Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Жаҳл: «Муҳаммад сизнинг олдингизда юзини тупроққа теккизадими (сажда қиладими)?» деди. «Ҳа», дейишди. «Лот ва Уззо билан қасамки, агар шундай қилганини кўрсам, албатта, бўйнини оёғим билан босаман ёки юзини тупроққа ишқайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, намоз ўқий бошладилар. Бўйинларига оёғи билан босади, деб ўйлашди. Аммо бирдан у ортига қараганча қўли билан юзини тўсиб қоча бошлади. Шунда унга: «Сенга нима бўлди?» дейишди. «Мен билан унинг орасида оловли хандақ бор. Анавилар... қанотлар бор», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у менга яқинлашганида уни фаришталар парча-парча қилиб олиб кетишар эди», дедилар.
Шунда Аллоҳ азза ва жалла – билмадим, Абу Ҳурайранинг ҳадисидами ёки унга етган нарсадами – «Йўқ! Албатта, инсон туғёнга кетади»дан «Йўқ! Унга итоат этма»гача нозил қилди ва у зотга амр қилган нарсасини амр қилди» (Муслим ривоят қилган).
Бомдод намози киргач то қуёш чиққунча Қуръон тиловати, зикрлар, илм ёки бошқа хайри ишлар билан шуғулланиш ўрнига дунёвий гап-сўзлар билан вақт ўтказиш макруҳи танзиҳийдир. Чунки бу вақтда қилинган зикрлар учун жуда катта савоблар ваъда қилинган, мўмин бандага бундай имкониятни бой бериш тўғри келмайди.
Илм билан шуғулланиш, солиҳларнинг ҳикоясини ўқиш ёки тинглаш, меҳмон билан ёки ҳожати бор одам билан гаплашиш хайрли иш ҳисобланади, шунинг учун булар макруҳ эмас, аксинча мустаҳаб бўлади.
Албатта, ҳожат ёки зарурат бўлгани учун дунёвий гаплар сўзлашнинг ҳеч қандай зиёни йўқ.
Проф. Др. Салоҳ Абул Ҳожнинг «Тил сайқали» китобидан