Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ташаддуд йўналиши тарафдорлари динни фақатгина Қуръон ва Суннат деб талқин қилиб, ҳар бир масалага далил сўрайверишади, чунки улар иккинчи таърифдан, яъни «Фиқҳ илми – мукаллафлар қиладиган амалларнинг ҳолатини ҳалол ёки ҳаромлик, фасод ёки саҳиҳлик жиҳатидан ўрганадиган илмдир», деган таърифдан ғофил қолишган.
Демак, фақиҳнинг иши шифокорнинг ишидек экан. Ҳозир шифокорнинг ҳузурига бориб, «Қорним оғрияпти», дейсиз. У сизга: «Нима единг? Нима ичдинг? Қон босиминг борми? Қандли диабет билан оғримаганмисан?» деган саволларни беради. Кейин дори ёзиб беради. Шифокорнинг иши шунақа. Ўша шифокордан: «Сиз айтган фалон дори қандай тайёрланган?» деб сўрайсизми? Йўқ. Бу соҳанинг ўз мутахассислари бўлади – доришунослар.
Худди шунга ўхшаб, муҳаддислар ҳам фақиҳларга: «Сизлар табибсизлар, бизлар эса доришунос», дейишади. Ҳа, фақиҳлар шифокорга ўхшайди, уларнинг амали ҳукм чиқариш бўлади. Уларни бирор ташкилот деб олсак, одамлар уларга никоҳ ва талоқ, савдо-сотиқ масалалари бўйича мурожаат қилишса, ҳолатга қараб, ҳукм чиқариб беришади. Демак, фақиҳлар мукаллафлар қилаётган амалларнинг ҳолати ҳақида баҳс қилишади, уларнинг далили ҳақида эмас. Далилнинг баҳсини қила оладиган зотлар эса мутлақ мужтаҳидлардир.
Бир масаланинг далили мужтаҳид томонидан Қуръон ва саҳиҳ Суннатдан олинганига ишонч ҳосил қилмасак, уни қабул қилмаймиз.
Мужтаҳидлар кимлар? Улар саҳоба, тобеъин ва мазҳаб имомларидир. Ҳукм фақат ҳанафий, моликий, шофеъий ёки ҳанбалий мазҳаби уламолари томонидан чиқарилган бўлсагина қабул қиламиз. Масалан, бир ҳукмнинг Абу Ҳанифага нисбат берилганини кўрсак, аниқ биламизки, у зот ҳеч қачон далилсиз гап айтмаганлар. Оддий муфтий эса мазҳабни пухта ўргангач, мана шу мазҳаб асосида фатво беради, чунки унинг олдида мутлақ мужтаҳидлардан етиб келган, ишончли, мазҳабда қарор топган ҳукмлар бўлади. Биз ҳукмни мана шундай мазҳабдан содир бўлсагина қабул қиламиз. Фармацевт одам дорини фақат ишончли корхонадан олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан муҳрланган ҳолатда бериши керак бўлганидек, биз ҳам ҳукмни фақатгина ишончли, муҳр босилган мазҳаб томонидан берилгандагина қабул қиламиз. Шундагина кўнглимиз хотиржам бўлади.
Масалан, камина ходимингизнинг иши ҳам шахснинг ҳолатларини ўрганишдир. Фалончида нима содир бўлди, нега хотинини талоқ қилди, унинг ҳолати қандай? Шуларни билиб, сўнг унга мазҳабдан ҳукм айтаман. Мен шифокор бўлсам-у, доришунос бўлмасам, лекин ўзимча бориб, дори тайёрласам, беморни ўлдириб қўйиши мумкин, чунки менинг ишим уни даволашдир, унга дори тайёрлаш эмас. Дорини шу соҳанинг мутахассислари тайёрлайди. Бунинг учун жуда катта илм, тажриба керак. Энди мен фақиҳ бўла туриб, янгитдан ҳукм чиқариш билан шуғуллансам, «Фалончининг хотинига талоқ тушибди», деб фатво бериб юбораман, Фалончининг қўлини кесишга ҳукм қиламан, яна кимнингдир ҳаётини барбод қиламан, натижада бутун жамиятни бузиб юбораман. Эътибор беряпсизларми?! Шундай ҳолат юзага келади!
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан