Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
1. Кишини чап қўлда ейишидан қайтардилар.
2. Суяниб ейишдан қайтардилар.
3. Қабрларни (гипс билан) сувашдан ва уларнинг устида намоз ўқишдан қайтардилар.
4. Туриб қолган сувга бавл қилишдан қайтардилар.
5. Кишини битта кавушда юришдан қайтардилар.
6. Ҳожат чиқариш ёки бавл қилишда қиблага юзланишдан қайтардилар.
7. (Азада баланд овозда) йиғлашдан қайтардилар.
8. Тасвирлар, суратлар(ни уйга осиш, уни чизиш)дан қайтардилар.
9. Ўтда куйдиришдан қайтардилар.
10. Хўрозни сўкишдан қайтардилар.
11. Аёл киши бошқа аёл билан бир тўшакда кийимсиз ётишдан қайтардилар.
12. Кишининг бошқа кишига “аёлим синглингдир”, дейишдан қайтардилар. Бу ерда мақсуд: маҳрсиз.
13. Аррофга (коҳин, фолбин) га боришдан қайтардилар.
14. Нард ўйнашдан қайтардилар.
15. Ғийбат ва чақимчиликдан қайтардилар.
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.