Шу йил 23 декабрь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Тошкент шаҳар ва вилоятлар вакилликларининг ҳуқуқшунослари, кадрлар масалалари бўйича мутахассислари учун онлайн семинар-тренинг ўтказилди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кадрлар бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Ҳуқуқшунослик бўлими мудири в.б. Жаҳонгир Хотамов ва Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов ҳуқуқий ва ҳужжат юритиш бўйича нутқ қилдилар. Жумладан, диний ташкилотлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш, қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини барча масъул ходимларга етказиш орқали уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини мунтазам равишда ошириб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ижрочиларга тўлиқ етказиш, меҳнат қонунчилигига оид ҳужжатларни тўғри юритиш ва масъул ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, диний соҳа ходимларини қонунчиликдаги ўзгаришлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиб бориш, кадрлар фаолиятига оид буйруқларни тўғри расмийлаштириш, ҳужжатлар алмашинувини тўлиқ тизимлаштириш, рўйхатдан ўтказувчи ташкилотларга ўз вақтида ҳисобот тақдим этиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш каби масалаларга ҳам урғу қаратилди.
Йиғилишда мутахассислар томонидан берилган саволларга масъуллар жавоб бериш баробарида келгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф доирасида Малайзия Ислом санъати музейига ташриф буюрди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу мажмуа мамлакатнинг энг йирик музейларидан бири ҳисобланади. У 1998 йилда ташкил этилган.
Музей анъанавий ислом меъморчилиги услубида барпо этилган бўлиб, унинг умумий майдони 30 минг квадрат метрдан зиёдни ташкил этади.
Бино гумбазининг ички қисмини безаш ва реставрация ишларида ўзбекистонлик усталар иштирок этган.
Бу ерда 10 мингдан ортиқ ислом санъати намуналари сақланмоқда. Доимий экспозицияда Қуръон қўлёзмаларининг ноёб тўплами, сопол ва қимматбаҳо буюмлар, қурол-яроғ намуналари ва иншоотлар макетлари, тақинчоқлар, тангалар ва бошқа ашёлар намойиш этилмоқда.
Музей фондида замонавий Ўзбекистон ҳудудида турли тарихий даврларда яратилган 200 га яқин ноёб экспонатлар алоҳида ўрин эгаллайди. Улар орасида ўрта асрларга оид қўлёзмалар, заргарлик буюмлари, машҳур абр матолари ва кийим намуналари, Шарқ Ренессансига оид кулолчилик буюмлари мавжуд.
Давлатимиз раҳбари экспонатларни кўздан кечириш чоғида биргаликда тадқиқотлар ўтказиш ва кўргазмалар ташкил этиш, илмий ва маданий алмашинувни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
President.uz