Кўпчилик мусулмонлар Қуръонни фақатгина савоб ва ажр олиш мақсадида ўқишади, айни пайтда Қуръонда кўплаб манфаатлар борлигини унутишади.
Аслида, Қуръонни ҳар гал аниқ бир ният билан ўқилса, Аллоҳ таолонинг фазли ила ўша нияти амалга ошади.
Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Амаллар ниятларга боғлиқдир ва ҳар кимга ниятига ярашаси берилади", деганлар.
Қуръон — ҳаёт дастури. Ният олимларнинг сармояси. Шунга биноан мусулмон киши Қуръон ўқиганида қуйидагича ниятларни қилиши керак:
1. Мен Қуръонни илм олиш ва унга амал қилиш мақсадида ўқийман.
2. Мен Қуръонни Аллоҳдан ўзимга, фарзандларимга ва оиламга ҳидоят бериши учун ўқийман.
3. Мен Қуръонни Аллоҳга муножот қилиш учун ўқийман.
4. Мен Қуръонни дардларимга шифо бўлиши учун ўқийман.
5. Мен Қуръонни жаҳолат зулматидан ҳидоят нурига чиқиш учун ўқийман.
6. Мен Қуръонни қалбимнинг қаттиқлигини йўқотиш, унга хотиржамлик солиш ва шайтоннинг васвасасини кетказиш учун ўқийман.
7. Мен Қуръонни ҳасаддан, назар нафасдан ўзимни ва оила аҳлимни асраш учун ўқийман.
8. Мен Қуръонни ғофиллардан бўлиб қолмаслик ва Аллоҳни мудом зикр қилувчилар қаторида бўлиш учун ўқийман.
9. Мен Қуръонни иймоним мустаҳкам бўлиши, ишончим ортиши учун ўқийман.
10. Мен Қуръонни Аллоҳнинг амрига итоат этиш учун ўқийман.
11. Мен Қуръонни ҳар бир ҳарфи учун ўнтадан савоб олиш учун ўқийман.
12. Мен Қуръонни қиёмат куни Қуръоннинг шафоатига ноил бўлиш учун ўқийман.
13. Мен Қуръонни жаннатда юқори даража топиш учун ўқийман.
14. Мен Қуръонни Аллоҳнинг ҳузурида даражам юксак бўлиши учун ўқийман.
15. Мен Қуръонни қиёмат куни ота-онамга тож кийдириш учун ўқийман.
16. Мен Қуръонни Аллоҳнинг хос аҳлларидан бўлиш учун ўқийман.
17. Мен Қуръонни дўзахдан нажот топиш учун ўқийман.
18. Мен Қуръонни ўзимга ёки оиламга етган сеҳр-жоду амалидан халос бўлиш учун ўқийман.
19. Мен Қуръонни Аллоҳ мушкулимни осон, ҳожатимни раво қилиш учун ўқийман.
20. Мен Қуръонни Аллоҳ қарзимга нажот бериши учун ўқийман.
21. Мен Қуръонни қабримда менга ҳамроҳ бўлиши, сирот кўпригида нур бўлиши учун ўқийман.
22. Мен Қуръонни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқлари билан хулқланиш учун ўқийман.
23. Мен Қуръонни ўзимни ботил ишлардан тийилиб, савобли ишлар билан машғул қилиш учун ўқийман.
24. Мен Қуръонни ғам-ташвишлардан фориғ бўлиш учун ўқийман.
25. Мен Қуръонни нафсим ва шайтонга қарши курашиш учун ўқийман.
Қуръон тиловати бу - зикр. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: "Аллоҳ таоло шундай деган: "Ким менинг зикрим билан машғул бўлиб, мендан ҳожатларини сўрай олмаса, Мен унга сўраганларидан ҳам афзалини ато этаман".
Аллоҳ таоло барчамизнинг қилган амалларимизни қабул айласин.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.
Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.
Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.
Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.
Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.
Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.
Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни, яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.
Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.
Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.
Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.
Холмурод МАМАЖОНОВ,
Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби