Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Байҳақий, Абу Убайд ва Ибн Асокирлар Сувайд ибн Ғафла розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганида аҳли китоблардан бири: «Эй мўминларнинг амири! Мўминлардан бири мени ўзинг кўриб турган ҳолга солди», деди. У калтакланган, боши ёрилган ҳолда эди. Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ ғазабланди ва Суҳайб розияллоҳу анҳуга:
«Бор, қара-чи, бунинг соҳиби ким экан?» деди.
Суҳайб розияллоҳу анҳу бориб қараса, у Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу экан.
Суҳайб унга: «Мўминларнинг амири сендан қаттиқ ғазабланди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига бор, у зот билан гаплашсин. Умар шошилиб, сени бир нарса қилиб қўядими, деган хавфдаман», деди.
Умар розияллоҳу анҳу намозни ўқиб бўлиб:
«Суҳайб қани?! У одамни келтирдингми?!» деди.
«Ҳа», деди Суҳайб.
Авф Муознинг олдига бориб, бўлган воқеани айтиб берган эди, бас, Муоз ўрнидан туриб:
«Эй мўминларнинг амири! У Авф ибн Молик экан. Унинг гапини эшитиб кўринг. Шошилиб, уни бир нарса қилиб қўйманг», деди. Умар унга:
«Сенинг бу билан нима ишинг бор?!» деди.
«Эй мўминларнинг амири, қарасам, бу бир муслима аёлнинг эшагини етаклаб кетаётган экан. Эшак сакраб, аёлни йиқитиб юборай дебди. Лекин аёл йиқилмабди. Манави бўлса, уни туртиб йиқитиб, ўзини аёлнинг устига отди», деди Авф.
Умар унга: «Менга аёлни олиб кел, айтганингни тасдиқласин», деди.
Авф аёлнинг олдига борди. Аёлнинг отаси билан эри: «Нима қилиб қўйдинг?! Бизнинг соҳибамизни шарманда қилдинг-ку!» дедилар.
Бироқ аёл: «Аллоҳга қасамки, у билан бораман!» деди.
Отаси билан эри: «Биз бориб, сенинг номингдан гапирамиз», дедилар ва Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб, Авф айтган гапларга ўхшаш гап айтдилар.
Бас, Умар амр қилди. Яҳудий осилди.
Сўнгра Умар: «Биз сизлар билан бунга сулҳ қилганимиз йўқ. Эй одамлар! Муҳаммаднинг зиммаси ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Улардан ким бу ишни қилса, унга зимма йўқ!» деди.
Сувайд: «Ўша мен кўрган яҳудий Исломда биринчи осилган одам эди», деди».
Бу ҳодисада Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг сиёсат ёки ташвиқот учун эмас, балки адолат учун иш олиб боришлари яққол намоён бўлмоқда. Мазкур яҳудий қилар ишни қилиб қўйиб, маккорлигини ишга солган эди. У: «Мусулмонларнинг халифаси келиб турибди, ҳозир сиёсат нозик пайтда унга арз қилсам, сиёсат учун менинг тарафимни олади», деб ўйлаган эди.
Дарҳақиқат, иш аввалига, сиртдан қараганда яҳудий ўйлаганича бошланди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу катта саҳобий Авф ибн Молик розияллоҳу анҳунинг обрўсига эътибор қилмай, ишнинг ҳақиқатини суриштира бошладилар. У кишидан бошқа одам бўлганида бир яҳудийни деб, ўзимизнинг обрўли одамни хижолат қилмайлик, деган мулоҳазага бориши мумкин эди. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг табиатларида ва у киши кўрган тарбияда бундай мулоҳаза бўлиши мумкин эмас эди.
У кишидан бошқа одам бўлганида сиёсат учун, ноҳақдан бўлса ҳам уларнинг ёнини олиши мумкин эди. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бундай қилишлари мумкин эмас эди. У киши айбдор ким бўлишидан қатъи назар, унинг айбига яраша жазосини бериш тарбиясини олганлар. Ва шундай қилдилар ҳам.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир нечтаси сафарга чиқишди. Улар араб маҳаллаларидан бирига тушиб, меҳмон қилишини сўрашди. Маҳалладагилар эса уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Ногаҳон, ана шу маҳалла оқсоқолини бир нарса чақиб олди. Унга ҳамма нарсани қилиб кўришди, аммо фойда бермади. Баъзилар: «Ана у меҳмонларга боринглар-чи, шояд, уларда бирор нарса бўлса?» дейишди. Улар бориб: «Эй меҳмонлар жамоаси, бизнинг бошлиғимизни бир нарса чақиб олди. Ҳамма ҳаракатни қилиб кўрдик, аммо фойда бермади. Сизларда бирор нарса борми?» деб сўрашди.
Меҳмонлардан биттаси: «Аллоҳга қасамки, мен дам солинадиган бир дуони биламан. Лекин сизлардан бизни меҳмон қилишингизни сўраганимизда, рад этдинглар. Бизга бу дуонинг эвазига бирор нарса бермасанглар, уни айтмайман», деди. Улар бир тўда қўй беришга келишиб олишди. Шунда у саҳоба «Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн»ни (яъни, Фотиҳа сурасини) ўқиб суфлади. Оқсоқол гўё арқон ечилганидек ҳаракатга келди. Унда бирор оғриқ қолмай юриб кетди. Кейин улар келишилган нарсани беришди. Саҳобалар: «Уни тақсимланглар», дейишган эди, дам солган киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу тўғрида сўраб, бизга бирор нарсани буюрмагунларича тақсимламанглар», деди. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бу воқеани айтиб беришди. Шунда у зот: «Сен унинг (Фотиҳа сурасининг) шифо эканини қаердан билдинг? - дедилар, сўнгра тўғри қилибсизлар, уларни тақсимланглар. Менга ҳам улуш ажратинглар», деб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб қўйдилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
Мана шу имом Бухорийнинг ривоятлари мукаммалроқдир.
Бошқа ривоятда эса: «Фотиҳани ўқиб, туфугини тўплаб суфлаб қўйди. Сўнг ҳалиги киши тузалиб кетди», дейилади.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан