Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръонда зикр этилган тарихий шахслардан бири — Имрон ва унинг оиласидир. Улар оддий, аммо тақводор ва Аллоҳга қаттиқ ишонган оила бўлган. Имрон ва унинг хотини кўп йиллар давомида фарзанд кўрмаганлар. Уларнинг ягона қизи, келажакда пайғамбар бўладиган Закариё алайҳиссаломга турмушга чиқади. Аммо улар ҳам узоқ йиллар давомида фарзандсиз бўладилар.
Бу вақтда Фаластинда румликлар ҳукмрон бўлиб, бутпарастликни ва кўпхудоликни тарғиб қилаётган, аҳолини ўз динига мажбурлаётган эди. Кимки уларнинг динини қабул қилмаса, оғир жазоланарди, айримларини йиртқич ҳайвонларга ташлар, бошқаларини қийноққа солар эдилар. Шу мураккаб вазиятда Имроннинг хотини ўзгариш қилишни, яхшиликни тарқатадиган фарзанд кўришни ният қилади. У Аллоҳдан самимий ва тинимсиз дуо қилиб, қуйидагича ният қилади:
"Эй Роббим, қорнимдаги болани Сенга бағишладим. Уни Сенинг йўлингда хизмат қиладиган, озод (дунёвий ишдан холи) қиламан. Дуоимни қабул қилгин. Сен эшитувчи ва билувчи Зотсан" (Оли Имрон, 35).
Аллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилди. Бироқ, у ўғил туғишни ният қилган эди, қиз туғилди. Бу вақтда хотини айтади:
"Эй Роббим, мен қиз туғдим, ҳолбуки ўғил қизга ўхшамайди. Мен унинг исмини Марям қўйдим ва уни Сенга ва унинг авлодини лаънатланган шайтондан сақлаб қолишингни сўрайман" (Оли Имрон, 36).
Аллоҳ бу қизни қабул қилди ва уни яхши тарбияланган қилиб етиштиради. Қизнинг исмини Марям қўйдилар, бу "Аллоҳга хизмат қилувчи" деган маънони англатади. Шу билан бирга, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ҳар бир янги туғилган болани шайтон чимчилайди ва у йиғлайди, фақат Марям ва унинг ўғлидан бошқа".
Бу эса Имроннинг хотини қилган дуонинг қанчалик самимий ва ижобат бўлганлигидан даракдир.
Марям Қуръонда номлари аниқ зикр қилинган ягона аёлдир. У бутун борлиқнинг энг юксак даражали аёли деб ҳисобланади. Аллоҳнинг китобларида унинг поклиги, ибодатга садоқати ва тақвоси алоҳида таъкидланган.
Марям кўп ибодат қилади, кўп сажда қилади ва ибодат учун яқинлари ва бошқалардан узоқлашади. Қуръонда бу ҳақда бундай дейилади:
"Китобда Марямни эсла: у ўз аҳлларидан узоқлашиб, шарқий бир жойга кетди" (Марям, 16).
Марямнинг отаси Имрон вафот этганидан кейин унинг тарбиясини пайғамбар Закариё алайҳиссалом ўз зиммасига олади. Закариё ҳар сафар Марямнинг ибодат қилиши учун ажратилган жойга кирганда, у ерда ғаройиб ҳодисаларга дуч келарди. Марямнинг олдида мавсумга мос келмайдиган мева ва озиқ-овқатларни кўрарди. Шунда у Марямдан сўрайди:
"Эй Марям, бу нарса қайдан келди?".
Марям жавоб беради:
"Бу Аллоҳдан келган. Аллоҳ хоҳлаган бандасига ҳисоб-китобсиз ризқ беради" (Оли Имрон, 37).
Бу воқеалар Марямнинг нечоғли тақводор, Аллоҳга боғланган ва унинг марҳаматига муносиб инсон эканлигини кўрсатади.
Марямнинг ҳаёти бутун инсоният учун ибратдир. Унинг тақвоси, мустаҳкам эътиқоди, Аллоҳга садоқати ҳар бир мўмин учун намунадир. У ўз авлоди — Исо алайҳиссаломни дунёга келтириб, Аллоҳнинг буюк иродасини амалга оширган.
Марямнинг қиссаси шундан далолат берадики, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай ҳолатда ҳам собит қолиш инсон учун энг олий мақсаддир.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.