Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Cавол: Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши уйғонганидан кейин сув ичиб, ният қилиб рўзани давом эттирса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазонда саҳарликдан ухлаб қолган одам, ўйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан деса, нияти ҳам ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин.
Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Аслам қабиласидан бир кишига буюрдилар: “Одамларга эълон қилгинки, ким (бугун таом) еган бўлса, куннинг қолган қисмида емай турсин. Ким ҳеч нарса емаган бўлса, рўза тутсин. Чунки бугун – Ашуро кунидир” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда Рамазон рўзасини Ашуро кунига қиёс қилинган. Чунки Исломнинг аввалида Ашуро рўзаси фарз бўлган (“Эълоус-сунан”).
Имом Таҳовий: “Бу ҳадисда муайян бир кунда рўза тутиши керак бўлган киши, кечаси ният қилмаган бўлса, кундузи ният қилиши дурустлигига далил бор”, – деганлар.
“Заволгача ният қилиш, тонг отгандан кейин рўзани бузадиган амаллар бўлмаган бўлса, жоиз бўлади. Агар тонг отгандан кейин қасддан ёки унутиб еган, ичган ёки жинсий алоқа қилган бўлса, бундан кейин ўша кунги рўзани ният қилиши жоиз бўлмайди” (“Фатавои Ҳиндия”, “Шарҳут Таҳовий”).
Демак, Рамазонда сахарликка ухлаб қолган киши, ўйғонгач, ҳеч нарса емай-ичмай рўза тутишни ният қилиши лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.