Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Умар халифа бўлганидан кейин давлат идора услубини ҳазрати Абу Бакр қурган ижтимоий ва ахлоқий мерос устига бино қилди. У ҳар доим ўзидан ва оила аъзоларидан олдин ўз халқини ўйлади ва уларга хизмат қилди. У баъзан кўпчилик қатори оч ҳам қолди, баъзан етимларни таомлантирди, баъзан халқи билан бирга қийинчилик ва машаққатларнинг аламини тотди. У очарчилик ва қурғоқчилик пайтларида зайтун мевасини еб, очлигини қондирар эди.
Анас ибн Моликнинг айтишича, бир сафар очликдан унинг қорни қулдуради. Ҳазрати Умар эса бармоғи билан қорнига туртиб, ўзига-ўзига: «Қани, қуриллайвер. Инсонлар фаровонликка етгунича ёнимда ундан (зайтундан) бошқа сенга берадиган ҳеч нарса йўқ», деди.
Агар ҳазрати Умар хоҳлаганида, халифалик даврида бойликка кўмилиб яшаш, энг гўзал кийимлар кийиши ва энг нафис таомларни ейиши мумкин эди. Аммо унинг ягона мақсади ҳар доим зухд, тақво, камтарлик ва халқи орасидаги йўқсиллар ва ожизларга хизмат қилишдан иборат эди.
Бир куни унинг ҳузурига бир ҳайъат келди. Улар олдига қўйилган таомларни иштаҳа билан ея бошлашди. Буни кўрган ҳазрати Умар охират неъматларини хотирлаб, шундай деди: «Агар истасам, мен сизга ўхшаб гўзал таомлар пиширтириб ея оламан. Фақат биз дунёмизни охиратимиз учун тарк этдик».
Дарҳақиқат, ҳазрати Умар бу дунёга ва унинг ноз-неъматларига мутлақо эътибор қаратмаган улуғ саҳоба эди.
Бир куни у қизи Ҳафсанинг уйига борди. Унга бир косада шўрва олиб келишди. Қизи шўрванинг устига зайтун ёғи қуйган эди, буни кўрган отаси шундай деди: «Бир идишда иккита аралашмами? Мен Роббимга етишгунимча икки хил аралашмани бир жойда емайман».
Бир куни ҳазрати Умар ичиш учун бир нарса сўради. Унга асал шарбатини олиб келишди. Ҳазрати Умар уни ичмади ва шундай деди: «Бу (қандай) гўзал ва ҳалол ичимлик! Фақат мен Аллоҳ таолонинг бир жамоага тоттирган неъматларининг лаззатларини баён қилиб: «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур-ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз» (Аҳқоф сураси 20-оят) деганини эшитдим. Шунинг учун менга гўзал нарсалар охиратга қолдирилмай, бу дунёда берилишидан қўрқдим».
«Миллионер саҳобалар» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.