Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июн, 2025   |   12 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:58
Хуфтон
21:35
Bismillah
08 Июн, 2025, 12 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Қалбингизга келган меҳмонни ҳурмат қилинг!

25.12.2024   7254   1 min.
Қалбингизга келган меҳмонни ҳурмат қилинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳакиму уммат, Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий қуддиса сирруҳ шундай дер эдилар: "Қалбга, бирон яхши амални қилиб олай, деган ўй келиши сўфийлар истилоҳида "ворид" дейилади. Яъни, мен шу савоб ишни қилай, намоз ўқиб олай, таҳажжудга турай, садақа берай, биродаримга ёрдам қилай, дўстимнинг ғамини кетказай деган ўйлар келишини "ворид" дейдилар.

"Ворид" Аллоҳ таоло тарафидан келган меҳмондир. Агар сен бу меҳмонни бироз бўлса ҳам иззат қилсанг, меҳмоннавозлик кўрсатсанг, у ҳолда у яна келади. Қайси яхши амални қилиш фикри қалбингга келса, ўша заҳоти уни бажариш меҳмоннавозликдир. Агар сен бир марта меҳмоннавозлик қилмасанг, у меҳмон жуда ҳурматга сазовор бўлгани сабабли ҳузуринга бошқа келмай қўяди. Унинг қайтиб келмай қолишидан паноҳ сўрагин. У меҳмон қайтиб келмай қолиши дегани, энди қалбга яхши амал қилиш фикри келмайди деганидир. Аллоҳ таоло бундай ҳолдан Ўзи сақласин. Қалбга муҳр босилса, занг қопласа, ана ўшанда яхши амал қилиш фикри келмай қолади".

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайитини қандай ўтказар эдилар?

14.06.2024   3314   2 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайитини қандай ўтказар эдилар?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни ғусл олардилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.

Бурайда розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга пиёда юриб борардилар.

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).

 

  1. Масжидга кетишда Аллоҳни зикр қилардилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).

 

  1. Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқимас эдилар.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракат намоз ўқир эдилар(Ибн Можа ривоят қилган).

 

  1. Масжидга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик қилардилар.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчилардан қилсин!

 Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар