Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июн, 2025   |   10 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:56
Хуфтон
21:33
Bismillah
06 Июн, 2025, 10 Зулҳижжа, 1446

Ҳаромдан қалби Аллоҳ учун холис бўлганларгина қайтади

03.01.2025   2269   4 min.
Ҳаромдан қалби Аллоҳ учун холис бўлганларгина қайтади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбарлар қиссасидаги энг гўзал ҳиссиёт – уларнинг ҳам биз каби инсон бўлганликларидир. Аллоҳ таоло бизга иймон инсон табиатини ўзгартирмаслигини, балки уни тарбия қилишини англатишни хоҳлаяпти. Иймон шаҳватларни вайрон қилмайди, балки уларни тартибга солади!

Нуҳ алайҳиссалом ўғилларининг чўкаётганидан қийналди. Оталик туйғуси билан ўғлини ҳимояси учун Аллоҳга муножот қилди. Аммо Робби бундан қайтаргач, тўхтади. Мусо алайҳиссалом сеҳргарлар арқон ва асоларини ташлаганида қўрқди. У кишининг иймони заиф эмас эди. Аммо у киши ҳам инсон эди. Инсонлигига бориб қўрқди. Аллоҳ билан роз айтиб қавми олдига қайтганида уларнинг бузоққа ибодат қилаётганини кўриб ғазабланди. Қўлидан Таврот лавҳлари тушиб кетди. Зеро, баъзи бир ҳолатлар инсонни инсонлик чегарасидан чиқариб юборади!

Оламларнинг саййиди бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бошқа пайғамбар биродарлари каби башар эдилар. Инсон эканликларини айтишдан уялмас эдилар. Инсонлик нуқсон эмас. Аксинча, ана шу жиҳатнинг ўз мўъжиза бўлади. Ҳисларинг билан, ташвишларинг билан, маҳзунлигинг билан, қайғунг билан инсонлигингча қолиб, сўнгра оламни ўзгартиришга ҳаракат қилишинг мўъжизадир!

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга дедилар:

«Мен ҳам инсонман. Менинг ҳузуримга хусуматлашиб келасизлар. Эҳтимол баъзингиз бошқангиздан далил келтиришда моҳирроқ бўлар. Мен эшитганимга кўра унинг фойдасига ҳукм чиқараман. Мен кимга бир ҳақни ҳукм қилсам, демак, унга дўзахдан бир парчани кесиб берибман. Истаса уни олсин, истамаса ташласин!».

Қозининг ҳузурига хусуматлашиб келган икки кишининг бири эҳтимол гапга уста бўлиб, бошқаси ожиз бўлади. Қози гапга уста инсоннинг чиройли далил келтиргани учун унинг далилига қараб унинг фойдасига ҳукм чиқаради. Энди Савол: Қозининг ҳукми ҳалолми ёки ҳаром?

Аллоҳга қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиқарган ҳукмлари кишига биродарининг ҳаққини ейишни ҳалол қилиб бермайди. Қозининг ҳукмини қўяверинг!

Бугунги мусулмонлар мубтало бўлган нарсалардан бири шуки, кишилар ҳалолни қиладилар, аммо ҳаромдан сақланмайдилар. Аввалгилар динни ҳалолни қилишдан кўра кўпроқ ҳаромдан сақланишда деб билишар эди!

Молик ибн Динор роҳимаҳуллоҳ айтади: «Кишининг юз минг дирҳам садақа қилганидан, ҳаром бўлган бир дирҳамни тарк қилгани яхшироқдир!».

Ҳалолни яхши ҳам, ёмон ҳам, солиҳ ҳам, осий ҳам қилаверади. Аммо ҳаромдан фақатгина қалби Аллоҳ учун холис бўлганларгина қайтади.

Бир фирибгарлик билан кун кўриб, кўп одамни чув туширган киши ойнаи жаҳондан ўзининг ҳаж ва умра қилганини, садақа қилганини айтяпти. Эҳтимол унинг гапи ростдир. Аммо у шуни билиши керакки, бировнинг ҳақини алдов билан ўзлаштиришни тўхташи унинг қилган ҳаж ва умрасидан яхшироқдир!

Ёлғончи ва хиёнаткор савдогар етимни кафилликка олиши мумкин. Бу улуғ иш. Аммо унинг хиёнатдан ва ёлғондан сақланиши, кишиларнинг молини ҳаром йўл билан ейишдан сақланиши бундан ҳам улуғроқ ишдир. Чунки Аллоҳ таоло покиза Зотдир. Покиза нарсаларни қабул қилади!

Тунги бар соҳиби бўлган киши масжид очганидан, унинг қурилишига ҳиссасини қўшганидан гапиради. Аммо унинг ўз тунги барини ёпиши Аллоҳ учун масжид бино қилганидан суюклироқдир!

Наша ёки маст қилувчи ичимликлар сотадиган киши Рамазонда ифторлик қилиб берганини гапиради. Аслида унинг наша ва ароқ сотишни тарк қилиши Рамазонда ифторлик қилиб берганидан яхшироқдир!

Тоат мақталган бўлса-да, ҳақиқий амалий иймон тоатда эмас, гуноҳлардан сақланишдадир!

Абдулқодир Полвонов

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қурбон ҳайити намози қандай ўқилади?

28.06.2023   8982   1 min.
Қурбон ҳайити намози қандай ўқилади?

1. Аввало “Икки ракат ийдул азҳо намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, Каъбага юзланиб, холис Аллоҳ таоло учун адо этишни ният қилдим” дейилади.

2. Имом “Аллоҳу акбар” деб биринчи такбирни айтгач жамоат ҳам қўлларини қулоқ баробарида кўтариб, ичида такбир – “Аллоҳу акбар” деб айтади.

3. Кейин қўллар боғланиб, ҳар ким ичида сано дуоси (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук)ни ўқийди.

4. Сўнгра имом уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам унга эргашади. Биринчи ва иккинчи такбирда қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади.

5. Имом “Фотиҳа” сурасини ва зам сура ўқийди. Сўнг такбир айтиб руку ва сажда адо этилади.

6. Шундан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқигач, рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтади.

7. Тўртинчи такбирда қўл кўтармасдан имом орқасидан руку ва сажда адо қилинади.

8. Сўнгра “Аттаҳийёт”, “Салавот” ва “Дуо” ўқилиб, салом берилиб, намоз тугатилади.
Аллоҳ ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар