Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июл, 2025   |   20 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:22
Қуёш
05:03
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:59
Хуфтон
21:32
Bismillah
15 Июл, 2025, 20 Муҳаррам, 1447

Қарзингни камайтир, эркин яша!

04.01.2025   5327   3 min.
Қарзингни камайтир, эркин яша!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бизнинг кунимизгача етиб келган ижтимоий аҳамиятга эга бир қанча сўзлари мавжуд, лекин биз бу ерда мавзуга оид бўлганларини келтириб ўтамиз:

«Асло ўтирган жойингизда «Аллоҳим, менга ризқ бер», деб ўтираверманг. Биласизки, осмондан олтин ҳам, кумуш ҳам ёғмайди. Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирининг ризқига сабабчи қилиб яратган».

«Инсонларга муҳтож бўлмасликка интилинглар. Шу тариқа сиз ҳам динингизни сақлаб қоласиз, ҳам инсонларнинг энг карамлиси бўласиз».

«Мен инсонларнинг энг сахий ва энг яхши хулқлисини биламан. Энг сахий инсон ўзи муҳтож бўлатуриб, бера олган инсондир. Энг яхши хулқли инсон эса унга ноҳақлик қилганни кечириб юборган инсондир».

«Агар сабр (йўқсиллик) ва шукр (бойлик) иккита туя деб фараз қилинса, кай бирига минсам (миндирилсам) ҳам, эътибор бермасдим».

«Қарзингни камайтир, эркин яша!».

«Сиз машаққатларга сабр қилишга одатланинг».

«Бойларнинг ёнига бориш фақирлар учун имтиҳондир».

«Сиз бойликка асир бўлиб қолманг. У сизни исёнга олиб боради».

«Оила аъзоларингизнинг сонини орттиринг. Ризқингиз сизга қаердан берилганини билолмайсиз».

«Диққат қилинг, Аллоҳ таоло улуғ инсонларни яратган, сиз уларга ҳурмат кўрсатинг».

«Инсоннинг фазилатини моли, асллигини дини, инсонлигини хулқи билдиради».

«Иззат бу дунёда мол билан, охиратда эса яхши амал биландир».

«Бу дунёда менга уч нарса севдирилди: оч бўлганни тўйдириш, сувсаганни сувга қондириш ва юпунни кийинтириш».

«Саъй-ҳаракат қилиш энг яхши сармоядир».

«Ҳаракат қилиш заҳмат, бўш туриш эса маҳв бўлиш демакдир».

«Гуноҳдан сақланганинг каби, бу дунё неъматлари сени издан чиқаришидан ҳам сақлан. Аллоҳга қасамки, сени алдайдиган ва йўлдан оздирадиганларнинг энг қўрқинчлиси дунё неъматидир».

«Ишсизликнинг ёмон натижаларидан сақланинг! Шубҳасиз, у сархушликдан ҳам зарарли бўлган ёмонликларни ўзида сақлайди».

«Аллоҳ таоло тежамкор ва мўътадил бўлишни ёқтиради, исрофни ёқтирмайди».

«Очкўзликнинг баъзиси фақирлик, кўзи тўқликнинг баъзиси бойликдир».

«Инсон оз ейиш билан ўлмайди».

«Йўқсилга кечки овқат едирганни Аллоҳ мағфират қилади».

«Дунё аҳли билан яқин алоқада бўлманг, чунки у ризқни камайтиради».

«Ҳар бир нарсанинг боши бўлади. Яхшиликнинг боши унинг дарҳол қилинишидир».

«Аллоҳ таоло Ўзидан қўрққанни сақлайди, Унга ишонганга кифоя қилади, Унинг розилиги учун қарз берганни мукофотлайди, шукр қилганнинг эса неъматини зиёда қилади».

«Эй фақир-йўқсиллар, бошингизни тик тутиб, шарафингизни сақланг. Ўз ризқингизни ўзингиз топишга интилинг, яхшиликлар учун шошилинг, инсонларга юк бўлманг».

«Миллионер саҳобалар» китобидан

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Китоб кўп, нега китобхон кам?

15.07.2025   1417   10 min.
Китоб кўп, нега китобхон кам?

“Ҳозир ким ҳам китоб ўқирди?”. Бугунги кунда китоб мутолаасини унутган одамлар жамият номидан ана шу гапни гапиришга ўрганиб қолган.

 Ростдан ҳам китоб ўқишдан юз ўгирдикми ёки ўқишга тўсиқлар борми? Балки муаммо ўқимасликда эмас, мутолаа маданияти ва тарғиботнинг пасайганидадир?

 Одамлар китоб мутолааси ҳақида қандай фикрда?

Бу ҳақда мақола ёзишдан аввал ижтимоий тармоқда ва аҳоли ўртасида “Нега китоб ўқишга одатланмай қўйдик?” саволи билан сўровнома ўтказдик.

Сўровнома натижасига кўра, иштирокчиларнинг энг катта улуши — 29 фоизи “Мунтазам китоб ўқиб бораман” жавобини танлаган. Бу яхши, аммо 26 фоиз иштирокчи китоб ўқишга вақти йўқлиги, 25 фоиз қатнашчи китобдан кўра телефон қулайлиги, 2 фоизи китоб ўқиш зерикарли эканини билдирди. 13 фоиз респондентлар эса китоб ўқишга сабри етмаслигини таъкидлади. Шунингдек, айрим фуқаролар эринчоқ бўлиб кетгани, китоб ўқимасликка турли баҳоналар топилиши, қизиқарли китоблар камлиги, аудио ва электрон китоблар қулайлигини қайд этди.

Бундан ташқари, кузатувчиларнинг асосий қисми илгари метро ва автобусларда ҳам китоб ўқилиши, ҳозир эса нафақат уйда, балки овқатланганда, йўлда юрганда, чорраҳада, ишхонада, хуллас, аксарият ҳолларда энг кўп вақтимиз телефонга тикилиш билан ўтаётгани, айниқса, ёшлар телефондан бўшамаслигини кам китоб ўқилишининг асосий сабаби сифатида айтишди.

Сўровнома натижасидан кўриш мумкинки, жамиятда китоб ўқишга бўлган қизиқиш сақланиб қолган. Бироқ кўпчилик вақтини телефон, интернет ёки бошқа технология ва юмушларга сарфлаётгани ёмон. Бу китоб ўқиш маданиятини шакллантириш зарурлиги, қулай муҳит яратиш ва оммавий тарғибот ишларини кучайтириш, шунингдек, мутолаа фақат шахсий истак эмас, балки муҳит ва ҳаёт тарзига боғлиқ эканини англатади.

Китобхонликни ривожлантиришга берилаётган эътибор натижа беряпти(ми)?

Маълумотларга кўра, энг тараққий этган мамлакатлар эмас, сўнгги йилларда тез ривожланаётган давлатлар аҳолиси кўпроқ китоб ўқир экан. Хусусан, ҳиндистонликлар фақат қўшиқ куйлайди ёки кино кўради, десак адашамиз. Улар дунёда энг кўп китоб ўқийдиган халқ. Ҳиндлар ҳафтасига 10,7 соат вақтини китоб ўқишга сарфлайди. Умуман, энг кўп китоб ўқийдиган давлатлар ўнталигига эътибор берадиган бўлсак, кейинги ўринларда Таиланд - ҳафтасига 9,4 соат, Хитой - ҳафтасига 8 соат, Филиппин - ҳафтасига 7,6 соат, Миср - 7,5 соат, Чехия - 7,4 соат, Россия - 7,1 соат, Швеция – ҳафтасига 6,9 соат, Франция - 6,9 соат, Венгрия аҳолиси эса ҳафтасига 6,8 соат китоб ўқир экан.

Хўш, юртмизда китобхонлик маданиятни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар қандай самара беряпти?

Ахборот оқимининг тезлашиши ва рақамлашувнинг кенгайиши натижасида китобхонлик маданиятини юксалтириш нафақат ижтимоий, балки маънавий тараққиёт учун ҳам муҳим вазифага айланмоқда. Юртимизда ҳам ушбу йўналишда бир қанча қарорлар, фармонлар ва дастурлар қабул қилиниб, самарали ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, давлатимиз  раҳбари ташаббуси билан ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган  “Ёш китобхон” танлови орқали китоб ўқиётган ёшлар сезиларли ошди. Ёшлар ишлари агентлиги маълумотларига кўра, 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови орқали қарийб 5 миллионга яқин ёшлар қамраб олинган. Китоб дўконлари ва кутубхоналарда энг кўп изланаётган китоблар ҳам “Ёш китобхон” танловида эълон қилинган 140 номдаги адабиётлар экан. Бу ўз ўрнида китоб бозорида талаб ва таклифнинг ортишига ҳам хизмат қилмоқда.

2017-2024 йилларда 280 нафар ёшлар “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида иштирок этган бўлса, шундан 20 нафари ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси совриндори бўлган. Эътиборлиси, танловда ғолиб бўлган 17 нафар қизнинг 7 нафари кейинчалик Ўзбекис­тон Президенти томонидан давлат мукофотлари билан тақдирланган. Демак, китоб ёшларнинг кейинги тақдирига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, китоб ўқиб, ота-онасига автомобиль совға қилаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Мисол учун, ўтган йил ушбу танловнинг республика босқичида 10-14 ёш тоифасида қирқдан ортиқ бадиий-оммабоп китобларни ўқиган Жомбой туманидаги 12-умумтаълим мактаби ўқувчиси Наргиза Муҳаммадиева биринчи ўринни эгаллади. Унга Президент совғаси – “Cobalt” автомашинаси совға қилинди.
 

Албатта, китобхонликни тарғиб қилиш ишлари шу билан тўхтаб қолгани йўқ.  Давлат дастурлари, маҳаллий ва халқаро лойиҳалар орқали китобга бўлган қизиқишни ошириш, ёш авлодни маънавий жиҳатдан бойитиш учун кенг кўламли ишлар давом этмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегия­сининг асосий мақсадларидан бири ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш вазифаси сифатида белгилангани ҳам ушбу масалага жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Ёшлар китоб ўқияпти, сиз ҳам ўқинг

Бугун ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши камайгандек туюлса-да, аслида улар турли хил форматларда ва платформаларда китоб ўқияпти. Ёшларнинг китоб ўқишга қизиқиши камайганини таъкидлашдан олдин, уларнинг китоб ўқиш учун имкониятларини ва китоб ўқишга одатланмасликка нима сабаб бўлаётганини эътиборга олиш лозим. Бу ҳақда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Суюн Каримовнинг мулоҳазаларини келтирамиз.

- “Ёшлар китоб ўқимай қўйди”. Кейинги пайтда бу гапни мунтазам китоб мутолаа қиладиганлар ҳам, ўқимайдиганлар ҳам айтадиган бўлди, - дейди С.Каримов. - Тўғри, халқимиз маънавияти учун куйиниб гапирадиганлар бор. Аммо мен бу гапга қўшилмайман. Албатта, ёшлар доим китоб ўқияпти, дейишдан йироқман, лекин улар китоб ўқимай қўйгани йўқ, ўқияпти. Электрон китоблар, аудиокитоблар ва онлайн платформалар ёшлар учун китоб ўқишни осонлаштиряпти. Ёшларни кўряпмиз, халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўляпти, хориждаги нуфузли университетларда таҳсил оляпти, ихтиролар қиляпти, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтаряпти, давлат мукофотларига сазовор бўляпти. Агар ёшлар китоб ўқимаётган бўлса, бундай натижаларга қандай эришяпти? Балки кимнингдир фарзанди китоб ўқимаётгандир ёки тарбияси “бузилиб” тўғри йўлдан адашгандир, лекин ҳамманинг ҳам эмас. Бунинг сабаби битта - оиладаги муҳит ва ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги эътиборсизлиги.

Дейлик, бир оилада 4 фарзанд туғилиб, вояга етди. Уларнинг ҳаммасини ҳам китобга, илмга қизиқтириш мушкул. Биттаси спортчи бўлишни хоҳласа, бошқаси уста, шифокорликни танлайди. Албатта, бу жараёнда бола, аввало, ота-онасидан кейин ён-атрофидагилардан ўрнак олиб, ўрганганларини амалиётда қўллайди. Ўшанда биз, ота-оналар ҳар бир ишнинг самарали ва натижадор бўлиши учун фарзандларимизга ўрнак бўлишимиз, уларда ижобий таассурот қолдириб, маърифатга ундашимиз керак бўлади.

Масаланинг иккинчи томонини ҳам бор. Баъзилар «Ёшлар китоб ўқимай қўйди”, деб кўпинча бадиий адабиётни назарда тутади. Бадиий адабиёт ҳам ахборот манбаи. Айни пайтда, инсонга бадиий-эстетик завқ бағишловчи, руҳиятига ижобий таъсир ўтказувчи ноёб манба. Интернет тармоқларида медиа оламнинг ахборот таъминоти ғоятда кучайиб кетган, бутун инсоният ундан фойдаланишни афзал деб билаётган бир пайтда ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш осон иш эмас. Фақат тарғибот-ташвиқот билан бу муддаога эришиб ҳам бўлмайди. Бадиий китоб ўқиш кўнгил иши, ёш қалбни тарбиялаш эса аввало ота-онанинг, кейин эса устозлар ва жамиятнинг зиммасида бўлади. Шундай экан, ўзгаришни ҳар биримиз ўзимиздан бошлайлик.

“Тирик китоб” нега танқидга учради? Ёхуд маънавиятли инсонларга эргашиш керак

Ахборот технологиялари ривожланиб, электрон қурилмалар ҳаётимизнинг асосий ажралмас қисмига айланиб қолди ва китоб мутолаасига жуда кам вақт ажратадиган бўлдик. Аммо шундай инсонлар борки, улар китобнинг қадрини эслатиб, жамиятни маърифатга чорламоқда. Улардан бири ижтимоий тармоқларда “Тирик китоб” номи билан машҳур бўлган китоб сотувчиси Хайрулла Асадов. У китобга даъват этувчи чиқишлари, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ва маънавият ҳақидаги нутқлари орқали минглаб инсонларни, айниқса, ёшларни кўпроқ китоб ўқишга ундамоқда.

Бироқ у ҳам ҳар бир оммавий шахс сингари танқидларга дуч келди. Албатта, танқидлар табиий ҳол, айниқса, жамоатчилик диққат марказида бўлган инсон учун. Хайрулла Асадов китобга бўлган муҳаббатни кенг оммага етказишда замонавий, халқона ва таъсирли усулларни қўлламоқда. У олим эмас, маърифат йўлида фидойилик қилувчи шахс. Кўпчилик унинг қарашларида илмий ёндашув ва исботлар йўқлигини таъкидламоқда. Бу бир томондан тўғри. Лекин у ўз ҳаёт тажрибаси ва ўқиган китоблари орқали хулоса чиқаряпти, мисоллар келтиряпти. Бу амалиётга асосланган, халққа яқин услуб.

 

Ижтимоий тармоқларда китоб сотувчиси машҳур бўлиш билан бирга, китобни эмас, ўзини ва фаолиятини тарғиб қилаётгани ҳақида ҳам танқидий фикрлар билдирилди. Бугунги ахборот технологиялари асрида рақамли тўлқинда ажралиб туриш учун ҳар қандай шахснинг аудиторияга мос визуал ва муҳокамабоп форматда чиқиши талаб этилади. Чунки бу замон талаби. Шунингдек, Хайрулла Асадовнинг шахси китобга бўлган садоқат билан танилган. Агар шахс орқали китобга муҳаббат уйғонса, бу  маърифат улашишда энг самарали усул.”Тирик китоб” ўзини эмас, шахсий намунаси орқали китобни ҳаёт тарзи сифатида ҳамда китобларни шунчаки ўқиш эмас, балки ўқилган ғояларни ҳаётда татбиқ қилишни тарғиб қилмоқда.

Албатта, танқидлар ривожланиш ва холислик учун керак. Бироқ китоб ўқиш, уни тарғиб қилиш, жамиятни маърифатга етакловчи, илмли инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга эргашиш ва тўғри хулоса чиқариш керак. Зеро, китоб инсон онгини уйғотади, маънавий дунёсига нур олиб киради.

Фазлиддин Рўзибоев.

Мақолалар