бўлиш учун кўп ҳаракат қилди, лекин уддасидан чиқмади. Унинг ҳаёти уларнинг кўпида ниҳоясига етди. Жаъфар Мутаваккил даврида “Қуръони Карим – махлуқ” деган гапга барҳам берилди. У имом Аҳмад ибн Ҳанбални икром қилиб, ҳурматини жойига қўйди.

 

Ҳодисалар

Ҳижрий 238 (милодий 853) йилда, Мутаваккилнинг даврида Мисрнинг Димёт деган жойига румликлар ғорат қилиб келиб, у ерни вайрон этишди. Одамларини қатл қилгач, ўз юртларига қайтиб кетишди. Бирор киши уларга қарши чиқа олмади. Уларнинг мусулмон юртларига қарши тажовузкорликлари давом этди. Уларга бир неча марта ҳамлалар қилинди, лекин бирор марта ҳам жиддий натижага эришилмади.

Жаъфар Мутаваккилга қарши унинг ўғли Мунтасир фитна уюштирди. У баъзи бир турк қўмондонлари билан тил бириктириб, уни қатл қилдирди. Туркларнинг иши жуда ҳам кучайган, шаънлари юқорилашган эди. Ҳижрий 247 йилда халифа қатл қилинди. Мутаваккил 15 йил ҳалифалик қилди. Жаъфар Мутаваккилнинг қатл қилиниши билан аббосийларнинг биринчи даври – қувватли халифалар даври поёнига етди.


Кейинги мавзулар:
Ҳижрий II асрда ажраб чиққан давлатлар.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Никоҳ тўғри бўлишининг 5 шарти

6.02.2025   5935   12 min.
Никоҳ тўғри бўлишининг 5 шарти

«Никоҳ» сўзи, аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, луғатда «қўшилиш», «жамланиш», «яқинлашиш» маъноларини англатади.

Шариатда эса: «Никоҳ баҳраланиш эгалигини ҳосил қилувчи боғланишдир».

Бошқа фиқҳий мазҳаблар таърифида: «Никоҳ эр-хотин орасида шаръий йўл билан ҳузурланиш ҳалоллигини ифода қилувчи ва ўша ҳузурланишни мубоҳ қилувчи ақддир».

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра қуйидаги таърифни ихтиёр қилган:

«Никоҳ эркак ва аёл орасидаги яқинликни, иккисининг ўзаро ҳамкорлигини ифода қилувчи ҳамда иккисининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини чегараловчи ақддир».

Никоҳнинг шариатга киритилиши ҳикматлари:

1. Никоҳдаги шахс ва унинг жуфти ҳалолининг ҳаромдан сақланиши.
2. Инсон сулоласини инқирозга учраб йўқ бўлиб кетишдан ҳимоя қилиш.
3. Наслу насабнинг боқий қолиши ва муҳофаза қилиниши.
4. Жамият қуришнинг асоси бўлган оилани барпо қилиш.
5. Оила ва жамият аъзолари орасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш ва уларни ривожлантириш.

Аллоҳ таоло инсонни табиатан жамоатчиликда яшашга мойил қилиб яратган. Инсон зоти бу дунёда яшар экан, унинг ўзига ўхшаш инсонлар билан алоқа қилишга ҳожати тушади ва бусиз яшаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам турли инсоний алоқалар мавжуд ва уларсиз дунё ҳаёти обод бўлмайди.

Аммо барча инсоний алоқалар ичида энг муқаддаси никоҳ алоқасидир. Барча инсоний алоқалар ўз-ўзидан ўрнатилиб ва юритилиб кетаверса ҳам, никоҳ алоқаси алоҳида эътиборга сазовордир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, Қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини – Ислом никоҳ алоқасини инсоний алоқалар ичида энг эътиборли ва энг муқаддас алоқага айлантирган. Бу алоқа, Ислом таълимотига биноан, Аллоҳ таолонинг амри билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан ва мўмин-мусмонларнинг гувоҳлиги билан қуриладиган алоқага айлантирилган. Никоҳ алоқаси ҳақида Қуръони каримда оятлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида кўплаб таълимотлар ҳамда Ислом фиқҳида қатор ҳукмлар келган.

Мазкур муқаддас алоқанинг моҳиятини, негизини ва асосини ушбу бобда зикри келаётган «никоҳланиш», бизнинг урфимизда «никоҳ ўқитиш» деб аталадиган маросим ташкил этади. Баъзи одамларнинг билимсизлиги ва бепарволиги оқибатида айнан оила қуришнинг жавҳари бўлган мана шу ишни унутиб қўядиганлар ҳам йўқ эмас.

Бундан бир неча йил аввал икки-уч киши муҳим саволлари борлигини айтиб, олдимга келишди. Кириб, бир яқинлари ўғлини уйлантираётгани, ҳамма нарса тайёр бўлганида бола: «Никоҳ ўқилмаса бўлмайди» деб туриб олганини, ота-онаси эса: «Эскича никоҳнинг нима кераги бор?» дегани ва орада келишмовчилик чиққанини айтиб, улардан қай бирлари ҳақ эканини сўрашди.

Минг афсуски, ҳозиргача мусулмонлар орасида никоҳнинг асли, оила пойдевори, ҳаромни ҳалол қиладиган, бошқалар учун шунчаки одат бўлган эр-хотинлик алоқасини ибодат даражасига кўтарадиган асосий омил бўлмиш никоҳ ақдига унчалик аҳамият бермайдиган, унга «эскича одат» деб қарайдиганлар бор.

Бу ўта нохуш ҳолатга чек қўйишимиз керак. Айнан шаръий никоҳ саодат манбаи эканини англаб етишимиз ва уни қадрлай билишимиз лозим. Шариатнинг ҳар бир мусулмон учун фарз бўлган ушбу ҳукмини яхшилаб ўрганишимиз зарур.

Келинг, бизда «никоҳ ўқитиш» дейиш одат тусига айланиб қолган «ақди никоҳ»нинг шариатдаги ҳукмларини диққат билан ўрганиб чиқайлик.


Шаръий никоҳнинг тўғри бўлиши шартлари:

1. Ийжоб ва қабул.

Никоҳ тугуни ийжоб ва қабул ила боғланади.

Яъни эр-хотинлик алоқаси никоҳланмоқчи бўлган икки тарафдан бирининг никоҳланиш рағбатини билдириши ва иккинчисининг ўша рағбатни қабул қилиши ила юзага чиқади.

«Ийжоб» – ақди никоҳда иштирок этадиган икки томоннинг биридан шу масалада рағбат содир бўлганини англатадиган нарса, «қабул» эса, иккинчи томондан ана шу рағбатни қабул қилганини билдириш учун содир бўлган нарсадир.

Бизнинг воқелигимизда никоҳ ўқиётган домла келиндан «Фалончига турмушга чиқишга розимисиз?» деб сўраганда келиннинг «Ҳа» ёки «Розиман» дейиши ийжоб бўлади. Домла куёвдан «Фалончини жуфти ҳалолликка қабул қилдингизми?» деб сўраганда куёвнинг «Қабул қилдим» дейиши «қабул» бўлади.

Шунингдек, бир эркак аёл кишига: «Менга хотин бўлишга розимисан?» деса, бу «ийжоб» бўлади. Аёл унга «Розиман», деб жавоб берса, бу «қабул» бўлади. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин.

Баъзи вақтларда валийлар ёки вакиллар орқали ҳам «ийжоб-қабул» бўлиши мумкин.

Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланади.

Ийжоб ва қабул, яъни рози-ризоликни алоҳида ва жамоатчилик олдида сўрашни жорий қилишда ёшларга ўз эрклари билан оила қураётганликларини яна бир бор намоён қилиш маъноси ҳам бордир. Агар ичкарида одамларнинг хабарисиз қийин-қистов бўлаётган бўлса, яна бир имкон яратиб, очиғини эълон қилиш учун йигит ва қизга фурсат берилади.


2. Ийжоб ва қабулда ишлатилган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт.

Агар бу иборалар вақтинчаликни ифода қилса, никоҳ боғланмайди. Вақтини тайин қилиб «фалон ойга, фалон йилга никоҳландик» дейилса, никоҳ ботил бўлади. Шунинг учун ҳам муваққат никоҳ ва мутъа никоҳи ҳаром ҳисобланади.

Ийжоб ва қабулнинг лафзи «Никоҳланишга рози бўлдим ва никоҳландим» каби ўтган замон феъли ёки «Менга никоҳлан» деганда «Никоҳландим» дейиш каби буйруқ ва ўтган замон феъли ила ифода этилади.

Ёки бир тараф никоҳ рағбатини билдирганда иккинчи тараф «Қабул қилдим», деса ҳам, ийжоб-қабул собит бўлади.

Никоҳ ва уйланиш маънолари Қуръони каримда келганлиги учун мазкур икки лафзни ишлатиш афзалдир. Одатда «никоҳ» ва «уйланиш» лафзларининг ишлатилиши ҳаммага маълум ва машҳур.


3. Келин-куёв бир-бирларининг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини эшитишлари шарт.

Чунки овози эшитилмаган шахс ғойиб шахс билан баробардир.

Шунингдек, куёв-келиннинг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини ўша ерда ҳозир бўлган гувоҳлар ҳам эшитишлари шарт.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир», дедилар (Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилганлар).


4. Валийнинг бўлиши.

Валийни ҳанафий мазҳаби «никоҳнинг шартларидан бири» деса ҳам, бошқа мазҳаблар «никоҳнинг рукнларидан бири» деганлар. Шунга биноан, «валий» никоҳнинг тўғри бўлиши унга боғлиқ шахс бўлади.

Одатда, ота ёки унинг ўрнига қолган шахс валий бўлади. Валийлар тартиби, ота йўқ бўлса, бобо, туғишган ака‑ука, ота бир ака-ука, она бир ака-ука, амаки бўлиб кетаверади.

Ҳанафий мазҳабида: «Одам ажратишни билмайдиган, алданиб қоладиган киши ҳам валий бўлмайди», – дейилган.

Валий никоҳда ўзининг ўрнига вакил тайин қилиши жоиздир.


5. Икки адолатли гувоҳ.

Ийжоб ва қабулсиз никоҳ бўлмаганидек, камида икки эр киши ёки бир эр ва икки аёл киши гувоҳлигисиз ҳам никоҳ бўлмайди.

Янги қурилган оила жамиятнинг янги аъзоси бўлади. Шунинг учун ҳам жамиятнинг вакиллари бўлмиш гувоҳлар уларнинг ҳалол-пок оила қураётганларига жамият номидан шоҳид бўладилар.

Шоҳидсиз никоҳ бўлмайди. Ана ўша гувоҳлар икки шахснинг ҳалол-пок йўл, никоҳ йўли билан оилавий турмуш қуришганига шоҳид бўладилар ва буни бошқа кишиларга ҳам етказадилар. Шунингдек, эр-хотин орасида никоҳ масаласида даъволашув бўлиб қолса, қозининг олдида гувоҳлик ҳам берадилар. Ушбу эътибордан никоҳ гувоҳсиз бўлиши мумкин эмас.

Никоҳда гувоҳлар икки эр киши бўлиши керак. Ҳанафий мазҳабида икки эр киши бўлмаса, бир эр киши ва икки аёл киши бўлса ҳам, бўлаверади. Аммо фақат аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги кифоя қилмайди.

Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши лозим:

1. Ақл. Мажнун киши гувоҳ ҳисобланмайди.
2. Балоғатга етганлик. Ёш бола гувоҳ ҳисобланмайди.
3. Ҳур. Қул гувоҳ бўлмайди.
4. Мусулмонлик. Номусулмон киши гувоҳ бўлмайди.
5. Иккала гувоҳ ҳам никоҳланувчи икки томоннинг гапларини эшитишлари керак.
6. Гувоҳ адолатли (диний жиҳатдан тўлиқ, одил одам) бўлса, яхши бўлади. Бўлмаса, адолати суриштирилмаган, ёлғончилиги, фосиқлиги маълум бўлмаган киши ҳам бўлаверади. Ҳанафий мазҳабида бу масала бошқа мазҳабларга қараганда бир оз кенгроқ олинган.

Никоҳ икки фосиқнинг ҳузурида ҳам тўғри бўлади. Лекин уларнинг гувоҳликларининг таъсири даъво пайтида ўтмайди.

Фосиқ – шариатга хилоф иш қиладиган одам. Бошқа мазҳабларда фосиқнинг гувоҳлиги ўтмайди. Аммо Ҳанафий мазҳабида юқорида зикр қилинган шарт ила унинг никоҳдаги гувоҳлиги қабул қилинган.

Никоҳ икки тарафнинг икки ўғли ёки бир тарафнинг икки ўғли ҳузурида ҳам тўғри бўлади. Мисол учун, ажрашиб кетган эр-хотин ўзларининг икки ўғли гувоҳлигида ёки бирларининг икки ўғли ҳузурида қайта ярашсалар бўлади.

Уларнинг гувоҳлиги ўзининг яқини фойдасига қабул қилинмайди. Мисол учун, эрнинг икки ўғли гувоҳлигида никоҳ қилинди. Кейин эр-хотин орасида низо чиқиб, қозига мурожаат қилинди. Икки ўғилнинг гувоҳлиги отанинг фойдасига қабул қилинмайди. Аммо эрнинг худди ўша ўғилларининг гувоҳлиги хотиннинг фойдасига қабул қилинади. Чунки улар билан хотиннинг орасида қаробат – яқин қариндошлик йўқ.

Никоҳ икки зиммийнинг гувоҳлигида тўғри бўлади ва уларнинг гувоҳлиги мусулмоннинг зиддига ўтмайди.

Зиммий – Ислом давлати соясида яшаётган ғайридин шахс. Агар мусулмон одам зиммий аёлга уйланаётган бўлса, икки зиммий эркакнинг гувоҳлигида қилинган никоҳ тўғри бўлади. Аммо кейинчалик мазкур эр-хотиннинг орасида низо чиқиб қолса ва ишлари маҳкамада кўриладиган бўлса, зиммийларнинг мусулмоннинг зиддига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди.

Агар вакил қилувчининг ўзи ҳозир бўлса, унинг вакили гувоҳ бўла олади. Шунингдек, балоғатга етган, ўзига бошқа одам валий қилинган қиз ҳозир бўлса, унинг валийси ҳам гувоҳ бўла олади.

Аммо вакил қилувчи ва валий қилувчи ҳозир бўлмаса, вакил ҳам, валий ҳам гувоҳ бўла олмайди. Чунки бу ҳолатда уларнинг ҳар бири ақди никоҳнинг бир тарафи бўлади. Никоҳдан ўтувчининг ўзи ақд пайтида ҳозир бўлса, унинг ўзи ақднинг бевосита эгаси бўлади ҳамда вакил ва валийнинг гувоҳ бўлишлари имкони туғилади.

Худди шу никоҳ ақдини боғлаш пайтида гувоҳларнинг олдида никоҳнинг асл ва муҳим амалларидан бири – маҳр масаласини кўриш мақсадга мувофиқ бўлади. Бизнинг ҳозирги шароитимиз шуни тақозо қилади. Чунки маҳр нималигини билмайдиганларимиз бор. Агар никоҳ ўқиётган олим киши бу масалани тушунтириб, амалга ошириб қўймаса, бу ўта муҳим нарса умуман эсга келмай, шариатнинг ҳукмларидан бири поймол бўлиши, икки тарафнинг гуноҳкор бўлиши ҳеч гап эмас.

Никоҳга оид маълумотларни турли муносабатлар билан одамларга баён қилганимизда, жумладан, маҳр масаласини тушунтирганимизда, «Биз оила қурганимизда бу каби гаплар бўлмаган эди», «Маҳр нималигини билмай, оила қурган эканмиз, энди нима бўлади?» деган одамлар бўлди. Ана шу эътибордан, муҳтарам уламоларимиз никоҳ ўқиш пайтида ушбу масалани ўртага ташлаб, баён қилиб, ҳал этиб қўйишлари жуда яхши иш бўлади.

"Бахтиёр оила" китобидан