Кўпинча денгиз сатҳи ташқаридан қараган кишига гўёки ипакдан тўқилган майин гиламни тўшаб қўйгандек, тинч ва сокин кўринади...
Лекин ўша тинч ва сокиндек кўринаётган алдамчи манзара остида тинимсиз кураш, ҳаёт ва мамот тўқнашувлари, ҳалокатли нидолар яшириниб ётади. Денгиз қаърида китлар, акулалар, илонлар ва сувсарлар сузиб юради, бир-бирларини ўлжага айлантириш мақсадида тинимсиз таъқиб қиладилар.
Худди шу каби сизнинг юзингиз ҳам ойна қаршисида тинч, меҳрли ва мусаффо кўринади. Аммо танангизни ичида эса, хужайралар ғалаён қилади, нафс хоҳишлари аланга олади, ғаризалар авж олади ва адоватлар оловланади.
Агар сиз денгиздаги ўша махлуқлар жанг қилаётган чегаралардан ўтиб, денгизнинг уларданда қаърига етиб борсангиз, у ерда сукунат ҳукмрон эканлигини, садафлар, марваридлар ва маржонлар яшаётганини кўрасиз.
Худди шунингдек, танангизда ҳам агар нафсоний ҳирслар ҳукмронлик қилаётган чегарадан ўтиб олиб, руҳият ҳудудига етиб борсангиз, у ерда сакинат топасиз, ҳикмат зиёсининг нуридан баҳра оласиз, Парвардигорнинг ҳузуридан оқиб чиқаётган муҳаббат булоғидан қонасиз.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло айтади: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас» (Раъд сураси, 31 - оят).
Шарҳ: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар...».
Яъни, Аллоҳнинг ваъдаси - қиёмат келгунча уларнинг эс-ҳушини жойига келтирувчи мусибатлар бошларига тушиб туради. Бу мусибатлар уларнинг қилган ишлари туфайли тушади.
«...ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар».
Ёки ўша мазкур эс-ҳушни жойига келтирувчи мусибатлар дунёнинг бошқа жойларига тушади. Ўша кофир ва осий бандалар яшаётган диёрларга яқин жойларга тушади. Токи улар ўша мусибатларни кўриб, ваъз-насиҳат олиб, ўзларига келсинлар ва иймон келтирсинлар.
«Тафсири Ҳилол» китобидан