Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бақувват ва бўйи узун бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтиб кетди. У зот саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Саҳобалар унинг куч ва қувватидан ҳайрон қолиб дейишди:
– Ё Аллоҳнинг Расули! Қани энди унинг мана шу кучи Аллоҳнинг йўлида ишлатилганида эди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга дедилар:
– Агар у гўдак болалари учун кўчага чиққан бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у қари ота-онаси учун кўчага чиққан бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у риё ва фахрланиш учун кўчага чиққан бўлса, шайтоннинг йўлидадир!
Инсонлар фақатгина жангга қилич яланғочлаб чиқишни жиҳод деб ўйлашади. Қолган нарсалар уларнинг наздида гўё бир маромдаги оддий урф-одатлар. Тўғри, жанг қилиш Аллоҳ йўлидаги ишлар рўйхатининг аввалида туради. Аммо негадир «Аллоҳнинг йўлида» дейилса, энг аввал мияга жиҳод келади. Ҳолбуки, ҳалол тирикчилик қилиш ҳам Аллоҳнинг йўлидаги иш!
Саҳобалар инсоннинг кучи ва қуввати фақат Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодда ишлатилиши керак деб ўйлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тушунчаларини тўғрилаб қўйдилар. Уларга киши хотини ва бола-чақасининг ташвишида кўчага чиқса, ота-онасининг хизмати учун кўчага чиқса, уйланиш учун маҳрга яроқли нарса топиш илинжида учун кўчага чиқса, у ҳам Аллоҳнинг йўлида юрганини англатдилар!
Аллоҳ йўлида қилган ҳар бир ҳалол амалингизнинг ажрини тасаввур қилиб кўринг! Фарзанд ва аёлингиз яхши еб, яхши кийиниши учун кўчада, уйингиз тартибли бўлиши учун уйингизда ишлашингиз оддийгина одатий иш эмас, Аллоҳ йўлидаги кундалик жиҳоддир!
Ота-онангизни шифохонага олиб боришингиз оддий иш эмас. Бу яхшилик Аллоҳ йўлидаги амалингиздир!
Бир беморни кўргани боришингиз оддий инсоний бурч эмас. Бу Аллоҳ йўлидаги кўнгил олишдир!
Бировнинг отаси ёки онаси вафот қилганида бориб таъзия билдиришингиз оддийгина ижтимоий кўриниш эмас. Бу Аллоҳ йўлида бир-бирига қилинадиган раҳм-шафқатдир!
Тоат, яхшилик ва маъруф ишда ҳаёт кечириш барчаси Аллоҳ йўлида ҳаёт кечиришдир. Бу ишлардаги ажрни тасаввур қилсак, Аллоҳ йўлидаги кураш бизга енгил кечади!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан