Машҳур ишбилармон билан бўлган суҳбатда ундан ҳаётидаги эсда қоларли воқеа ҳақида сўрашди. У бундай ҳикоя қилиб берди:
«Бир куни ўзимда иккиланиш, тараддудни ҳис қилиб, очиқ ҳавода сайр қилдим. Эшиги очиқ турган бир масжид ёнидан ўтарканман, ўзимга-ўзим: “Кириб икки ракат намоз ўқий”, дея масжидга бурилдим. Унда бир киши қиблага юзланиб, қўлларини кўтарганча ёлвориб дуо қилаётган экан. Билдимки, бирор муаммоси бор. У дуо қилиб бўлгач, секин олдига бордим:
– Бирор муаммо борми?
– Бўйнимда қарзим бор, – деди у. – Шу мени безовта қиляпти.
– Қанча?
– Тўрт минг.
Сахийлигим тутди. Чўнтагимдан пул чиқариб, унга тўрт минг бердим. У жуда хурсанд бўлиб кетди ва менга раҳмат айтиб, ҳаққимга дуо қилди. Мен ташриф қоғозимни бериб: “Бирор эҳтиёжингиз бўлса қўнғироқ қилинг ёки ишхонамга келинг”, дедим. Бу таклифдан янада хурсанд бўлади, деб ўйлагандим. Бироқ унинг жавоби мени ҳайратда қолдирди! У айтдики: “Йўқ, биродар! Аллоҳ сизни мукофотласин, бу ташриф қоғозига эҳтиёжим йўқ. Мен бирор эҳтиёжим бўлса, икки ракат намоз ўқиб, қўлимни дуога очиб, ҳожатимни Аллоҳдан сўрайман. Аллоҳ тез орада ҳожатимни раво қилади. Худди ҳозир сизни бу ерга бошлаб келиб, восита қилганидек!..”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир ҳадис ёдимга келди: “Агар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсангиз, Аллоҳ худди қушларга ризқ бериб қўйганидек ризқингизни етказади. Улар тонгда ҳеч вақосиз чиқиб кетиб, кеч бўлганда қоринларини тўйғазиб қайтгани каби”.
Масжиддан Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини такрорлаб чиқдим: “Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккал қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт. Бандаларининг гуноҳларидан ўта хабардор бўлишда Унинг Ўзи кифоядир” (Фурқон сураси, 58-оят)».
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Метин қоялар" асаридан.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни ғусл олардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.
Бурайда розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга пиёда юриб борардилар.
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга кетишда Аллоҳни зикр қилардилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
- Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқимас эдилар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракат намоз ўқир эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
- Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик қилардилар.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчилардан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД