Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд, (буни) эслаб кўрсалар!” (Аъроф сураси, 26-оят) дейди.
Бироқ бугун айрим йигит-қизларнинг кийинишларида очиқ-сочиқликни кўрамиз. Ачинарлиси, аёлнинг эркакка хос кийиниши урф бўлди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (кийинишда) ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатладилар”, дейилади (Имом Бухорий ривояти).
Либос соҳибининг диди, дунёқараши ва тарбиясидандир. Билиб-билмай маъноси салбий бўлган ёзувли ёки “мода” дея йиртиқ-ямоқ кийиниш инсонни обрўсизлантиради. Шунинг учун ҳам миллий қадриятларимизда, динимизда кийиниш маданиятига алоҳида аҳамият берилган.
Либос харид қилаётганимизда тасвирларига эътибор бериш керак. Масалан, айрим футболкаларда калла суяги, тамаки, спиртли ичимликлар тасвири бор. Баъзиларидаги хориж тилида ёзилган ёзувнинг маъносидан уялиб кетасиз. Афсуски, болаларимиз менга шу ёқди, дея харид қилиб олишади. Масалан, йўл бўйидаги кийим дўкони ёнидан ўтиб кетаётсам, ўғлининг хархашасидан безор бўлган она: “Буни қандай киясан, кунлар совуқ бўлса, қара, ҳамма жойи йиртиқ?! Шу аҳволдаги кийим яна қиммат”, дейди. Менинг назаримда бу бола кимгадир ҳавас қилиб, шу либосни олиш ниятида. На саломатлигига, на маданиятига манфаатли бўлмаган бундай либосларни олиб бермаслик учун боламизнинг қизиқишларини ўрганишимиз, йўлга солишимиз керак.
Хўш, бу ҳолга қандай чек қўйиш мумкин?
Тарбия оиладан бошланади. Ота-она фарзандига ибрат бўлиши керак. Боламиз учун кийимлар харид қилишда эътиборли бўлайлик. Нобоп кийинган таниш-нотанишларга насиҳат қилиш, кези келса, дакки беришдан асло эринмайлик. Бола кийинишида кимга тақлид қиляпти? Буни назорат қилайлик.
Яна шуларни ҳам билиб қўйиш фойдалидир: кийимни ўнг томондан бошлаб кийиш – суннат амал. Либос кийганда айтиладиган дуо ҳам бор: “Алҳамду лиллаҳиллазий касааний ҳаза ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний валаа қувваҳ”. Яъни, “Барча ҳамду санолар менинг ўзимда ҳеч қандай куч-қудрат ва имконият бўлмаган ҳолда бу либосни менга кийдирган ҳамда ризқ қилиб берган Аллоҳга хосдир”.
Юлдузхон АБДУРАҲМОНОВА,
Қўқон шаҳридаги “Ашурали Зоҳирий” маҳалласи отинойиси.
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.